Тошкентга юриш қатнашчилари автобусга босиб олиб кетилди
Адолат истаб Тошкентга, ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновнинг қабулига пиёда оммавий тинч юриш қилган гурланлик шоир ва журналист Маҳмуд Ражаб ва унинг 20 кишидан ортиқ қариндошларини орган ходимлари автобусга куч билан тиқиб, номаълум томонга олиб кетишди.
Уларнинг қўлларидаги барча алоқа воситалари олиб қўйилди. Ушбу хабарни “Элтуз”га ўз шахсини очиқламаслик шарти билан воқеа гувоҳларидан бири етказди.
Шаллақи аёллар ҳужуми
Воқеа гувоҳларидан бирининг “Элтуз”га билдиришича, ИИБ ходимлари блогер Нафосат Оллошукуровани (фейсбукда – Шабнам Оллошукурова) калтаклашган. Оллошукурова каналига қўйилган сўнгги видеода юриш қатнашчилари йўлини тўсган гуруҳ ва қора рўмол ўраган барзанги бир аёл унга ташланаётганини кўриш мумкин.
“Ҳоким ва унинг одамлари бизни уришяпти. Халқаро ташкилотлардан ёрдам сўраймиз”, дейди Нафосат Оллошукурова ўз видеосида.
ИИБ ходимлари хавфсизликни таъминлашдими?
23 сентябрь эрталаб юриш бироз кечикиш билан Урганч-Хонқа йўналиши бўйлаб давом этди.
Воқеаларни жонли ёритаётган Нафосат Оллошукуровани ДХХ ходимлари чақириб олиб, оиласига таҳдид қилиб, унга босим ўтказишгани боис юриш қатнашчилари бир муддат уни кутиб қолишган эди.
Дастлаб хавфсизликни сақлаш мақсадида ҳаракатни ички ишлар бўлими ходимлари кузатиб боришди. Урганч-Хонқа йўлида яна бир оила қўшилгани айтилди.
Кейинги чиқишида Оллошукурова Хонқа йўналиши бўйича магистрал йўлда боришаётгани ва ИИБ машиналари энди “хавфсизликни таъминламай” қўйганини билдирган.
Урганч шаҳри ҳокими билан учрашув
Тошкент вақти билан соат 11.30 лар атрофида юриш иштирокчилари олдига Урганч шаҳри ҳокими Шуҳрат Абдуллаев етиб келди.
Сал ўтмай провокация бошланди. Юриш иштирокчиларига қарши куч ишлатилди. Жонли ёйин ёритаётган Нафосат Оллошукурова уни уриб ташлашганини билдирди. Шундан сўнг жонли ёйин тўхтади.
Муҳаммад Солиҳ асарларини Ўзбекистонга олиб кирганликда асоссиз айбланиб терговга тортилган Маҳмуд Ражабни олиб кетиш учун 20 сентябрь куни милиция капитани Бекчанов бошчилигида Хоразм вилояти ИИБ ходимлари келишган. Бироқ шоирнинг маҳалладошлари уни милиция олиб кетишига қаршилик кўрсатишган эди.
Eltuz.com