Туризм номи билан фермерларга босим ва ноқонуний мусодаралар
Озодлик нашрининг хабар беришича, Тошкент вилояти Паркент туманидаги фермерлар ерларининг оммавий равишда тортиб олиниши тизимли муаммолар ва мансабдор шахсларнинг қонун устуворлигига нисбатан беписанд муносабатини яққол намоён этмоқда. Расмий ҳужжатларда туризмга ажратилган майдон 494 гектар деб қайд этилган бўлса-да, фермерлар айтишича, ҳокимлик мутасаддилари бу баҳона орқали 3 минг гектаргача боғ-майдонларни “давлат захираси”га ўтказишга уринаётгани кузатилмоқда.
Маҳаллий «Антикоррупция» ОАВ нашри билан гаплашган фермерларнинг сўзларига кўра, Паркент тумани ҳоким Сардор Исоқулов, туман прокурори Жасур Ҳайитбоев ва ИИБ бошлиғи уларни навбатма-навбат чақириб, “ихтиёрий равишда” ердан воз кечишга мажбурламоқда, ёлғон мониторинг далолатномалари орқали турли айбловлар тўқиб чиқарилмоқда. Айрим фермерлар судга чақирув қоғози олмасдан, ҳатто йиғилишда қатнашмаган ҳолда, ер ижара шартномалари бекор қилинганини кейин билиб қолган. “Агар ерни бермасанг, эртага аҳволинг ёмон бўлади”, “беш-олти йил айланиб келасан” каби таҳдидлар фермерлар билан юзлашмоқда:
Фермер: Босим қаттиқ бўлаяпти. Фермерлар Тошкентга бориб, Фермерлар кенгашига дардларини айтганидан сўнг, уларни тумандаги Ички ишлар бўлимига бирма-бир чақириб, “бошқа ҳеч қаерга шикоят қилмайман” деган мазмунда тилхат ёздириб олиняпти. Мендан ҳам шундай тилхат олди. Масалан, прокурор Жасур Ҳайитбоев кўпчилик олдида қонуний ва мулойим гапиради, лекин хонасига чақириб, ёлғиз қолганда қаттиқ босим ўтказади. “Агар ерингни ихтиёринг билан топширмасанг, барибир қаматаман, беш-олти йил айланиб келасан”, деб очиқча дағдаға қилади. Эшитишимизча, биздан тортиб олинаётган боғлар ўзини Танзила Норбоеванинг жияниман деб юрадиган Нуриддин Баҳовуддинов ва ўзини Абдулла Ариповнинг жияниман деб таништираётган тадбиркор Козим Ниёзовга берилар экан.
Бу ҳолат нафақат оддий инсонларнинг кўп йиллик меҳнати ва тирикчилигига зарар етказмоқда, балки президент қарорларининг ноқонуний талқин қилиниши, суд ва прокуратуранинг манфаатдор мансабдорлар тарафини олаётгани ҳақидаги жиддий шубҳаларни кучайтирмоқда.
Республика Фермерлар кенгаши ҳуқуқшуноси Чорихон Қодиров бу жараёнда прокурорнинг иштирокини ноқонуний деб баҳолаб, ҳокимлик билан биргаликда фермерларни мажбурий ариза ёзишга даъват қилинган ҳолатни қатьий қоралади. Фермерлар эса тортиб олинаётган боғлар реал туристик лойиҳа харитасига кирмасдан, кейинчалик “таниш-билишлар”га ўтиб кетиши мумкинлигини айтишмоқда.
Фермер: Паркент тумани ҳокими ва прокурори куракка сиғмайдиган гаплар билан фермерларни қўрқитиб келмоқда. Судларда эса сувсиз лалми ер эгаларига “сув билан шартнома қилинмаган”, “кўчат экилмаган”, “чеканка қилинмаган” каби мутлақо асоссиз даъволар илгари сурилмоқда. Ваҳоланки, барча боғлар елим бочкалар қўйилиб, машинада сув ташиб кўкартирилган. Судлар эса “дастурга тушган ерлар” деган баҳона билан фермерларга сиртдан қарор чиқарган, ҳолбуки қарор чиқарилган контурлар Президентнинг 228-сонли қарорида ҳам, дастур ҳам йўқ экан.
Обуна бўлинг: https://t.me/UzFoHR
