Муҳаммад Солиҳга очиқ хат
“Ўзбекистон Эрк демократик партияси”нинг асосчиси ва раиси, “Мустақиллик декларацияси”нинг ташаббускори, Ўзбекистонда мустақиллик ва озодлик учун кураш йўлбошчиси, истеъдодли шоир ва сиёсий арбоб, жаноб Муҳаммад Солиҳга очиқ хат
Ассалому алайкум, азиз, муҳтарам ва қадрли жаноб Муҳаммад Солиҳ! Мен Сизнинг Истанбулда 2023 йили чоп этилган 13 жилдли “Куллиёт”ингизни китоб ҳолида ўқиш, Сизнинг ижодингиз, машаққатли сиёсий фаолиятингиз, энг муҳими, бетакрор ва ноёб шахсингиз билан яқиндан танишиш шарафига муяссар бўлдим. Буларнинг ҳаммаси учун чексиз ташаккурларимни изҳор қилиш баробарида Сизни бой меросингиз китоб ҳолида нашр этилганлиги билан чин дилдан қутлайман.
“Куллиёт”ингизни мутолаа қилиш жараёнида олган таассурот, ҳайрат ва ҳаяжонларимни мухтасар шаклда Сизга етказишни файласуф сифатидаги бурчим, деб ҳисоблайман. Сизнинг ватанимиз халқларининг сўнгги юз йиллик тарихидаги мустақиллик ва озодлик учун курашдаги жасорат ва матонатингизни ХХ аср бошларидаги буюк жадидчиларнинг мардлиги ва фидойилиги билан қиёслаш ва Сизни улар бошлаган курашнинг давомчиси сифатида эътироф этиш мумкин.
Мен Сиз билан ватандош, замондош, маслакдош эканлигим билан фахрланаман. Асарларингизни ўқир эканман, тақдиримизда туташ нуқталар мавжудлигига кўп марта амин бўлдим. Ўртамиздаги тафовут шундан иборатки, менинг сиёсий қарашларимга, сиёсий зулм ва истибдодга қарши сўз билан курашимга турмуш ўртоғим ҳам, фарзандларим ҳам, барча ҳамкасбларим ва яқинларим ҳам қарши эдилар. Шу маънода Сиз мендан кўра бахтлироқсиз: турмуш ўртоғингиз Сизнинг қарашларингизни қўллаб-қувватлаган, оғир дамларда Сизнинг ёнингизда бўлган, Сиз дуч келган оғир вазиятларда ҳамдардингиз бўлган.
Сизнинг куллиётингиз Ўзбекистондаги ҳар бир илм аҳли, уламо, олим ва файласуфларнинг хонадонига кириб бориши, ҳар бир ватандошимиз Муҳаммад Солиҳ ҳақиқатини, унинг покиза қалби, теран фикри, сиёсий ғоя ва мақсадларини, Ўзбекистоннинг мустақиллик ва озодлик учун кураш тарихини билиши ғоят зарур ва фойдали, деб ҳисоблайман.
Озодлик учун курашда сўз санъати, шеърият ва бадиий адабиётнинг аҳамияти қанча катта бўлса, ижтимоий-сиёсий таназзулнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва оқилона ҳал қилишда ижтимоий фанлар ва фалсафанинг ўрни ва роли ҳам шунчалар муҳимдир. Бироқ совет тузуми шароитида ижтимоий фанлар ва фалсафа ўта сиёсийлашиши оқибатида сиёсатнинг малайига, қуруқ сафсатага айлангани сингари бадиий адабиёт ҳам ана шундай қисматга маҳкум эди. Шу ўринда Эркин Воҳидовнинг қуйидаги мисраларини келтирмоқчиман:
Зўр шоирлар бари отилган,
Қолганлари бари сотилган.
Мард сўзим шу: ҳаммаси қўрқоқ,
“Ўзим кимман? Сўраманг бироқ.
Ўз исмимни айтмасман зинҳор,
Замон нозик, бола-чақам бор.
Ғайриинсоний мафкурага хизмат қилган фан ва фалсафанинг қадр-қиммати йўқолди. Ҳақиқатдан атайин кўз юмиш, зулм ва истибдодга хизмат қилиш ижтимоий фанлар ва фалсафанинг шармандали қисмати эди. Бироқ бадиий адабиёт ўзининг рамз ва образлари орқали ҳақиқатни айта олди. Бунга Сизнинг, Шавкат Раҳмон, Рауф Парфи, Мақсуда Эргашева сингари истеъдодларнинг асарларини келтириш мумкин. Мустақиллик йилларида Ўзбекистондаги ижтимоий фанлар ва фалсафа худди советлар замонида бўлгани каби сиёсатга малайлик қилишда давом этди.
Ўзбекистонда демократия, республика тузуми, конституция, давлат, сиёсий партия, мухолифат, сайлов тизими, плюрализм, либерализм, рационализм, шахс эркинлиги, инсон ҳуқуқлари, гражданлик ҳуқуқлари ҳақида янгича илмий қараш ва назариялар шаклланмади. Коммунистик ғоя ва мафкуранинг ғайриинсонийлигини фош қилишга йўл қўйилмади. Биринчи президентнинг китобларини тарғиб қилиш ижтимоий фанларнинг вазифасига айлантирилди.
