МХХнинг собиқ подполковниги Нодир Тўрақулов озод қилинганми?
“Ҳозир менга Андижондаги манбадан хабар келди. МХХнинг садист жаллоди, адлия подполковниги Нодир Тўрақулов турмадан уй қамоғига ўтказилибди. Яъни деярли озод этилибди. Айни пайтда унинг қурбони – журналист ва блогер Бобомурод Абдуллаев Бишкекдан Тошкентга экстрадиция қилинди ва у давлат ҳокимиятига тажовуз айблови остида қолмоқда.

Бу сизга ғалати туюлмаяптими? Ахир номаълум блогер “Қора мерган” жиноятлари учун умрлик муддатга қамалган ўзбек “гэби”си садистлари ва коррупционерлари озодликка чиқарилгани ҳақида ёзганди.
Эй, президент, сен нима қиляпсан? Ёки Пиночет ва унинг бугунги Беларусдаги ҳамтовоғи Лукаш каби найзага таянмоқчимисан?» дея ёзди Швейцарияда яшовчи собиқ дипломат Алишер Таксанов.

“Элтуз” ҳозирча бу хабарни тасдиқлай олмади, бироқ бир неча ҳафта олдин МХХнинг собиқ подполковниги Нодир Тўрақуловнинг озод этилгани ҳақида ўзининг манбасидан маълумот олган эди.
Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати (ҳозирги Давлат хавфсизлик хизмати) собиқ терговчиси подполковник Нодир Тўрақулов 2018 йилда 16 йилга озодликдан маҳрум қилинди. У Жиноят кодексининг 11 та моддаси, жумладан, таъмагирлик, ўзлаштириш, порахўрлик, ҳужжатларни қалбакилаштириш, айбсизларни жавобгарликка тортиш, қийноқлар қўллаш, ҳокимият ваколатларини суиистеъмол қилиш каби жиноятларда айбдор деб топилган эди.
Eltuz.com