Конституция қуруқ шиор эмас, аввало, унга риоя қилиниши лозим!
7 декабрь куни президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Конституциясининг 28 йиллигига бағишланган тантанали йиғилишда нутқ сўзлади.
“Cизларни улуғ айём – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман”, деди президент.
Унинг тилидан “Янги Ўзбекистон!”, “Учинчи ренесанс!” каби дабдабали жумлалар янгради.
Залдагилар ўз янги лидерининг маърузасидан ақлини йўқотиб гулдурос қарсаклар чалиши фонида Шавкат Мирзиёев шахсан жавобгар бўлган, Конституцияда белгиланган камида иккита муҳим банднинг чекланишига диққат қаратамиз.
Уларнинг бири Конституциянинг 37-моддасида кўрсатилган меҳнат ҳуқуқларининг бузилишига оид.
Ҳар йили Шавкат Мирзиёевнинг шахсий буйруғига кўра туман ва вилоят ҳокимлари аграр соҳага алоқаси бўлмаган турли касб эгалари – тиббиёт ходимлари, педагоглар, талабаларни мажбурий тартибда пахта теримига сафарбар қилишлари лозим.
Улар пахта теримидан бош тортган тақдирда на Конституцияда, на бошқа қонунларда ёзилмаган қоидаларга кўра жазоланишлари мумкин.
Конституциянинг ҳукумат раҳбари томонидан бузилаётган айни 37-моддасида эса «суд ҳукми билан тайинланган жазони ўташ тартибидан ёки қонунда кўрсатилган бошқа ҳоллардан ташқари мажбурий меҳнат тақиқланиши” алоҳида таъкидланган.
Ўзбек форуми 2020 йил йиққан дастлабки далиллар пахта терими мавсумида мамлакат бўйлаб мажбурлаш ва товламачилик ҳолатларини тасдиқлайди.
Ушбу далиллар шу кунгача эришилган тараққиётни уюшмалар
эркинлиги, сўз эркинлиги ва бошқа асосий инсон ҳуқуқларини
мустаҳкамлайдиган кенгроқ ислоҳот дастуридан ажратиб туриш
қийинлигини кўрсатади.
Конституциянинг Шавкат Мирзиёев томонидан оёқости қилинишига иккинчи мисолни унинг 29-моддаси бузилишида кўришимиз мумкин.
Шавкат Мирзиёев 2006 йили Ўзбекистон ТИВ аккредитациясини олмаган ўзбек фуқароларига халқаро ОАВларда ишлашни тақиқлаш тўғрисида қарор чиқарди.
Мирзиёев ўз қарори билан эркин фикрловчи журналистларга цензура бўлмаган хорижий нашрларда мақола чоп этишни тақиқлади ва уларда мақолаларини аноним тарзда ёзиш ёки тахаллус қўллашдан бошқа чора қолмади.
Конституциянинг мазкур моддасида “ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга” эканлиги, шунингдек, “ҳар ким ўзи истаган ахборотни излаш, олиш ва уни тарқатиш ҳуқуқига эга”лиги айтилади.
Ҳар йили мамлакатдаги ўз фикрига эга бўлган кўплаб шахслар, журналистлар Конституциянинг айни моддасида кўзланган ҳуқуқларининг бузилишидан жабр кўришади.
Ҳақиқий журналистлар Мирзиёев қарори туфайли фош бўлишдан қўрқишади, гарчи улар эмас, аслида Мирзиёевнинг ўзи Конституцияни бузмоқда.
Ўзбекистонда Конституцияда кўрсатилган мамлакат ватандошларининг эркинликлари юқорида келтирилган холатлар каби турли қонуности актлар билан чекланиб келинади.
Ҳолбуки, Конституциянинг 3-бобида “бирорта ҳам қонун ёки бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжат Конституция нормалари ва қоидаларига зид келиши мумкин эмаслиги” айтилган.
Eltuz.com