Хоразм ИИБ Маҳмуд Ражаб ва блогерни йўл қоидасини бузганликда айблади
Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати 23 сентябрь куни адолат истаб Тошкентга Пўлат Бобожоновнинг қабулига пиёда отланган гурланлик шоир Маҳмуд Ражаб ва унинг тарафдорлари ҳаракатини қоралаб расмий муносабат билдирди.
ИИБ билдиришига кўра, Маҳмуд Ражаб 20 сентябрь куни “терговга бир неча маротаба чақирилишига қарамасдан, терговга келишдан бўйин товлаган”, яқинларини атрофига тўплаб “келгусида ҳеч қандай тергов органларига бормаслигини билдириб”,, видеосини facebook саҳифасига жойлаштирган.
Маҳмуд Ражабдан ташқари ИИБ матбуот хизмати Тошкентга юришни видеога олиб тарқатган “аҳолини давлат органларидан норози бўлишга ундовчи” блогер Нафосат Оллошукурова ҳаракатларини ҳам қоралаган.
“Улар билан Урганч шаҳри ҳокими учрашиб, намойишларни ўтказиш учун тегишли тартибда рухсат олиш кераклигини ва бу намойишлар бошқа шахсларнинг кундалик турмуш тарзига салбий таъсир этмаслиги лозимлигини тушунтирган бўлса-да, улар давлат органларини обрўсизлантиришга, фуқароларнинг уларга ишончини йўқотишга қасддан ҳаракат қилиб, шовқин-сурон кўтариб, омманинг эътиборини ўзларига қаратишга уриндилар ва бу жараёнларни тўлиғича ижтимоий тармоқларда жонли тарзда ёритиб бордилар”, дейилади, жумладан, ИИБ хабарида.
Хоразм вилояти ИИБ матбуот хизмати ўз муносабатида йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузганлик учун амалдаги қонунчилигимизда жавобгарлик белгиланганлигини эслатган.
Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда асоссиз айбланиб терговга тортилганидан ва қарийб ярим йилдан буён безовта қилинаётганидан норози Маҳмуд Ражаб 20 сентябрь куни бундан буён ИИБ ходимлари сўроғига жавоб беришни истамаслигини билдирган эди.
Eltuz.com