Ўзбекистон жамияти боши очиқ ва ҳижобли қутбларга ажралди
Ўзбекистон – эътиқод эркинлиги кафолатланган давлат. Қонунларда шундай ёзилган. Aммо амалдачи? Мактабларда, коллеж ва университетларда ҳижобда ўқиш мумкин эмас. Давлат идораларида ҳижобда ишлаш эса ҳали ҳам мушкул.
Кам сонли ўта радикал қатлам боши очиқ аёлларни фоҳишага тенглаштириб вазиятни янада мураккаблаштирмоқда.
Савол туғилади: инсоннинг шахсий танлови ва эътиқодига аралашишга қачондан йўл қўйиб бердик?
Хоразмдаги “Маъмун” хусусий университетида ўқийдиган талабалар хабарига кўра, ҳижобли қизларни йиғилишга чақиришган ва рўмолларини ечишга мажбур қилишган. Ҳаттоки, рўмолини ечиб расмга олишгача боришган.
Бу иш университет хотин-қизлар қўмитаси раҳбари бошчилигида амалга оширилгани айтилмоқда.
Қизларга эса:
рўмолни ечмасанг университетдан ҳайдаласан;
контракт пули қайтарилмайди;
ота-онанг чақирилади;
прокуратурага олиб борамиз
каби оғир таҳдидлар қилинган.
Раҳбарият қизларни қўрқитган: кечқурун рўмолда юрган қизларни давлат ходимлари олиб кетиши, ариза ёздириши ва эҳтимол жазолаши мумкин эмиш. Бу қайси қонунда бор?
Форма асосий ташвишимиз бўлар экан таълим сифати ривожланмайди. Чунки асосий эътибор илм, таълим сифати, фикрлаш доирасини кенгайтириш, малака оширишга эмас – соч ёйилгани, макияж, соқол бор-йўқлиги, рўмол бор-йўқлигига қаратилган.
«Энг ачинарлиси — ярим яланғоч, калта юбкада келадиган талабаларга ҳеч ким эътироз билдирмайди» дейди мурожаатчилар.
Шу жойида шикоятнинг қисман тухматлигини айтайлик. Ҳар қандай тақводор кўзига боши очиқ қиз ярим-яланғоч кўринади. Университет йўлакларини синчиклаб кузатилса, бирор мини юбкалик, очиқ-сочиқ қизни учратмайсиз. Чунки ҳаво совуқ, мантиқни ишлатинг.
Сиз боши очиқ қизларни очиқ-сочиқ, ярим-яланғоч деб иддао қилишда давом этаркансиз, ҳижобга муносабат ижобий томонга ўзгармайди
«Ҳижоб — жиноят емас. Ҳижоб — тўсиқ емас. Ҳижоб — шахсий танлов» дейди улар.
Биз эса адолат билан айтамиз: соч – жинсий аъзо эмас. Боши очиқни ярим-яланғоч деб тухмат қилишни тўхтатинг. Оверсайз кийимлар урфга чиққан бир даврда кўчадаги 10 қиздан биттаси очиқ ва тор кийинади. Агар сиз барча боши очиқларни кўзларингиз билан ечинтириб ташлаётган бўлсангиз, сизга нисбатан муносабат салбий бўлиб қолаверади.
