close
close
Асосий мавзулар
30 сентябр 2019

“Биз бахтли бўламиз худо хоҳласа…”

close

Шанба куни Берлин марказида айланиб юриб, тасодифан бир никоҳ тўйининг гувоҳи бўлдим. Тўй кортежи кажавали биттагина велосипеддан иборат эди.

Тўйда келин-куëв билан қўшиб ҳисоблаганда бор-йўғи 8 киши қатнашди. Тўйдаги егулик-ичгулик велосипед кажавасига жо бўлди.

Келин-куëвлар “Элтуз” нашри учун ўз севги ҳикоясини лутфан айтиб беришди.

Куëв 26 ëшда. Унинг исми Вольф, ўзбекчасига Бўривой бўлади. Германия ўнталигига кирадиган IT ширкатда ишлайди. Ойига 10 минг евродан кўпроқ ойлик олади.

Келиннинг исми Линда. 23 ëшда. PR ширкатда дизайнер. Ойига ўртача 3 минг евро олади.

Улар икки йил мобайнида севишиб, бир-бирини яхши танигач, тўй қилиб умр ришталарини боғлашга қарор қилишди.

Тўй тантанаси Берлиндаги бургерамтда никоҳдан ўтиш расмиятчилиги билан бошланди. Яъни улар загсдан ўтишди. Никоҳдан ўтиш шарафига саккиз киши бир шиша шампан шароби ичишди.

Кейин олдига ëғочдан бўлган қути тиркалган биргина велосипеддан иборат тўй кортежи бир пайтлар Германияни иккига ажратган девор бўйлаб узанган Шлизишес кўчаси бўйлаб юрди.

Орқада келин-куëвнинг кумуш сочлари қуëшда ялтираб кўринган ота-оналари мамнун қадам ташлайди. Уларни суратга олаëтган туристларга қараб жилмайиб, поз беришади.

Келин-куëвлар Трептов паркига яқин жойдаги турклар бит бозори деб айтадиган эски-туски бозорига боришди. Тошкентдаги Тезеков бозорига ўхшаш бу бозорда ҳар хил ашқол-дашқоллар сотилади.

Шу бозордан куëвбола ўз турмуш ўртоғи Линдага совға олиб берди. Пива қопқоғини очадиган бронзадан бўлган очқич. Кейин улар кўчага чиқиб, бозорга ëндош жойдаги паркда “тўй” қилишди.

Энди тўйни тасвирласам. Ўртада кажавали велосипед турибди. Ичида мева шарбати, пива ва маккажўхори қаламчалари дея билганимиз чипс солинган ялтироқ халтачалар.

Тўй харажатлари. Велосипед куëвболанинг ўзиники. Демак текин. Қути ичидаги егулик ва ичимликлар нархи 40 евро атрофида. Меҳмонлар ўзлари билан шароблар олиб келишган.

Куëвболанинг келинга совғаси қиймати 2 евро. Линданинг олдига бориб, “Элтуз” нашри ўқувчиларига бирор нарса айт, деб илтимос қилдим.

Линданинг айтган гапи айнан мана бундай бўлди: Wir werden glücklich sein, wenn Gott will. Буни таржима қилгач, ўзим ҳайрон қолдим – “Биз бахтли бўламиз худо хоҳласа”.

Муҳаммад Юсуфнинг шунақа шеъри бор эди. Дарвоқе, шу кунларда бу шеърнинг хонанда Азиз Насафий тарафидан қўшиқ қилингани тармоқда баҳс бўлмоқда.

Майли-да, кимгадир
Ёқса, ёқмаса,
Уларга қўшилиб
Йиғлашармидик.
Биз бахтли бўламиз
Худо хоҳласа,
Худо хоҳламаса
Учрашармидик…

Eltuz.com

Тағин ўқинг
21 ноябр 2018
Республика вилоятлари бўйлаб фермерларнинг “давлат хирмонига мўл ҳосил етказиб бериш” қасамёдига келтириши ижтимоий тармоқда кулгига сабаб бўлмоқда. 21 ноябрь ...
13 апрел 2017
“Оила ва жамият” газетаси (12.04) президентнинг пенсионерларга метрода юришни (10.00 дан 16.00 гача) текин қилиб қўйганидан “миннатдор” кексаларнинг “катта ...
22 феврал 2018
Ўзбекистон прокуратураси матбуот бўлими ходими 23 феврал куни телефонда “Элтуз” мухбирига Қодировнинг қамоққа олинмаганини, бошқа яна бир манба эса ...
22 апрел 2016
“Правда востока” газетаси Тошкентда миллий инновация тизими масаласида бўлиб ўтган илмий-амалий анжуманда хорижлик меҳмонлар ҳам иштирок этганини билдирди. Ана ...
Блоглар
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ...
27 январ 2020
Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган.  ...
20 январ 2020
Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенатига сайланганларнинг аксарияти, тўғрироқ айтганда, асосий ролдагилар яна ўша эски амалдорларнинг ўзларидир. ...