Сизнинг “Куллиёт”дан жой олган демократия, шахс эркинлиги, давлат, озодлик, тараққиёт тўғрисидаги ғоя ва қарашларингиз ҳозирги замон ғарб адабиёти, модерн шеърияти таъсирида шаклланганлиги шак-шубҳасиздир.
Менинг тушунишимча, шеърият сўз санъатининг энг ҳозиржавоб шакли, покиза қалбнинг жаҳолат, зулм ва истибдодга қарши ҳайқириғи, одамларни ғафлатдан уйғотувчи жарчидир. Минг йиллар давомида Шарқ шеърияти нодонлик, зулм ва адолатсизликка қарши маърифатпарварлик, адолат ғояларини илгари сурди, бироқ зулм ва истибдод йўқолмади. ХХ аср бошларига келиб, Ғарб шеърияти инсонни фикрлашга ундай бошлади. Сиз ўзбек шоирлари орасида биринчи бўлиб, Ғарб шеъриятидаги рационализм элементларини ўзбек шеъриятида намойиш эта бошладингиз. Адабиётшунос Иброҳим Ғафуров Сиздан шеърларингизни тушунтириб беришни сўрай бошлади. Шеърларингизга зулм ва истибдодга, қуллик ва мутеликка қарши кураш руҳини сингдира бошладингиз. Покиза руҳдан яралган ва покиза қалбдан отилиб чиққан ҳақиқат учқунлари мудроқ, тунд, танбал ва ҳиссиз қалбларни жунбушга келтира бошлади. Сизнинг 1985 йили чоп этилган “Адашганлар қўшиғи” шеърингиз покиза қалбли ўзбек зиёлиси, шеърият мухлисларининг дардли қўшиғига айланди. 1986 йил куз ойларида ЎзМУнинг Маданият саройида талабаларнинг Сиз билан учрашув кечасида “Адашганлар қўшиғи” шеърингизни ўқиб берган эдингиз. Учрашувни Озод Шарафиддинов олиб борган эди. Мен ўша йили Низомий пединститутининг фалсафа кафедраси қошидаги аспирантурага ўқишга кирган эдим. Ана шу шеърингизни ёд олиб, давраларда, маданий тадбирларда ҳозиргача айтиб келяпман.
Озодлик учун чақириқлар ҳамон янграётган бўлса-да, афсуски, Ўзбекистон халқининг ижтимоий-сиёсий тараққиёт йўлини белгилаб берадиган ва илмий-назарий асосга эга бўлган миллий ғоя ва мафкураси яратилгани йўқ. Бундай ғоя Ўзбекистон жамиятининг элитар қатлами, олий маълумотли мутахассислари онгида яшашда давом этаётган коммунистик ғоя ва мафкуранинг ярақсизлигини илмий-назарий жиҳатдан исботлаш, тоталитар бошқарувнинг ёвузлигини фош этиш орқалигина шаклланиши мумкин. Бунда, албатта, озодлик учун курашчиларнинг сиёсий тажрибалари, ғоя ва қарашларини системалаштириш, сиёсий онг ва маданиятнинг ривожланишига халақит бераётган иқтисодий, ахлоқий ва бошқа омилларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва улардан тегишли хулосалар чиқариш талаб этилади.
Куллиётингизда ўз ифодасини топган сиёсий ғоя ва қарашларингиз, орттирган бой тажрибангиз илғор сиёсий ғоя ва мафкура асосларини яратишда муҳим манба бўлиши мумкин. Ҳозирги замон Ғарб психология фани филогенезда онтогенезнинг такрорлашини аллақачон исботлаган. Ана шу қонуниятни халқ ва жамият ҳаётига нисбатан ҳам татбиқ этиш мумкин. Бошқача қилиб айтганда, ижтимоий-сиёсий тараққиётдан орқада қолган Ўзбекистон сингари аграр жамият ва деҳқонлар мамлакатида том маънодаги демократик бошқаришни амалга ошириш, индустриал жамиятга ўтиш учун маънавий, ахлоқий, интеллектуал-илмий замин яратишни талаб этади. Буюк немис файласуфи Гегель ўзининг машҳур тўрт жилдлик “Эстетика” асарида таъкидлаганидек, дунёвий демократик давлат барпо этишдан олдин жамият ва халқ “қаҳрамонлар асри”ни босиб ўтиши, диктаторни ҳокимиятдан маҳрум этиши, Конституцияда демократик бошқаришнинг энг муҳим принциплари, Президентнинг ваколатлари аниқ ва қатъий белгиланиши зарур. Индустриал жамиятгина илм-фан, техникани ҳар томонлама ривожлантириш орқали ҳуқуқий давлат, гражданлик жамияти асосларини яратиши мумкин. Демократик бошқаришни рационализм, плюрализм, либерализм, шахс эркинлиги, адолатли сайлов тизими, кўппартиявийлик принципларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Гегель гражданлик жамияти (гражданларнинг кўнгилли уюшмалари, сиёсий партиялари) шаклланмаган шароитда давлат тоталитаризми шахсга қарши курашишини исботлади. Каримов конституциясининг 86 фоизини ўзгартирган Мирзиёев конституциясида “шахс эркинлиги” тушунчаси олиб ташланди.
