close
close
Асосий мавзулар
28 март 2021

Сатторийнинг иши: Саккиз мулозим ва битта блогер

close

Музработ маҳкамаси суд қилаëтган 41 яшар Термизлик фаол Отабек Сатторий Мирзиëв бошқаруви даврда қамалган илк блогеридир. Сатторийга қўйилган айблар жиддий. Бу айблар асосида суд уни узоқ йил қамоқ жазосига ҳукм қилиши мумкин.

Сатторий жорий йилнинг 30 январида ўз уйи дарвозаси олдида ушланган эди. Бу вақтда у Шеробод деҳқон бозори директори Лочин Тўраев олиб келган янги мобил телефонни олиб уйига кираëтган эди. Бу телефон учта жиноятда айбланаëтган Сатторий ишида ягона далилий ашë сифатида қолмоқда. Сатторий таъмагирлик¸ ҳақорат ва тухмат қилишда айбланмоқда.

Отабек Сатторий ишидан кўзланган мақсад бошқа блогерларнинг овозини ўчириш бўлиши мумкин. Бу ҳақда икки ойга яқин ҳибсхонада қолаётган блогерга терговчининг ўзи айтган.

Сўнгги кунларда Отабек Сатторий иши бўйича ўтаётган суд жараёни жамоатчиликнинг диққатмарказида турибди ва  ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Тергов департаментининг маълум қилишича, жиноят ишини тергов қилиш жараёнида Отабек Сатторий саккиз мулозимнинг уларни ишидаги негатив холатини ошкор қилиш билан қўрқитиб, бу орқали моддий манфаат кўриб келганликда, фуқароларга Telegram, Facebook, YouTube орқали туҳмат қилиш, ҳақорат қилиш каби жиноятларни содир этганликда айбланган. 

Aввало, шов-шувга сабаб бўлган “Бозор воқеаси” ҳақида тўхталсак. Отабек Сатторий чиндан ҳам 2020 йилнинг декабрь охирларида тумандаги барча бозорларни Фарҳод исмли таниши билан ўрганишга чиққан. 

Президент Шавкат Мирзиёев 2020 йил 16  октябрь кунги чиқишида бозордаги нарх-наво барқарорлиги ва хавфсизлиги масаласини Бош прокуратура ҳузуридаги департаментга топширгани ортидан блогернинг ижро қай даражада таъминланаётганини текшириш истаги бунга бўлган. 

Кузатиш жараёнида ярмаркалар чиндан ҳам барпо этилмаган ҳамда уларни ташкил этиш 2-3 кундан кейин амалга оширилиши бозор мутасаддилари томонидан блогерларга тушунтирилган. 

Ушбу низо муштлашувга айланиб кетгач, низога ҳоким ҳам аралашган ҳамда иш блогерга бузилган телефони ўрнига янги телефон олиб беришга келишув билан якунланган. 

“Чинора гул барака” МЧЖ (яъни ўша бозор) раҳбари Лочин Тўраев бу келишувга аввал рози бўлган, кейин эса гўё қаттиқ қўрқиб, унинг устидан ички ишлар ходимларига хабар берган. 

Суд жараёнида эса ушбу бозор озиқ-овқат маҳсулотлари сотиладиган эмас, балки кийим-кечак бозори экани ойдинлашган, бироқ унда нега бозор раҳбариятининг бу даражада қўрқиб кетгани ноъмалум. 

Отабек Сатторийга қўйилаётган яна бир айблов уй-жой билан боғлиқ. Сатторий Термиз шаҳридаги Истиқлол кўчасида яшаган. Бу ҳудуд 2018 йилда ҳоким қарори билан янги уйлар қурилиши сабабли бузилишга тушган. 

“Термиз Эко Экспресс лойиҳа” МЧЖ томонидан ушбу ҳудудда 4 ва 5 қаватли уйлар қурилиб, 2020 йилнинг май ойидан сотувга қўйилган. 

Отабек Сатторий томонидан уйлар бузилишига кўп қаршиликлар бўлгани учун туман ҳокими Исроил Худойбердиев блогер билан унга 234.835.000 сўм компенсация тўланиши ҳамда 4-қаватдан 2 та хонадон берилишига келишган. 

Кейинчалик Отабек фикридан айниб, иккинчи қаватдан уй олиш пайига тушиб қолади, бутун муаммо эса шундан бошланади. Бу илтимосни аввалига эътиборсиз қолдирган ҳоким блогернинг интернетдаги тинимсиз чиқишларидан ҳадиксираб, ушбу уйни олиб берса, бошқа интернетга чиқармаслик ваъдасини олгач, ҳомийлик пули орқали блогернинг илтимосини қондиради. 

Уйлар битиб, топширилиши лозим бўлган вақтда эса “Термиз Эко экспресс лойиҳа” МЧЖ раҳбари Тўлқин Шопўлатов Сатторий томонидан тўланган пулнинг камлиги, бироқ блогердан қўрққани учунгина уйни беришга рози бўлганини иддао қилган. 

Тадбиркорнинг блогердан бунчалик ҳадиксираши сабаби ҳам номаълумлигича қолмоқда. 

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий амалий тиббиёт маркази Сурхондарё филиалида ходимлар билан ишлаш мутахассиси лавозимида ишлаб келаётган Мастона Аҳмедова Сатторийнинг у билан ёмон алоқада бўлувчи ҳамкасби Сабоҳат Равшанова билан нохолис интервью уюштиргани, нима учун иккинчи томонни эшитмай, бир ёқлама иш олиб боргани сўраганида, блогердан “у аёл менга пул тўлади, гапига ўзи жавоб беради” қабилида жавоб олганини ва ушбу таҳқирли видеоролик унинг обрўсига салбий таъсир қилганини билдирган.

