Алламжонов 4.2 млн $ тиллани чегарадан қандай олиб ўтди?
17 февраль маҳаллий вақт билан соат 20:06 да SU1974 рейси билан Москванинг Шереметьево халқаро аэропортидан Аэрофлот авиаширкатига қарашли учоқ Тошкентга парвоз қилди.
Самолёт бортида хос мусофир бор эди – Россиялик таниқли дизайнер Джульетта Гурман.
Шереметьево аэропорти ходимнинг @Eltuz га маълум қилишича, 47 яшар Джульетта Гурман божхоначи ва чегарачиларни “рози қилиб”, ўзи билан Тошкентга тилла ва бриллиант зеб-зийнат ва тақинчоқларни олиб кетди.
Учоқ 18 февраль маҳаллий вақт билан 02:30 да Тошкент Халқаро аэропортига келиб қўнди.
Джульетта ҳаяжонда эди. Қисқа вақт ичида катта даромад кўриш ҳар кимга ҳам насиб қилавермайди.
Қиймати 4 миллион 200 минг АҚШ долларига тенг тақинчоқларнинг сирли харидори россиялик дизайнерни кутиб олиш ва ҳеч қандай муаммоларсиз чегара ва божхонадан ўтказиб қўйишга ваъда берганди.
Аммо, ундай бўлмади Джульетта Мухамедовнани ҳушёр ва зийрак ўзбек чегарачилари тўхтатишди.
Джульеттанинг жаҳли чиқди, лекин ўзини йўқотиб қўймади. Дарҳол тақинчоқларнинг сирли харидорига қўнғироқ қилди.
Кўп ўтмай Джульетта олдига сирли харидор кириб келди.
Бу сирли харидор – масс медиа фонди васийлик кенгаши раиси Комил Алламжнов эди.
Джульетта барчани ўнгида Комил Алламжоновни тожикчалаб сўка бошлади.
“Россиядан олиб ўтилишига мен кафолат бергандим. Ўзбекистон чегарасидан ўтказишга сен ваъда бергансан-ку, б…ь. Энди бу ердан ҳам мен ўтказишим керакми, к.т?”, дея Алламжоновни ҳақоратларди Джульетта Муҳамедовна.
Президентнинг собиқ матбуот котиби тезда аэропорт раҳбарияти билан музокараларни бошлаб юборди.
“Мен бу тиллаларни сотгани эмас, совғага олиб келдим,” дея аэропорт раҳбарларига босим ўтказа бошлади у.
Ва ниҳоят, кечга бориб, Комил Алламжонов 4,2 миллион долларлик дизайнер тақинчоқларни олиб чиқиб кетди.
@eltuz да кўплаб саволлар бор: Комил Исмоилович шунча ноқонуний тилла тақинчоқларни кимга совға қилиши мумкин? 4,2 миллион долларлик тиллани контрабанда йўли билан чегарадан олиб ўтишга аэропортда ким рухсат берди? Сарой журналистлари ва блогерларининг паноҳгоҳи Комил Алламжонов ноқонуний тилла бизнесини ҳам йўлга қўйдими?
Бу саволларга Элтуз матбуотга очиқлигини доимо фахр билан гапирадиган Комил Алламжоновдан жавоб кутаётган пайтда, 21 февраль куни тармоқдаги саҳифасида Алламжонов «Ижтимоий тармоқларда бир тийинга қиммат сайтлар тарқатаётган хабарлар»нинг ҳаммаси ёлғон дея изоҳ қолдирди.
«Агар улар айтган ҳолат бўлганида, мени аллақачон юмалоқ ёстиқ қилиб юборишган бўлар эди, тавба қилдим. Чунки мени қонун бузишимни интиқиб кутиб ўтиришади. Кавлайвериб, кавлайвериб, ҳеч нарса топилмагач, гоҳида шундай эртаклар тўқишади. Ва бу эртакларга ҳаммани ишонтиришга ҳаракат қилишади. Мен нафақат божхона, балки ҳатто йўл қоидаларини ҳам бузишга қўрқиб тураман» дея писанда қилган жумладан Комил Алламжонов.
Бироқ, эски одатига кўра Алламжонов, қайси сайт хабар тарқатгани ва бу хабар нима ҳақида эканини очиқламаган. Бу хабар дастлаб Элтузнинг телеграм каналида эълон қилинган, эртаси куни бошқа сайтлар кўчириб босган эди.
Eltuz.com