close
close
Асосий мавзулар
17 январ 2022

Фермерлар кластерлардан 2021 йилги ҳосил учун ҳақини ололмаяпти

close

Андижон вилоятининг Балиқчи туманида 11 январь куни пахта пулларини ололмаётган фермерлар норозилик билдириб, “Тетратекс” кластери биноси олдига тўпланишди.

Фермерларнинг айтишича, улар “Тетратекс” олдидаги мажбуриятларини бажаришган ва кластер шартномада кўрсатилган шартларни бажарган ҳолда 2021 йил охиригача пул тўлаб беришини кутишган. Бироқ кластер 2021 йил кузида топширилган ҳосил учун ҳалигача ҳақ тўламаган.

“Бу кластер бизга аванс ҳам бермади, фақат терим пулини берди. Пахта етиштириш бўйича барча харажатларни давлат берган кредитлар ҳисобидан қопладик. Аммо бу кредитни ғалла ва пилла етиштиришга ажратилган аванс ҳисобидан қоплашга мажбур бўлдик”, дейди балиқчилик фермер “Элтуз” билан суҳбатда. 

Ўзбекистонда пахта-тўқимачилик кластерлари фермерлар олдидаги мажбуриятларини бажармаётгани ҳақида тез-тез хабарлар пайдо бўлиб туради. Бунинг ортидан фермерларнинг норозилик чиқишлари ҳам кузатилади. 

Масалан, ўтган йилнинг 27 декабрида Тошкент вилоятининг Бўка туманида фермерлар “АПК Бўка” кластер корхонасига қарашли пахтани қайта ишлаш заводининг кириш дарвозасини автомобиллар билан тўсиб қўйишганди. 

Ўтган йили “Элтуз” ҳам Андижон вилоятининг Избоскан туманида 114 та фермер “Sohib omad baraka” кластеридан ўз ҳақини ололмаётгани ҳақида мақола эълон қилган эди. 

Унда фермерлардан бири “Элтуз”га “Sohib omad baraka” билан тузилган шартномага кўра, етказиб берилган пахта хомашёсининг пули 2020 йилнинг 31 декабрига қадар тўланиши кераклиги, кластер унинг фермер хўжалигидан 200 миллион сўмдан ортиқ қарздор эканини айтганди. Лекин кластер бу пулни ўз вақтида тўламаган.

“Вилоятда дардимни эшитадиган одам топилмади. Ҳоким билан иш битмайди. Президент сиёсати деб кластерларга ҳатто туман ва вилоят ҳокимларининг ҳам сўзи ўтмаяпти. Яна эшитишимизча, кластер билан ҳокимнинг тили бир эмиш”, деган эди ўшанда фермер.

Бу йил ҳам фермерлар ва кластерлар ўртасидаги зиддиятлар камайгани йўқ. “Элтуз”га келаётган хабарлар айнан шундан дарак бермоқда. 

Яқинда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Андижон вилоятида фаолият кўрсатаётган кластерлар ишини баҳолаганда, 13 кластердан фақат биттаси фермерлар билан ҳисоб-китоб қилгани маълум бўлди. 

“Вилоятда фермер хўжаликлари билан пахта якуний ҳисоб-китоб ишлари фақатгина “Sayyora Favvorasi” МЧЖ (Бўстон) томонидан 100% амалга оширилган… Қолган кластерлар томонидан якуний ҳисоб-китоблар амалга оширилмаган (ресурслар, терим пуллари ва бошқа харажатлар тўланган)”, дейилади қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Шуҳрат Мирзаевнинг 2021 йил 25 декабрда Андижон вилояти ҳокимига юборилган хатида. 

Ушбу мактубда ўтган йили “Элтуз”да эълон қилган мақолада тилга олинган “Sohib omad baraka” кластери тўғрисида ҳам сўз боради. Унда “Sohib omad baraka” ва “Бест текстайл” кластерлари вилоят бўйича энг паст кўрсаткичларни қайд этгани айтилади. 

Мустақил журналист ва блогер Фотима Жўраева ўзининг фейсбук саҳифасида маълум қилишича, вазирлик хатида “Sohib omad baraka”нинг Андижон ва Избоскан туманларидаги фермерлар билан шартнома асосидаги фаолиятини тўхтатиш тавсия этилган. 

Журналистнинг билдиришича, нафақат кластернинг фаолияти тугатилган, балки ҳокимлик ва ички ишлар органлари фермерларни у билан шартнома тузишга мажбурлаш ҳолатлари мавжуд. 

