close
close
Кўзқараш
16 май 2019

Маҳмуд Ражаб – шоир, бор гап шу!

close

Ҳақиқатга қайси томонидан қарасанг ҳам бир хил кўринади, дейишади. Маҳмуд Ражаб -шоир, ёзувчи, шу миллатнинг чин бир фидоийси, Матназар Абдулҳакимнинг хос шогирдларидан – ҳақиқат шу! Яъни Маҳмуд Ражаб шахсида шу ҳақиқатни – шоир деган ҳақиқатни кўриш мумкин, қолгани – уйдирма!!! Мен Маҳмуд аканинг шахсини яхши биламан, ижодини қадрлайман. Шеър йўлида ҳамсафарлармиз. Яна бир гўзал шоирнинг адолатсизликка ем бўлишига йўл қўймайлик! Шоирлар қамоқхона ва дорларга эмас, энг гўзал юракларга салом бериб кириб борсин, Халқим!!! Мавриди билан Маҳмуд Ражаб шеърларидан туҳфа этамиз.

Гўзал Бегим
Шоиранинг фейсбук саҳифасидан

БЕҚАРОРЛИК

Ўзгармас қарорим беқарорликдир,
Бир шохада тура олмайман доим.
Ўтириб олганим шох қуриётса,
Гуллаган шохларга ўзгарар жойим.

Янада беқарор бўлурман баттар,
Тарози устига чиқмоқчи чоғим.
Нисбий бўлса агар адолат, ўлчов,
Икки паллададир икки оёғим.

АГАРДА…

Эҳ, нақадар зерикарлидир,
Фақат ҳақиқатга ишонмоқ.
Севаман деб алдагин мени.
Сўнгра эса
Қучоғингда тутиб қолмасанг,
Ёрилиб ўламан севинчдан.
Оғушингдан жой сўрармидим
Бу дунёга сиғолганимда.

ИЛЛЮЗИЯ

Терак тепасида ўтирган ойни,
Яшириб қўймоққа топдилар имкон.
Ой-ку этак билан ёпилмас, лекин,
Кўзни этак билан ёпмоқ мумкиндир.
Шамол келаётир дарғазаб, чунки
Шамолга тўнкади
Теракни
Қимирлатиб кетган кимсалар.

ТИНЧЛИК СУВРАТИ

Милтиқ кўтарилиб
ҳуркитар бирдан
Қаноти бор ҳамма нарсани.
Қушлар талвасада учар,
фойдасиз,
Ўқ барибир қувиб етади.
Шунда бирдан қайдандир келиб
Милтиқнинг учига қўнар ниначи.

ВАҲИМАЛИ ТУН

Зорланиб-зорланиб маърайди бузоқ,
Гўдак чирқирайди бешикда.
Итлар увиллайди қайғули, узоқ,
Товушлар лашкари эшикда.

Қувонч ғойиб бўлган билдирмай секин,
Узоқларга қочиб кетгандир уйқу.
Эшик тамбаланган мустаҳкам, лекин
Бостириб киради хонага қўрқув.

Маҳмуд Ражаб

Тағин ўқинг
7 декабр 2015
Омадли бизнесмен ва Ўзбекистондаги илк хусусий банкни ташкил қилган Рустам Усмонов, ўша пайтларда ҳали Тошкентдаги энг олий кабинетларга кира ...
20 март 2016
“Диёнат” газетаси Учқўрғон туманилик ҳамқишлоқларини Қозоғистонга олиб бориб, 500 минг тангага сотиб юборган шахс беш йил муддатга қамоқ жазосига ...
6 январ 2020
АОКА блогер ва журналистларни сотиб олиши эмас, ҳуқуқий қўллаб-қувватлаши зарур. Унинг баёнотлари жуда кулгили. Ваколатлари бизни ҳимоя қилишга етмас ...
11 июл 2019
Гулчеҳра Нуриллаева 1938 йилда Тошкент вилоятида туғилган. Тошкент давлат университети ва Москвадаги Олий адабиёт курсларида таҳсил олган. 15 дан ...
Блоглар
3 феврал 2020
Ўқитувчиларни мажбурий меҳнатга жалб қилишда узоқ йиллар жонбозлик кўрсатиб келган Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов ...
27 январ 2020
Бугунги замондаги ўзбекнинг қўллари қарсаклардан қавармайдиган бўлиб кетди. Аслида илгари ҳам миллатимизнинг қўли қарсаклардан қавармаган.  ...
20 январ 2020
Ўзбекистонда Олий Мажлис Сенатига сайланганларнинг аксарияти, тўғрироқ айтганда, асосий ролдагилар яна ўша эски амалдорларнинг ўзларидир. ...