ФҲДЁ соҳасида фаолият юритиб келаётган Насиба Норбоева эса Сатторийнинг унга нисбатан қилган туҳмати ва интернетда ёлғон маълумотлар тарқатиши туфайли иш жойини йўқотганини иддао қилган. 

“Ҳудудгаз” Сурхондарё филиалида ишловчи Ўткир Турдиев Сатторий газ билан боғлиқ муаммоларни тасвирга олиб интернетга қўйиб юбориш билан таҳдид қилгани, фақатгина раҳбарларнинг унга “атаганини” ёки 10.000$ бергандагина бу видеоларни чиқармаслигини билдирган.

Худди шундай ҳолат Денов тумани газ таъминоти бўлимида ишловчи ҳайдовчилар Ашур Худойқулов ва Зокиржон Хурсанов кўрсатмаларида ҳам таъкидланиб, блогер улардан интернетда видеоларни чиқармаслик эвазига 200$ сўрагани ҳақида айтишган. 

Ушбу жиноий ҳаракатлар блогер томонидан турли вақтларда ва бир-бирига ёндош бўлмаган соҳа вакиллари билан содир бўлган эса-да, эндиликда уларнинг барчаси тўпланиши ва Отабек Сатторийга қарши биргаликда ҳаракат қилиши ҳамда блогернинг жавобгарлигини оғирлаштирувчи ҳолатлар кўпайиши шубҳали. 

Aйблов хулосасида блогернинг аввалги қилмишлари жазосиз қолиб кетгани таъкидланган. Бироқ номи юқорида келтириб ўтилган мутасаддилар нега ўша вақтда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат этмагани очиқ қолмоқда. 

Отабек Сатторий хато ва камчиликлар, қонунбузарликлар ёритилган видеолавҳалари учун пул талаб қилган бўлса, улараги маълумотлар чиндан ҳам қуруқ туҳмат ва ёлғондан иборат бўлса, нега мулозимлар унинг тарқалиб кетишидан бунчалик қўрқишди? 

Блогер кўтарган муаммолар юзасидан асосли далиллар билан раддия бериш имкони йўқлигиданми ёки блогер тасвирга олган ҳодисалар ҳақиқат эканиданми? 

Туман ҳамда шаҳар ҳокими ушбу видеолар интернетга чиқиб қолса, ўзи эгаллаб турган лавозимдан озод қилинишидан қўрққанликларини билдирган. 

Ҳокимнинг лавозимидан ҳайдалишига олиб келадиган маълумотлар интернетга жойланган экан, нега тегишли ташкилотлар ишнинг бу жиҳатига ҳам эътибор бермади? 

Суд жараёнида Отабек Сатторийга турли босимлар ўтказилгани, уни юпун аҳволда ва юқимли касаллар билан бир хонада сақлашгани, отаси томонидан берилган иссиқ кийимлар киритилмагани ҳақидаги маълумотлар ҳам аён бўлди. 

Сатторийнинг судда билдиришича, терговчилардан бири унга: “Сенларга катта эрк бериб юборишди. Индамаса, ўзларингдан кетиб қоляпсанлар. Сенларни сўз эркинлигингдан маҳрум қиламиз. Йўлингдан қайтмасанг, ёмон бўлади. Сени деб ҳамма блогерларнинг овози ўчади”, дея дағдаға қилган. 

Отабек Сатторийга нисбатан бундай тазйиқлар ўтказишдан мақсад нима? Унга карши жиноят иши ким томонидан ташкил қилинди? 

Юзага келаётган саволлар блогернинг қамалиши кимларнингдир манфаатига хизмат қилмасмикин, деган шубҳани келтириб чиқармоқда. 

Тағин ўқинг
1 октябр 2015
Мажбурий пахта терими ҳажв қилинган “Темир хотин” фильмини суратга олган Исамат Эргашевнинг ўзи ҳам пахта даласига сафарбар этилди. Озодлик ...
30 ноябр 2017
Ноябрь охирига келиб Мирзиёевнинг «қишлоқлардаги ҳар бир хонадоннинг товуқ боқиши ва лимон етиштириши”га имкон яратишга оид ташаббуси ўзини оқламагани ...
4 май 2020
Туркистонни ишғол қилган рус босқинчи генерали фон Кауфманга Тошкентнинг бош хиёбонида 1913 йилнинг 4 майида ёдгорлик ўрнатилган эди. Ушбу ...
6 октябр 2016
6 октябр куни эрталаб милиция ходимлари томонидан ушланган фотограф Темур Карпов билан бирга Тошкент вилоятининг Бўка тумани пахта даласида, ...
Блоглар
9 март 2021
Инсониятнинг узоқ кечмишидан маълумки, Александр Македонский ақлан, жисмонан ва руҳан тенгсиз куч-қудрат соҳиби бўлган. Шунинг ...
8 март 2021
Бундан ўн йиллар олдин, баҳорнинг энг ёқимли палласи – апрель ойининг ўрталари эди, Олмаотага қараб ...
2 март 2021
Бир оғайним қўққисдан мен ҳақимда даҳоларча башорат қилиб бундай деб қолди: Керак бўлса, минг фоиз ...