Шартнома тузмаганларга эса 2021 йил ҳосили учун тўланиши керак бўлган пулни бермаслик билан таҳдид ҳам қилишмоқда. Бу ҳокимнинг буйруғи экани, “Sohib omad baraka” ва “Бест текстайл” билан шартнома қилмаганларга пул ташлаб берилмаслиги тўғрисида буйруқ борлигини айтишган.

“Sohib omad baraka” кластери юристи Отабек ҳоким ҳозир пул бўлмаса-да, пул бўлгандан кейин ҳам шартнмоа тузмаган фермерларга бермаслик тўғрисида буйруқ қилганини айтди”, дейди журналист.

Фермер Мавлонбек Умматовнинг журналистга айтишича, Избосканда фаолият кўрсатаётган “Бест текстайл” кластери билан уч йилдан буён шартнома тузиб келади. 

“2019 йил ҳосили учун кластердан менинг фойдамга 191 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундириш ҳақида суд ажрими мавжуд. 38 минг сўм жарима ундириш ҳам белгиланган. Лекин кластер жаримани ҳалигача тўлагани йўқ. 

2020 йил ҳосили учун 131 миллион сўмдан кўпроқ ва 5 минг сўм жарима ундириш ҳақида суд ажрими бор, лекин пул тўлаб берилмаган. 2021 йил ҳосили учун ҳам кластер терим пули ва ҚҚС солиғи учун 71 млн сўмдан бошқа бошқа бирорта тўлов қилмади”, дейди Мавлонбек Умматов. 

Ҳолбуки, фермер ҚҚС учун 100 миллион сўм тўлаши керак. Энди у ҚҚСдан ҳам қарздор бўлиб турибди. Ҳозир кластер ундан бир кило пахта нархини 6020 сўмдан ҳисоблаганда 588 миллион сўмдан ортиқроқ қарз. 

Журналист кластер раҳбари билан қўнғироқлашганда у кредиторлардан қарздорлиги ҳақида кафолат хати берганини билдирган. Аммо “Агробанк”нинг Избоскан филиали кафолат хати асоссизлиги, 2021 йилги пахта ҳосили учун берилган имтиёзли кредитларни тўлаш эса фермерлар зиммасига юклангани ҳақида расмий хат берган. 

Журналист билан суҳбатда фермерлар кластер уларга плёнкани қиммат нархда ўтказаётгани, ҳатто байрам тадбири баҳонасида ҳар бир фермердан 2 миллион сўмдан ушлаб қолганини айтган. Бу пулни ушлаб қолишаётгани ҳақида фермерларнинг кўпчилиги бехабар ҳам қолган. 

Eltuz.com

P.S. Ушбу мақола тайёрланаётганида Балиқчи туманидаги “Тетратекс” кластери фермерларнинг ҳақларини бера бошлагани маълум бўлди.

“Шартномадаги пулимизнинг 60 фоизини олишга муваффақ бўлдик”, деди фермер Дилёр Акромов 13 январь куни “Элтуз” билан суҳбатда. 

Тағин ўқинг
1 май 2019
Ўзбекистон Олий суди жорий йилнинг 16 апрель куни жуналистлар Бобожоновларнинг уйлари мусодара қилиниши ҳақидаги суд қарорлари устидан аризани «қаноатлантирмаслик» ...
13 май 2019
Хоразмлик шоир, 56 яшар Маҳмуд Ражаб уйида тинтув ўтказилганидан уч кун ўтиб – 13 май куни касалхонага ётқизилди. «Элтуз» ...
30 январ 2018
Рассом Думҳам Eltuz.com
25 май 2017
20 май куни Ўзбекистон телеканалининг Таҳлилнома дастурида совет даври афсонасига айлантирилган аёл – Турсуной Оҳунова ҳаётига бағишланган лавҳани нимойиш ...
Блоглар
10 январ 2022
Ўзини бир гуруҳ фаоллар деб таништирган гуруҳ Eltuz телеграм каналига ёзиб, қуйидаги мурожаатни чоп қилишни ...
13 декабр 2021
Ниҳоят, маънавий руҳий бўшлиқда эканмиз, рационал фикр эгалари томонидан эътироф этила бошлангач, кўпчилик ўз ҳолатини ...
6 декабр 2021
«Албатта, керагидан кўп хато қилганмиз, улардан жуда афсусдаман. Энг катта хатоим суд, жин урсин, мустақил ...