close
close
Асосий мавзулар
14 октябр 2019

Cенат раиси “тушунмаётган” ҳақиқатлар

close

Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоева “катта маблағ ва бошқа ресурслар эвазига саҳрога айланган Орол денгизи ҳудудида турли дарахтлар экилаётган бир шароитда айрим ҳудудларда дарахт ва буталарни ноқонуний ва аёвсиз кесиш ҳоллари рўй бераётгани мутлақо тушунарсиз” эканини билдирди.  

Тушуниш қийин эмас аслида буни. Тушуниш учун халқнинг бугун қандай ҳаёт кечираётганини билиш кифоя. Ўшанда “ноқонуний ва аёвсиз кесиш”ларнинг асл сабаблари мана-ман деб кўриниб қолади.

“Бу мантиққа тўғри келмайди”, дейди ўзининг “тушунмагани”ни хулосалаб Сенат раиси. 

Танзила Норбоева мантиғини топа олмаётган кес-кесларнинг асл сабабларини эса реал ҳаётнинг ўзи ҳар куни кўз-кўз қилиб турибди.

Ҳали кун совимасданоқ электр ва газ таъминотидаги тез-тез узилишлар, айрим ҳудудларда эса газнинг умуман йўқлиги амалдорлар тушунмаётган “мантиқсизлик”нинг мантиғидир. 

Аслида электр ва газсиз халқ яшаб қолиш учун шу йўл билан курашмоқда. Уларнинг танлови жуда мураккаб – ёки дарахт кесиб, қаҳратон қишни бир амаллаб ўтказиб олиш, ёки ўзию бутун оиласи шамоллаш билан боғлиқ турли касалликларга чалиниши.

Электр ва газсиз халқнинг бир қисми уйидаги бола-чақасининг ризқи бўлган мевали дарахтларни кесиб ёқиб бўлди. Тутларга ҳам қирон келган.

Чўл ҳудудидагилар саксовул ва юлғун кесмоқда. Чунки ҳатто таппи қилишга гўнг топиш ҳам муаммога айланган. Зеро, гўшт қимматлашиши мол-ҳол камайганидан даракдир. 

Биргина Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат инспекцияси жорий йилнинг шу давригача Қизилқум барханларидаги саксовул ва юлғунларни кесиб кетаётган қарийб 200 кишини аниқлаган.

Мавжуд қонунчиликда дарахтлар, буталар кабиларни ғайриқонуний равишда кесиш фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш кўзда тутилган.

Аммо шундай катта жарималар ҳам яшаб қолиш учун курашаётган халқни бу қонунбузарликлардан тўхтатиб қолишга қодир эмас. 

Оддий халқ тақдирига тан бериб, саксовул кесишдан ўзини тийса, бу ишни бизнесга айлантирганлар саҳнага чиқади. Улар коррупционерлар билан бир тизим яратиб ишлайди. 

Масалан, тоғли ҳудудларда ўтинчи “бизнесменлар” гуруҳлари бор. Улар қўриқхоналар, ўрмонлар қоровуллари билан тил бириктириб, арчаларга қирон келтиради.

Кесилган арчалар электр ва газсиз халққа, умумий овқатланиш шохобчалари эгаларига пулланади. 

Сенат йиғилишида айтилишича, дарахтларни ноқонуний кесиш бўйича Сурхондарёда 509 та, Қашқадарёда 368 та, Бухорода 271 та, Фарғонада 224 та, Хоразмда 187 та, Самарқандда 161 та, Тошкент шаҳрида 203 та ҳолат аниқланган.  

Афсуски, сенаторлар барча айбни “аҳолининг экологик-ҳуқуқий маданияти даражасининг пастлиги”, браконьерларнинг ўз манфаати ва эҳтиёжлари”ни кўзлаётганига йўймоқда. 

Асл сабаб эса шу каби зўрма-зўраки хулосалар, баҳоналар соясида қолиб кетяпти.

Ўзбекистон Орол фожеасининг асоратларини юмшатиш мақсадида юзлаб минг гектар ерга саксовул, юлғун каби буталар экиш лойиҳасини амалга оширмоқда. Бунинг учун миллиардлаб маблағ сарфланяпти.

Энди юқорилардан келиб чиқиб, сенаторлар тушунмаётган мантиқсизликка мантиқ излаб кўрсак.

Мантиқ шуки, аҳолига оддий яшаш шароитлари яратиб бериш, яъни электр ва газ таъминотидаги узилишларни бартараф этилса, “ноқонуний ва аёвсиз кесиш”лар ҳам камаяди.

“Элтуз”

Тағин ўқинг
27 декабр 2016
Телеграмда тарқалган видеода Тошкентнинг ТТЗ бозорида каллаи саҳарлаб тухум олиш учун навбатда турган тумонот одамни кўриш мумкин. Изохларга кўра, ...
3 сентябр 2019
Самарқандда 27 август куни ўтган “Шарқ тароналари” фестивали арафасида дайди итлар ва мушукларнинг оммавий ўлдирилиши ижтимоий тармоқларда жамоатчилик норозилигига ...
21 январ 2019
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева 21 январь куни ўзининг 62 ёшга тўлган кунини Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси олдида ҳокимларнинг ...
10 октябр 2017
Президентлигининг дастлабки даврида ўзини ислоҳотчи сифатида кўрсатган Мирзиёевнинг шаҳди бугун анча сўнган, обрў-эътибордан тушган кўринади. Бу айниқса журналист Бобомурод ...
Блоглар
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ...
27 январ 2020
Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган.  ...
20 январ 2020
Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенатига сайланганларнинг аксарияти, тўғрироқ айтганда, асосий ролдагилар яна ўша эски амалдорларнинг ўзларидир. ...