Гегелнинг фикрича, халқ қаҳрамонлари деспотизм, авторитаризмни таг-туги билан қўпориб ташлаш учун конституцияда демократик бошқаришнинг энг муҳим принципларини, жумладан, плюрализм, кўппартиявийлик, шахс эркинлиги, граждан ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликларни қатъий белгилаши, давлат суверенитети ўрнида халқ суверенитетини қарор топтириши лозим. Кучли давлат ғояси демократияга, санъатга, инсон ва граждан ҳуқуқларига қаршидир. Санъат гражданлик жамиятидагина ҳар томонлама ривожланишнинг қулай шароитига эга бўлади.
Нодемократик (большевистик, фашистик, деспотик) давлат ҳамма замонларда халққа қарши турувчи, халқни эзувчи ва жаҳолат, коррупция устига қурилган ёвуз ташкилотдир. Қўшни Қирғизистон халқи миллий мустақиллик йилларида нодемократик давлатга қарши тинч намойишлар, мухолифатдаги сиёсий партиялар орқали фаол курашди. АҚШнинг маънавий оталаридан бири бўлган Томас Жефферсон демократия учун муттасил ва мунтазам, тинимсиз ва сабот билан курашиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган, “озодлик дарахти демократия учун кураш йўлида тўкилган қон билан озиқланиши”ни алоҳида таъкидлаган эди. Худди қирғиз халқи коррупциялашган президентларни икки марта ҳокимиятдан қувигани сингари демократия, озодлик ва тараққиёт тарафдорлари давлат хизматчиларининг ёвузлигига қарши муттасил ва матонат билан курашишлари зарур. Давлат хизматчиларининг истисносиз барчаси ўз хизмат лавозимини суиистеъмол қилишга, шу йўл билан ҳаром бойлик орттиришга интиладилар. Шу боисдан ҳам “давлат халқ учун хизмат қилади ва барча ижтимоий муаммоларни ҳал этади” деган ёлғон коммунистларнинг ва улар сафидаги қўғирчоқ партияларнинг бир амаллаб яшаб қолиш, ҳукмронлик қилишга бўлган ҳайвоний инстинктидан бошқа нарса эмасдир. Совет давлати ижтимоий муаммоларни эмас, ҳатто, оддий сиёсий муаммоларни ҳам ҳал эта олмаслигини намойиш этди. Ижтимоий муаммоларни шахслар ҳал этадилар, шахсларгина давлат тоталитаризмига қарши кураш майдонига чиқадилар. Шахсларни оддий меҳнаткаш халқ яратади ва қўллаб-қувватлайди. Давлат хизматчиси ва раҳбари амалдан кетган куни социал ўлимга маҳкумдир. Шу сабабли ҳокимиятдан ажралиб қолмаслик учун ҳар қандай пасткашликка, разолат ва жиноятга тайёр турадилар.
Ривожланган Европа мамлакатлари, АҚШ конституциясини мустақиллик ва озодлик учун курашган халқнинг “маънавий оталари” яратдилар. Қўшни Қирғизистон конституциясини 20 га яқин мухолифатдаги сиёсий партияларнинг мард ва халқпарвар йўлбошчилари, сиёсий лидерлар яратдилар ва унга бирон-бир ўзгаришлар киритишга йўл қўймадилар.
Мустақил Ўзбекистонда эса шармандалик, субутсизлик ва пассив томошабинлик: Ўзбекистон Президенти раислигидаги конституцияни тайёрлаш комиссияси ривожланган Ғарб мамлакатларининг конституциясидан андоза кўчиришдан уялмади: қабул қилинган конституцияга чорак аср мобайнида муттасил ўзгаришлар киритиш билан конституциянинг мазмуни ва моҳиятини бутунлай буздилар. Конституцияга асосий қонун деган сохта ном бериш билан золим ҳукуматнинг қонуни қаторига қўйдилар. Ҳолбуки, конституция инсон, граждан, халқ ва жамиятнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ёвуз ҳукуматнинг тажовузларидан ҳимояловчи муқаддас тарихий ҳужжат ва қадриятдир. Конституция айрим шахслар, ижтимоий гуруҳ, сиёсий ташкилот, нодавлат ташкилотлар, диний, илмий, маданий ва бошқа тузилмалар манфаатларидан устун турадиган, миллий тараққиёт, инсон камолоти учун, келгуси авлодларнинг бахти учун хизмат қиладиган маънавий, ахлоқий, ҳуқуқий қадриятдир. Ўзбекистон шароитида давлат раҳбарининг муқаддас Қуръони Карим ёнига тутуриқсиз, субутсиз ва хоҳлаганча ўзгартириладиган конституцияни қўйиб, қасамёд қилиши инсоният тарихида мисли кўрилмаган шармандаликдан, жаҳолатдан бошқа нарса эмасдир.
