close
close
Document UZ
24 октябр 2019

Мажбурий меҳнатга қарши навбатдаги кампания

close

Буюк Британияда ҳуқуқ ҳимоячилари-ҳуқуқшунослар жамоаси ўзбек пахтасига имтиёзли тарифлар қўлланишини қайта кўриб чиқиш талаби билан судга мурожаат этди. 

Уларнинг таъкидлашича, бу имтиёзлар мажбурий меҳнатдан фойдаланилган ҳолда етиштириладиган мазкур маҳсулот импортига кўмак бермоқда.

The Guardianнинг ёзишича, ўзбек пахтаси юз минглаб инсонларнинг ғўза экиш ва ҳосилини йиғиб олиш даврида қулларча ишлатилишининг маҳсулидир.

UGF раҳбари Умида Ниёзова

Ўзбек пахтасига қарши кампанияни Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми (UGF) ва Юридик ҳаракатлар глобал тармоғи (GLAN) бошлаб берди. Улар суд харажатларини қоплаш учун краудфандинг йўли билан маблағ йиғишга киришди. 

“Рейтерс” судга қилинган бу мурожаатга “Ўзбекистондан пахта импортига оид тарихий даъво”, дея баҳо берди ва юристлар фикрига таяниб, мазкур мурожаат мажбурий меҳнат эвазига етиштирилган товарларни Европа Иттифоқига олиб киришга чек қўйишга йўл очишини маълум қилди. 

Ўзбек пахтасининг ЕИга имтиёзли равишда олиб кирилиши мазкур тузилма қоидаларига зиддир ва унинг 28 аъзоси мажбурий меҳнатга асосланган давлат тизимига кўмак бераётганини англатади, деб ҳисоблайди UGF ва унинг ҳамкорлари. 

UGF раҳбари Умида Ниёзованинг таъкидлашича, Ўзбекистон-Германия инсон ҳуқуқлари форуми 2018 йилда йилда қарийб 400 минг киши пахта қуллигига дучор этилганини аниқлаган. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ишонтиришига қарамай, 2019 йилда ҳам ўқитувчилар, ҳарбийлар, давлат хизматчилари, пенсионерлар ва талабаларнинг мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани ҳақидаги хабарлар келиб турибди. 

Буюк Британия Ўзбекистондан кўп пахта импорт қилмайди. Аммо UGF ва ҳамкорларининг ишонишича, суд қарори Буюк Британияга болалар меҳнати ёки мажбурий меҳнат эвазига ишлаб чиқарилган ҳар қандай товарни олиб киришни чекловчи янги қонунчиликка асос яратиб беради. 

“ЕИ нафақат ўзбек пахтаси, эҳтимолки, мажбурий меҳнат эвазига ишлаб чиқарилган бошқа турли товарларни импорт қилишга рухсат беряпти, балки уларни имиёзли тарифлар орқали қўллаб-қувватлаяпти ҳам”, дейилади GLAN сайтида эълон қилинган баёнотда. 

Ривожланаётган давлатлар учун бундай тарифлар мажбурий меҳнат билан боғлиқ вазият янада оғирроқ бўлган 1992 йилдан буён қўлланиб келинади. 

Судга киритилган даъвода ўзбек пахтасини ЕИ мамлакатларига импорт қилиш ноқонуний ҳисобланиши, чунки тузилма Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазиятини ўрганмасдан ва халқаро ҳуқуқ меърларига риоя этмасдан бундай имтиёзли тарифларни қўллаётгани таъкидланади. 

Адвокатлар Лондон маъмурий судига киритилган даъво бўйича ғалабага эришишга ва бу иш қарори ЕИнинг барча мамлакатлари учун мажбурий тусига эга бўлган Люксембургдаги Европа судига ўтказилишига умид қилмоқда. 

“Даъво қаноатлантирилса, бу мажбурий меҳнат билан “булғанган” барча турдаги товарлар учун тегишли оқибатларни келтириб чиқаради”, деб ҳисоблайди GLAN юристи Жерри Листон.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
2 октябр 2015
29 сентябр куни ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари Елена Урлаева ва Малохат Эшонқуловалар Хоразм вилоят Хазорасп ТИИБ милиционерлари томонидан ушланган ва ...
26 феврал 2018
Тарихчи олим Анвар Назир “Элтуз” нашрига Қўқонда бу йил Қўқон мухториятининг 100 йиллиги тадбирини ўтказишга рухсат берилмаганини билдирди. “Мен ...
17 феврал 2016
Бундан илгари Каниза (Aҳмeдoвa Шaҳризoдa Фaрҳoдoвнa) ўзининг Porsche Cayenne машинасининг ойнаси синдирилгани, қимматбаҳо 12000 долларлик Vertu мобил телефони ўғирланганидан ...
27 май 2017
“Миллий тикланиш” газетаси (24.05) Бухородаги қадимий кўчага Каримов номини бериш ҳақидаги партиянинг таклифи вилоят кенгаши томонидан “бир овоздан маъқуллангани”ни ...
Блоглар
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ...
27 январ 2020
Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган.  ...
20 январ 2020
Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенатига сайланганларнинг аксарияти, тўғрироқ айтганда, асосий ролдагилар яна ўша эски амалдорларнинг ўзларидир. ...