Қўқонлик табибни фош қилган фаолни Учкўприк суди жазолади
54 яшар ўзбек фаоли ва ютубер Йўлчибой Исмоилов Учкўприк суди томонидан 23 май куни уни жазолаш учун чиқарилган ҳукм устидан шикоят ëзди.
“Ўзбек форум” ташкилотида нусхаси мавжуд бўлган қўлëзма шаклидаги мазкур аппеляция аризасига кўра, Исмоилов суднинг “даллиларга асосланмагани” ва ишга “мазмунан” ëндашилмагани боис сохта табиб ëнини олувчи “номақбул” чиқарилган ҳукм бекор қилинишини сўраган. Исмоилов ўз аппеляция аризасида “Учкўприк судига ишонмаслигини” айтади. Аввалроқ, Исмоилов Ўзбекистон президентига видеомурожаат йўллаб, Ўзбекистонда суд ҳокимияти фалаж холда экани боис Ўзбекистондаги тузумни “демократик” деб атаб бўлмаслигини таъкидлаган.
“Ўзбек форум” ташкилоти билан суҳбат давомида Исмоилов маҳаллий аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдираëтган сохта табиб Иқбол Солиев “кирдикорларини фош қилгани” учун Солиев аризасига биноан маҳаллий суд тарафидан “ноҳақ жазоланганини” айтиб берди.
2024 йил июн ойида Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қўқон шаҳар ИИБга маълум қилишича, “И.П.Солиевнинг Халқ табобати усулларини қўллаш орқали тиббий хизмат кўрсатиш лицензиясига эга эмас ва мазкур соҳада фаолият кўрсатиши мумкин эмас”.
Шунга қарамай, Иқбол Солиевнинг бизнеси гуллаб яшнамоқда ва унинг сўзларига кўра, унинг фаолияти учун лицензия талаб қилинмайди.
Исмоилов ўрта мактабда “завхоз” бўлиб ишлаш асносида ўз туманидаги муаммоларни видеолавҳалар орқали мунтазам ëритиб борган.
2025 йилнинг 15 майида жиноят ишлари бўйича Учкўприк туман суди ўзини гўёки жабрдийда қилиб кўрсатган маҳаллий табиб Иқбол Солиев аризасига биноан Исмоиловга нисбатан очилган жиноят ишини кўриб чиқди.
Суд ҳукмга кўра, фаол Йўлчибой Исмоилов Ўзбекистон Жиноят кодексининг 139 ва 140 моддаларида кўзда тутилган жиноят, яъни ғаразгўйлик мақсадида “туҳмат қилиш” ва “ҳақорат” жиноятини содир этгани учун уч йилга “озодликни чеклаш” ва “аҳлоқ тузатиш” билан жазоланди.
Ҳукм талабига кўра, Исмоилов уч йил мобайнида “уйида ухлаши”, Фарғона вилоятини тарк этмаслиги керак. Энг асосийси – Исмоиловнинг 3 йил давомида интернет тармоғидан фойдаланишига тақиқ қўйилди. Унинг сохта табибни фош қилган видеоконтентлари тармоқдан ўчириб юборилиши учун рақамли технология вазирлигига хат юборилди. 2022 йил бошида Фарғонанинг Мингтут қишлоғига Марказий Осиë (МО) ва МДҲ давлатларидан минглаб одамлар кела бошлади. Улар “барча касалларни” қўл текизиш орқали даволайдиган “сеҳргар” Иқбол Солиевдан даво истаб келишган эди.
Бунинг ортидан қишлоқда ижара нархлари ошиб кетди. Марказий Осиёнинг турли нуқталаридан Фарғонадаги Мингтут қишлоғига қатновчи автобус ва такси хизматлари фаолият бошлади. Ижтимоий тармоқларда Иқбол Солиевнинг қўли тегиши билан юриб кеткан чўлоқ, кўр, рак ва шакар хасталигидан бир мунутда “тузалиб” кеткани акс этган одамларнинг видеолари тарқала бошлади. Солиев ҳудди халоскор Исоий Масиҳ каби МО халқларига “нажот элчиси” қилиб юборилгани ҳақидаги промо роликлар тармоқнинг ўзбек сегментида кенг айлана бошлади. Тўрт нафар қўриқчи ҳамроҳлигида юрган табиб оз муддатда таъсири кучли ва бадавлат шахсга айланди.
Аслида эса тўйларда қўшиқ айтиб тирикчилик қилиб юрган Иқбол Солиевнинг “овози кетиб қолиб” (қўшиқ айтиш учун овоз пардаларининг ëмонлашуви) ишсиз қолгани ортидан ўзининг “бирдан экстрасенс даволовчига” айланиши шунчаки фирибгарлик трюки ва оддий шарлатанлик эди.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 2024 йил 19 июн куни Фарғона ИИБга юборган 23 сонли хатида Иқбол Солиевнинг одамларни даволашга ҳаққи йўқлиги аниқ-равшан қайд этилган.
Маҳаллий шарлатаннинг “табиб” спектаклини журналистлар фош қила бошлагани ортидан унинг қўриқчиларига чора кўрилган бўлса ҳам “табиб” сувдан қуруқ чиққандай ўзининг “духтрлик” фаолиятини давом эттираверди ва одамларни “даволагани” учун гонорар миқдорини уч карра оширди. Маҳаллий фаол Йўлчибой Исмоилов “табиб” уйига бориб, у алдаб пулини олган касаллар билан суҳбатлар асосида бу шарлатанлик схемасини фош қилувчи видеолавҳалар тайёрлади.
Аввалига табиб пўписа ва таҳдид билан фаол овозини ўчирмоқчи бўлди, аммо буни эплай олмади. Кейин эса адвокат ëллаб, ўзбек суди кўмагида ўзининг кирдиркорларини фош қилган фаолни жазолашга эришди.
55 яшар Иқбол Солиев Ўзбекистонда “одам даволаш” фирибгарлик схемаси асосида пул шиладиган биринчи шарлатан эмас. Кинначи, парихон, иссиқ-совуқ қилиб “жин чиқарувчи” ўнлаб шарлатанлар кейинги йилларда мамлакатнинг инқирозга учраган тиббиёти фонида урчиб кетганини кўриш мумкин.
Олдинроқ Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманида икки эркак «жин чиқариш» пайтида бир аёлни ўлдириб қўйган эди.
Ўзбек адлияси, ҳуқуқ тартибот ва суд тизими инсон саломатлигига жиддий хавф туғдирувчи экстрасенс табибларни назорат қилиш ўрнига уларнинг кирдикорларини фош қилган журналист ва фаолларни жазолаëтгани “Янги Ўзбекистон”нинг абсурд реаллигини англатади.