Таассуфки, мазкур куллиётни мутолаа қилиш жараёнида Сизнинг конституцияга доир илғор ғоя ва қарашларингизни топа олмадим. Академик Андрей Сахаровнинг конституция лойиҳасидаги инсониятнинг конституцион тузумга доир илғор қараш ва ютуқлари мени ҳайратга солган эди.
Диктатор Каримов кашф этган тараққиётнинг “ўзбек модели” Ўзбекистонда давлат тоталитаризмини қайта тиклади. Худди совет замонида бўлгани каби “доҳий”нинг буюк асарлари чорак аср давомида жамиятшунос олим ва файласуфлар томонидан зўр бериб тарғиб этилди. Ҳаммани бир хилда, яъни худди сиёсий йўлбошчи сингари фикрлашга мажбур қилиш амалда одамларни фикламасликка, манқуртликка, ижтимоий ҳаётга лоқайдликка маҳкум этди. Шарқнинг минг йиллик синовлардан ўтган севимли: “ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан” ёки “онангни қози (…) хафа қилса, арзингни кимга айтасан” каби нақллар манқуртларга таскин бера бошлади. Мамлакатда қашшоқлик, жаҳолат ҳукм сураётган бир шароитда ҳукумат томонидан тайинланган масжид имомлари намозхонларни сабрли бўлиш ва шукр қилишга даъват этяптилар.
90-йилларда совет давлати умумий таназзулни бартараф этиш учун 73- йил давомида йўл қўйган хато ва жиноятларини тузатишга: бозор муносабатларига ўтиш, хусусий мулкчиликни шакллантириш ва қўллаб-қувватлашга ҳаракат қилган.
Академик Эркин Юсуповнинг ўз эсдаликларида ёзишича, СССР Президенти Горбачев 1990 йили СССР халқ депутатлари сессиясида қилган докладида бозор муносабатларига ўтиш учун қишлоқда колхоз ва совхоз ерларини маҳаллий аҳоли жон бошига фарзандларига мерос бўлиб ўтиш шарти билан узоқ йилларга ижарага бериш ҳақида қонун қабул қилишни таклиф этган. Қўшни Қирғизистон, Тожикистон ва Қозоғистон республикаларида колхоз ва совхоз ерлари аҳоли жон бошига тенг тақсимлаб берилди. 1990 йили Ўзбекистонда Президент этиб сайланган Каримов эса қишлоқдаги ерсиз оилаларга (жон бошига эмас!) ўн сотихдан томорқа ер ажратиб берди. Колхоз ва совхоз ерлари ўрнида эса дехқончиликка алоқаси йўқ мансабдор ва бойваччаларнинг деҳқон фермер хўжаликлари ташкил қилинди. Чорак аср мобайнида қишлоқдаги деҳқон фермер хўжаликларини маҳаллий ҳукумат аёвсиз талади, мамлакат аҳолисининг 67 фоизини ташкил этадиган миллионлаб қишлоқ ёшлари иш ахтариб хорижий мамлакатларга кета бошлади. Мирзиёев тахтга ўтирганидан сўнг чорак асрлик таназзул вайроналарини таъмирлашга зўр берди ва мамлакатда 6-7 миллион камбағал ва қашшоқлар борлигини расман эътироф этди.
“Эрк” демократик партияси Ўзбекистоннинг энг янги тарихида мухолифатдаги ягона сиёсий партия эди. Унинг мамлакат тараққиёти учун хизмат қиладиган сиёсий ғоя ва мафкураси йўқ эди (проф. Отаназар Орипов мен билан суҳбатда ана шу ҳақиқатни эътироф этганлар). Диалектиканинг инкорни инкор қонунига кўра, ҳозиргача амал қилиб келган ғоя ва мафкуранинг яроқсиз томонларини инкор этиш, ижобий томонларини давом эттириш асосида илғор ғоя дунёга келади. Илмий асосга ва мантиқий далилларга таянувчи ҳар қандай ғоя яшовчан табиатга эга бўлади.Юксак минбардан туриб, худди Каримов каби марксизм ғояси ва коммунистик мафкурадан расман воз кечиш билан муаммо ҳал этилмайди. Янги ғоя ҳозиргача яшаб келган ғоя бағрида шаклланади. Коммунистлардан нафратланишнинг ўзи етарли эмас, коммунистик ғоянинг яроқсизлигини илмий-назарий жиҳатдан исботлаш ва уларни иқрор қилиш зарур эди.
Диктатор Каримов партия раҳбарлигидан воз кечган бўлса ҳам коммунистик ғоядан воз кеча олмади: олим ва зиёлиларнинг коммунистик мафкуранинг яроқсизлигини исботлашларига асло йўл қўймади. Ижтимоий фанларга илғор Ғарб мамлакатлари олимлари ва файласуфларининг илмий ғояларини ўрганиш ва асарларини ўзбек тилига таржима қилишга изн берилган бўлса-да, ижтимоий-гуманитар фанларнинг тадқиқот методологияси, илмий дунёқарашида жиддий ўзгаришлар рўй бермади, қизғин илмий баҳс-мунозараларга йўл қўйилмади. Ҳозир ҳам аҳвол худди шундай.
