close
close
Cатира
25 феврал 2022

Нега ўзбеклар орасида жиноят ва уруш тарафдорлари кўп?

close

Ўзбек интернетини кузатсам, экстремал ғояларни, жиноят ва урушни қўллаб-қувватловчилар жуда кўплигига эътибор бераман. Фақат путинпарастларни назарда тутмаяпман, турли қараш вакиллари бор. Бирор теракт, уруш, ёмон воқеа бўлса, «Баттар бўлишсин», «Қирилиб битишсин» деб заҳарханда қилиб ўтирадиган одамларни кўриб, даҳшатга тушаман. Улар бизнинг орамизда яшаётган, ишга, ўқишга бориб келаётган, оиласи бор, бола-чақаси бор оддий одамлар. Лекин интернетга кириб, очиқчасига агрессияни ва ваҳшийликни олқишлаб ўтиришади.

Россия бошида турган бугунги кучларни қўллаб-қувватловчи одамлар Ўзбекистонда жуда кўплигини, балки юз минглаб ватандошларимиз рус пропагандасининг қурбони бўлаётганини ҳеч ким инкор этмаса керак. Интернетда Россиянинг Украинага бостириб киришини олқишлаётган, Украина ва умуман прогрессив инсониятни қўллаб-қувватлаётганларни масхара қилиб, «Қандай бўлди энди буёғи?» деётганлар тиқилиб кетган. Қанақасига, қачон орамизда яшаётган шунча инсон инсоний қиёфасини йўқотишга улгурди? Улар ғайриинсоний кучларни, қотиллик ва жиноятни қўллаб-қувватлаётганини нега тушунмаяпти?

Бунинг сабаби иккита деб ўйлайман.
Биринчидан, эшитиш ва тан олиш қийин бўлмасин, бу жамиятимизнинг умумий савияси пастлигидандир. Озодлик мухбири Алламжонов билан интервьюда бу ҳақда гапирганида, кимлардир норози бўлиб, ўзбек халқини ҳақорат қилди деб юрганмиди? Мен ҳам ўша гапни такрорлаб, ўзбек жамиятининг умумий савияси пастлигини эътироф этаман. Буни ҳақорат ёки масхара учун айтмаяпман, балки шу жамиятнинг бир бўлаги сифатида буни муаммо сифатида кўряпман, ўз хавотиримни билдиряпман.

Одамларимиз XXI асрда яшаб туриб, унинг имкониятларидан етарли фойдаланмаяпти (ўз хоҳишига кўра) ёки фойдалана олмаяпти (шароит шунга мажбур қиляпти). Мактабларда таълим издан чиққан, университетларнинг катта қисмида ҳеч нарса ўргатишмайди, ОАВ ва блогосферанинг савияси ачинарли аҳволда, расмий сиёсат, расмий илм-фан, маданият ва санъат қўрқинчли даражада кулгили ва савиясиз пропаганда ва олғаватанчиликдан нарига ўта олмайди, аллақачон теша теккан, жамиятга ҳеч қандай прогресс ва янгилик, мушоҳада учун озуқа тақдим эта олмайдиган фикр ва қарашларни ёяди. Бунақа муҳитда танқидий фикрлай оладиган, дунёқараши кенг бўлиб етишишнинг ўзи бир қаҳрамонликдай гап. Шунинг учун бу савиясизликни кимнингдир шахсий айби дейишдан тийилган бўлардим. Лекин, шунга қарамай, факт фактлигича қолади: охирги ўн йилликларнинг сиёсати, кўплаб сиёсий, иқтисодий, маданий, объектив ва субъектив омиллар туфайли ўзбек жамияти прогрессив жараёнлардан узилиб, ўзига ярашмайдиган даражада юзакилашиб қолган. Демократия, умуминсоний қадриятлар, инсонийлик, халқаро ҳуқуқ, ўзаро ҳурмат, инсон ҳуқуқлари, танқидий мушоҳада ва формал мантиқ нималиги тушунтирилмаган одамлар ичидан Путин тугул Гитлерни қўллаб-қувватлайдиган одамлар кўплаб чиқиши ҳайрон қоларли ҳолат эмас.

«Дунёнинг исталган бурчагида бундайлар топилади» десангиз, ҳақ бўласиз. Фарқ шундаки, ривожланган жамиятларда, ҳарқалай, баланс бор.

Иккинчидан эса, интернет ростдан ҳам ҳаётимизни иккига бўлиб қўйган кўринади. Оддий ҳаётда бирор кишининг гапи ёқмаса ҳам, эътироз билдиришга андиша қиласиз, «майли, талашиб ўтирмай» деб, индамай кетасиз, кимдир Россияни ёмонлади ёки АҚШни мақтади деб мушт кўтармайсиз. «Майли, ўзинг биласан» деб кетасиз. Аммо кўринмайдиган, узоқдаги одамнинг фикридан қизишиб кетиш жуда осон. Чунки сиз одамни эмас, интернет алгоритмларини кўряпсиз. Бунақа мулоқот тури одамни дегуманизация қилиши осон. Шунга интернет нафратга ва қизғин баҳсларга тўлиб кетади.

Бунақа вазиятда Россия Украинага қарши уюштирган урушни ҳам, умуман ҳар қандай теракт, ҳарбий ҳаракатни компьютер ўйинидан фарқлай олмай қолиш ҳеч гапмас. Онгости буни реаллик сифатида қабул қилмай қўйса, руҳият анча тинчланади.

Одамларимизга жиноятни, халқаро ҳарбий жиноятни қўллаб-қувватлаш ҳам жиноят эканини тушунтириб қўйиш керак. Бунга жавобгар инстанциялардан ёки прогрессив зиёлилардан реакция кутяпман.

Элдор Асанов

Блогернинг телеграмм саҳифасидан

Тағин ўқинг
26 октябр 2015
Қудрат Бобожон Eltuz.com Ижтимоий тармоқда жавлон ураётган дўстларимдан бири ёзғириб қолди. “Группамда роса “тролл” кўпайибди, иккиюзтачасини “блок” қилдим!” Бир ...
25 ноябр 2020
Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳридаги Конституция маҳалласида 500 хонадон бор. Уйлардан чиқаётган тутундан эса кўчада нафас олиб бўлмайди. «Ҳамма топганини ...
23 июл 2018
Пойтахтнинг Олмазор тумани судида 51 ёшли тадбиркор, “Интеграл Инвест” ширкати раҳбари Жаҳонгир Умаров устидан маҳкама 23 июль куни ҳам ...
13 май 2016
Андижон воқеаларидан 11 йил ўтиб, Америка Қўшма штатлари, Европа Иттифоқи ва бошқа халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини жавобгарликка тортиш талабларини ...
Блоглар
28 феврал 2022
27-февралдан 28 февралга ўтар кечаси Вена шаҳар майдони намойишчилар билан тўлди. Улар Украинани қўллаб қувватлашмоқда. ...
26 феврал 2022
Нега ўзбеклар Путинни севади? Бу саволга нормал мантиқ булан жавоб бериш қийин. Ҳозиргина тақирбошлар калтаклаган, ...
25 феврал 2022
“Владимир Зеленский ундан деярли ҳеч ким кутмаган ролни ўйнамоқда: Украинанинг уруш давридаги президенти ролини”, деб ...