Коррупция одатий ҳолга айланган мамлакатда том маънодаги бозор муносабатлари, мулкдорлар синфи шакллана олмади. Инсон ҳуқуқлари, жумладан, мулкдор бўлиш ҳуқуқи поймол этилган мамлакатда мулкдорлар синфи, элитар қатлам маданияти, ҳаёт ва турмуш тарзи шакллана олмайди. Ўзбекистон мулкдорлар ва тадбиркорлар мамлакати эмас, балки бойлар ва қашшоқлар мамлакати бўлиб қолмоқда: бир амаллаб ҳокимиятни қўлга киритиш мўмай бойлик орттиришнинг қулай, яқин ва осон воситаси бўлиб қолмоқда. Эркин Воҳидовнинг коррупциялашган давлат амалдорлари тилидан айтган қуйидаги шеъри фикримизга ойдинлик кирита олади:
Биз арра тортмоқдамиз,
Аррамизнинг тиши йўқ.
“Нега арранг тиши йўқ” деб
Сўрайдиган киши йўқ.
Биз анойи эмасмиз:
Пишиб кетган кўзимиз.
Арра тушган ўша шохда
Ўлтирибмиз ўзимиз.
Ижод аҳли (олим, шоир, ёзувчи, санъаткор) ҳамма замонларда ҳам халқ манфаатлари, озодлиги ва бахти учун курашган, зулм, истибдод ва жаҳолатга қарши сўзи, қалби, қўли ва илми билан курашган.
Ишсизлик, камбағаллик шароитида жаҳолатнинг янги шакллари: дабдабали тўй қилиш, 20 йиллаб Жанубий Кореяда, 10 йиллаб Россияда ишлаб, ҳашаматли уйлар қуриш одатий ҳолга айланди. Институтда контрактда ўқиётган талабалар илм олишга эмас, бир амаллаб диплом олишга интиляптилар.
Биз европалик олим ва файласуфларнинг ижтимоий тараққиёт омиллари, шахснинг жамият ривожидаги ўрни ва роли тўғрисидаги илмий назария ва таълимотларини ўрганишимиз, Ўзбекистон шароитида уларни ижодий ривожлантиришимиз ҳаётий заруриятга айланди. Илғор ижтимоий-сиёсий ғояларгина шахс ҳаётининг маъноси, мазмуни ва мақсадига айланиши мумкин. Рим клубининг асосчиси А. Печчеи таъбири билан айтганда, “ғоя туфайли ҳаракатга келган инсонни ҳеч нарса тўхтата олмайди”.
Ўзбекистон минг йиллар мобайнида қишлоқликлар мамлакати эди ва ҳозир ҳам шундай бўлиб қоляпти. Хонлар замонидаги ибтидоий, оғир ва машаққатли меҳнат, доимий муҳтожлик, камбағаллик ўзбек халқида ўзига хос менталлик, фақат бир куни билан яшаш, художўйлик ва нонга сиғинишни, сабр-тоқатлиликни вужудга келтирди. Буюк немис файласуфи Эрих Фромм ўзининг жаҳонга машҳур “Озодликдан қочиш” асарида (таржимон Қ. Рўзматзода, Т., 2021) инсон қанча қашшоқ, ожиз бўлса, қаттиққўл золимга ўз инон-ихтиёрини топширишга ва унинг паноҳида бўлишга мойил бўлишини, унинг озодликдан қочиши, қулликка рози бўлишини илмий далиллар билан исботлади. Бу билан мазлумларнинг сабр косаси ҳеч қачон тўлмаслигини, ҳеч қачон озодликка интилмаслигини таъкидлади. Ҳолбуки, инсон табиатан таъқиқларни бузишни Одам Ато ва Момо Ҳаводан мерос қилиб олгандир.
Сўнгги юз йил мобайнида Ўзбекистонда ҳукм сурган оммавий қатағон, махрумлик, зулм ва зўравонлик ўзбек халқи менталитетидаги муросасозлик кўҳна Шарқ деспотизми дунёга келтирган “ўйнашмагин арбоб билан, арбоб урар ҳар боб билан”, “оч қорним – тинч қулоғим”, “онангни қози (…) хафа қилса, арзингни кимга айтасан” сингари соғлом ақлга ва одамийликка зид ҳолатни, кайфиятни яна қайтадан жонлантирди. Ўзбек зиёлиси, олимининг ижтимоий-сиёсий фаоллигига унинг атрофидагилар (хотини, фарзандлари, ҳамкасблари, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлари)нинг ҳаммаси қарши. А.И. Герцен худди шу маънода шахсга фақат давлатгина эмас, балки жамият ҳам қарши эканлигини алоҳида таъкидлаган эди..
Цивилизация назариясининг асосчиси Арнольд Тойнбига кўра, ижодкор озчилик тарих ижодкоридир. Бошқаларга ўхшамайдиган шахс ўзи мансуб бўлган ижтимоий муҳитни, юртни вақтинча тарк этади, маълум вақтдан сўнг эса ўзи мансуб бўлган ижтимоий муҳитга янгича сифат билан қайтади. Ана шу қонуният тасаввуф таълимотида ҳам амал қилади: Оллоҳ йўли (тариқат)га кирган мурид пири раҳбарлигида покланиш амалиётини бажариш учун хилватга чекинади, чилла ўтиради ва ниҳоят янгича сифат билан ўзи мансуб бўлган муҳитга қайтар экан, энди унга атрофидагилар сиғина бошлайдилаар.
СССРда 73 йил муттасил равишда эркин фикрга, шахсга қарши амалга оширилган зулм, зўравонлик ва ҳуқуқсизлик охир-оқибатда академик Андрей Сахаров, шоир Муҳаммад Солиҳ, Рауф Парфи, Шавкат Раҳмон, Дадахон Ҳасан сингари озодлик ва мустақиллик учун кураш қаҳрамонларини, буюк шахсларни дунёга келтирди.
Буюк тарихий шахсларгина ўз ҳаёти ва фаолиятини умумбашарий маънавий-ахлоқий мезонлар билан ўлчашга, ўз халқи, Парвардигори олдида ҳисоб беришга, озодликнинг чексиз ва абадий борлиғи учун беминнат хизмат қилишга, келгуси авлодларни эзгулик, гўзаллик ва ҳақиқат учун курашга илҳомлантирадиган бой мерос қолдиришга қодирдирлар. Сиз зулматни ёритган яшин каби зулматни даф этувчи куч-қудрат соҳиби, озодлик учун курашни чинакам инсоний ҳаётнинг мазмуни деб ҳисоблайдиган пок ниятли авлоднинг идеали, заҳматкаш халқимизнинг маънавий отасисиз.
Ўтган минг йиллар мобайнида туркистонлик тараққийпарвар даҳолар жаҳолатга ботган, тож-тахт урушларидан қонга ботган юртни, Сизнинг таъбирингиз билан айтганда, Худонинг қарғишига учраган юртни ташлаб кетишга мажбур бўлганлар. Ўша маърифатпарвар, илмпарвар аждодларимизнинг бой мероси ҳозирги замон Европа фани, фалсафаси ривожига хизмат қилган. Эҳтимол, бугунги қолоқ ва қашшоқ, коррупция ва зулм салтанат қурган юртни ташлаб чиқиб кетаётган истеъдодли ёшлар буюк аждодларимиз қисматини яна такрорлашлари мумкиндир.
Инсоният тарихининг бурилиш нуқталарида инсоннинг моҳияти масаласи доимо қизғин баҳс-мунозаралар предмети бўлиб келди. Мустабид совет тузумида танҳо ҳукмронлик қилган коммунистик мафкура инсоннинг аввало, ахлоқий, имон-эътиқодли мавжудот эканлигини инкор этишга, унинг ақлли, яратувчан мавжудотлигига алоҳида урғу бергани ҳолда фаннинг битмас-туганмас куч-қудратга эга эканлигини исботлашга, оммавий қирғин қуролларини ишлаб чиқаришга зўр берди. Бундай хатарли дунёқараш бутун инсониятни учинчи жаҳон уруши ёқасига олиб келди. Жаҳон социализм системаси ва унинг мафкураси барбод бўлиши билан инсоннинг моҳияти масаласи яна кун тартибига қўйила бошлади.
Янгича дунёқараш асослари озодлик учун кураш қаҳрамонларининг илғор ғоя ва қарашларида илгари сурила бошланди. Ақл ва қалбнинг номутаносиблиги ҳозирги замон Ғарб жамиятининг энг оғриқли муаммоларидан бири бўлиб, Эрих Фромм ўзининг қатор асарларида Шарқ маънавияти ва Ғарб рационализмини уйғунлаштириш, диний, бадиий –эстетик қадриятларни ривожлантирмай туриб, инсоният инқирозлардан, муқаррар ҳалокатдан қутила олмаслигини исботлашга ҳаракат қилди.
Инсон ўз Парвардигорини танимай туриб, ўзлигини англай олмайди, Оллоҳ покиза қалблардагина яшайди. Худди шу маънода Сизнинг дунёқарашингизда рўй берган муҳим эврилишлар фалсафий мушоҳадалар учун ғоят муҳим манба бўлиб хизмат қилиши мумкин.
Дарҳақиқат, инсоният тарихидаги фожиа ва жаҳон урушларини ақлли одамлар амалга оширдилар. Улар худосиз, золим ва йиртқич эдилар. Бу жиҳатдан ХХ асрнинг энг ақлли даҳолари ҳисобланган Сталин, Гитлер қаторига бемалол И. Каримовни қўйиш мумкин. У ўлиб бораётган диктаторлик бошқарувини Ўзбекистонда қайтадан тиклади.
Машҳур инглиз файласуфи Карл Поппернинг бутун инсоният олдидаги буюк хизмати шундан иборат бўлдики, у ўзининг рус тилига таржима қилинган икки жилдлик “Очиқ жамият ва унинг душманлари” (М., 1992) асарида янги жамият қуриш учун доҳийлик даъвосини қилган, большевизм ва фашизм ғояларига асос солган Платон, Гегель, Маркснинг даъволари пуч ва ёлғон эканлигини тарихий факт ва мантиқий далиллар билан исботлаб, фандаги илмийликнинг янги мезонларини таклиф этди. Унинг таълим беришича, доҳийларнинг шак-шубҳага ўрин қолдирмайдиган ғоя ва таълимотларининг фанга асло алоқаси йўқдир. Фаннинг вазифаси келажакни башорат қилиш эмас, балки мавжуд муаммоларнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганиш ва уларни оқилона ҳал этиш учун таклифлар беришдир. Шубҳаланишга йўл қўймаслик, бошқача фикрлашга тоқатсизлик совет тоталитаризмининг муҳим сифатий белгиси сифатида Мустақил Ўзбекистон фани ва фалсафасида гуллаб-яшнашда давом этди.
Ҳамма замонларда ҳам жамият икки қутбга – кўпчиликни ташкил этувчи омма (авом)га ва ижодкор озчиликни ташкил этувчи элитар қатлам – хослар аҳлига бўлинган. Марксизмга зид ўлароқ Арнольд Тойнбига кўра, ижодкор озчиликни ташкил этувчи элитар қатлам (зиёлилар, мулкдорлар, тадбиркорлар, профессионал санъаткор, сиёсатчи, ҳуқуқшунос ва ахлоқшунослар) тарих ижодкорларидир. Авом эса уларга эргашувчи, тақлид қилувчилардир.
ХХ аср бошларида Туркистон мустақиллиги ва озодлиги учун, зулм, истибдод ва жаҳолатга қарши сиёсий кураш майдонига чиққан жадидчи зиёлиларнинг барчаси мулкдорлар синфининг илғор вакиллари эдилар. Коррупция ва порахўрлик гуллаб-яшнаган мустақил Ўзбекистонда сиёсат жиловдорлари мулкдорлар синфи, элитар қатламнинг шаклланишига йўл қўймади.
Аҳли хослар (элитар қатлам) негизини илм-фан, санъат, маданият, ҳуқуқ ва сиёсат арбоблари ташкил этадилар. Уларнинг тарихий вазифаси илмсиз, ҳуқуқсиз, қашшоқ халқни золимлар истибдодидан ҳимоялаш, ижтимоий адолат ва ҳақиқатнинг тантанаси учун курашдир. Иқтисодий эркинлик, сиёсий фаоллик, илм-фандаги плюрализмга тубдан қарши бўлган тоталитар бошқарув шароитида “Учинчи Ренессанс” барпо этиш, жадидчилик ғояларини ривожлантириш ва ҳаётга татбиқ этиш қуруқ сафсатадан бошқа нарса эмасдир.
“Муҳтожлик муқаддас қадриятларни ҳақоратлайди”, – дейди Гегель. Ана шу ҳақиқат Мустақил Ўзбекистонда ўзининг нақадар чин эканлигини намойиш эта бошлади. Ўзбекистонда барча маънавий қадриятлар (фан, дин, санъат, сиёсат, ҳуқуқ ва ҳ.о.) бир амаллаб тирикчилик ўтказиш, яшаб қолиш, юлиб қолиш воситасидир.
Зоҳиран ҳаммаси гўзал: ибодат қилиш ҳам, таълим, спорт, фан, маданият, кўча ёқаларидаги гулзорлар… бироқ буларнинг бари сунъий, қалбаки ва сохта эканлигини ҳамма билади! Ибодат билан баб-баравар фирибгарлик, ёлғон, фахш, порахўрлик, жаҳолат гуллаб-яшнаяпти. Ҳеч кимга ишонч, ростгўйлик ва самимият йўқ, ҳамманинг ичи тўла дард. Эртага нима бўлади, деган саволга ҳеч ким жавоб беришни хоҳламайди.
Ижтимоий онгдаги мунофиқлик, иккиюзламачилик “маҳалла” деб аталадиган институтда тўла намоён бўлди: маҳалла бир вақтнинг ўзида ҳам маҳаллий ҳокимият органи (маҳалла раиси ҳукуматдан маош олади), ҳам ўз-ўзини бошқарувчи гражданлик жамияти институти. Давлат ҳокимияти маҳалла орқали оила институтининг ички ҳаётига фаол аралаша бошлади. Президент қайси вилоятга ташриф буюрса, оилаларга кириб, оила бошлиғига нимадан қандай даромад қилиш, ердан қандай фойдаланиш, парранда боқишнинг афзалликлари ҳақида доно маслаҳатлар беради. Бошқача қилиб айтганда, мамлакат президентидан то қишлоқ оиласигача бўлган авом ўз вазифаси нима эканлигини билмайди. Ҳамма соҳага бош суқиш, ҳаммага ақл ўргатиш совет доҳийларидан ўзбек диктаторига мерос бўлиб ўтган “донишмандлик”дир. Қуллик, қашшоқлик, мулксизлик ва қўрқув ҳукм сурган мамлакатда аҳволнинг бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас.
Президент Ш. Мирзиёев даврида маҳалла раислигига ИИБ, Прокуратура сингари куч ишлатувчи таркибнинг истеъфодаги ходимлари “сайлана” бошлади, ўрта умумтаълим мактабларини қўриқлаш, мактабларда тартиб –интизом ўрнатиш учун Миллий гвардия ходимлари жалб қилина бошланди. Бир сўз билан айтганда, маҳаллани ҳам, таълим муассасаларини бошқаришни ҳам полициячилар эгаллай бошладилар. Лекин бу билан мамлакатдаги аҳвол яхши томонга ўзгаргани йўқ.
Ўзбекистон шароитида бешта қўғирчоқ партия ҳукуматга садоқат билан хизмат қилгани сингари ҳукумат томонидан тайинланган жоме масжид имомлари ҳам сиёсатга садоқат билан хизмат қилиш учун диндорларни сабр-тоқатли бўлишга, шукр қилишга ва фикр қилмасликга ундаяптилар. Бир куни билан яшаётган ишсиз, камбағал ва мулксиз авом шундай аҳволда ўлмагани учун ҳар куни беш маҳал Оллоҳга шукр, сабр қиляптилар.
Ўзбекистонда коррупциялашган давлат бошқарувининг мутлақлаштирилиши давлат институтининг субстанционал моҳияти бузилишига олиб келди ва бу билан буюк немис файласуфи Гегелнинг “нимаики мутлақлаштирилса, ўзининг зиддига айланади”, деган хулосасининг нақадар ҳақ эканлигини тасдиқлади.
Ўзбекистонда озодлик ва мустақиллик курашчиларининг сиёсий онг ва тафаккурида ожизлик ва қолоқлик, сиёсий назокат (дипломатия) ва маданиятнинг, сиёсий тажриба ва малаканинг етишмаслиги – ана шуларнинг бари диктатор Каримовга сиёсий зулм ва зўравонликларни амалга ошириши учун имкон берди.
Сиёсий зулм ва зўравонликларга қарши инсон ҳуқуқлари ва шахс эркинликлари учун хизмат қиладиган Конституция миллатнинг маънавий оталари томонидан яратилсагина, унинг ўзгартирилишига йўл қўйилмасагина давлат институти ижтимоий барқарорликни таъминловчи, халқ манфаатлари ва ижтимоий тараққиёт учун хизмат қиладиган миллий қадриятга айланиши мумкин. Бунинг учун Ўзбекистонга Сиз каби шахслар керак, халқ зиёлилари эса ана шундай шахсларни вояга етказиш, авайлаб-асраш ва қўллаб-қувватлашни билиши керак.
Азиз ва муҳтарам жаноб Муҳаммад Солиҳ! Менинг ушбу мактубимга танқидий нуқтаи назардан ёндашишингизни илтимос қиламан. Мен бугунги Ўзбекистон фалсафасининг оғриқли муаммолари ҳақида мухтасар фикр юритишга ҳаракат қилдим. Мени бунга Сизнинг Истанбулда чоп этилган 13 жилдли “Куллиёт”ингиздан олган таассуротларим туртки берди. Бундай ёндашишдаги хато ва камчиликлар ҳақида қимматли фикр ва мулоҳазаларингизни билдирасиз, деб умид қиламан.
Сизга Яратгандан мустаҳкам соғлик, узоқ ва мазмунли умр, ижодий фаолиятингизда омадлар тилаб, камоли эҳтиром билан Сизга интилувчи Қодир қулингиз Рўзматзода.
2025 йил 22 май. Фарғона вилоятининг Чимён қишлоғи.
Ўзим ҳақимда қисқа маълумот: 1953 йил 21 майда Чимён қишлоғида колхозчи-деҳқон оиласида дунёга келдим. Фарғона давлат пединститути (ҳозирги ФарДУ)нинг кундузги Ўзбек тили ва адабиёти факультети (1977)ни имтиёзли ва тарих (сиртқи) факультети(1982)ни тамомладим. !972-1974 йиллари армияда хизмат қилдим. 1988 йили Тошкентда “Меҳнат маданиятининг ривожланиш жараёни диалектикаси” мавзуида номзодлик, 2020 йили “Ҳожамназар Ҳувайдонинг тасаввуфий қарашлари” мавзуида фалсафа фанлари доктори илмий даражасини олиш учун докторлик диссертациямни (ЎзМУ) ҳимоя қилдим. Улуғ устозларимнинг ибратли ҳаёт йўли ва инсоний фазилатлари ҳақида 10 га яқин илмий-публицистик китоблар чоп этдим. Эрих Фроммнинг “Озодликдан қочиш” (Т, 2021) ва Александр Книшнинг “Мусулмон тасаввуфи” (Т., 2022) асарларини ўзбек тилига таржима қилганман. 2021 йилгача оилам билан яшаб, уч ўғилни тарбияладим, ҳаммаси олий маълумотли. Бутун онгли ҳаётим сиёсий зулм ва тоталитаризмга қарши исён билан ўтди ва ўтяпти. Ҳозир қишлоқда ёлғиз яшаяпман. Бошимга тушган барча кўргилик ва ёмонликлар яхшиликка айланди. Золимлар мени қанча ерга урсалар, Оллоҳим мени шунча юксалтирди. Мени икки марта институтдан четлатдилар, ҳар сафар юқори илмий даража ва инсоний сифат билан институтга қайтдим. Шу боис Оллоҳимга шукр, дейман.