Мустақиллик концертида пропаганда илми йўқ
Кринж концертда Мадвазирдан тортиб яқинда памперсдан гаршўкка ўтирган болагача «Янги Ўзбекистон» ҳақида ашла айтди.
Хўш, бунинг нимаси ёмон? Сиёсий тузум яъни давлатчилик шакли мутлақ ўзгармаган тақдирда юрт тарихини даврлаштириш, эски даврни тўлиқ кўмиб юбориш – энг аҳмоқона ғоя. Ўзбекистонда бошқарув маъмурияти ўзгарди, лекин давлат тузуми ўша-ўша. Масалан, ҳозир толиб баччавозлар Афғонистон мустақиллигини нишонласа, «Янги Афғонистон» деб ашла айтилса бўлавуради. Чунки бу бит соқол толиблар фақат Ашраф Ғанини қувиш билан чекланмади, улар дунёвий давлатни бузиб, устига чиқиб тепкилаб, 7-аср форматидаги тузумни ўрнатди.
Ўзбекистондачи? Ўзбекистонда нима бўлди? Табиатан ўжар, руҳан касал авторитар Президент ўлди, обориб кўмишди. Давлат тузуми ҳалиям секуляр, иқтисоди ҳалиям капиталистик, байроқ, гимн ўзгармади. Энг муҳими, Каримов даврида иккинчи бўлган шахс бугун биринчи. Ҳа, унинг сиёсати енгилроқ, капитал кўпайди. Ва бу жуда яхши аломат. Лекин асос барибир 1991 йилда қўйилган.
Ўша ўжар диктатор ўлганида тобут кортежи ортидан уввос солиб йиғлаб югурган Муножот кампир бугун янги Ўзбекистон риторикасига ўтволди. Мустақиллик проспектида узун қора катафалк изидан айтиб-айтиб йиғлаганди. Бугун 180 градус терс бурилиш. Мана бу эса саводсиз ва тўпори пропаганда натижаси.
Иккиюзламачиларни ҳеч ким ҳурмат қилмайди. Масалан, Хитойда тишини ювмаганидан оғзи сассиб кетган, эшакдан қайсар диктатор Мао ўлди, обориб кўмишди. Иннанкейин халқ шоирлари Ден Сяо Пин братга пахта қўйиб «Янги Хитой» деб шиғир ёзмаган. Нима дейишган унда? «Мао дўдамиз 70 фоиз яхши эди дейишган, раҳмалли атрофдагиларини таъсири остида 30 фоиз хатолар қиган» дейишган. Хитойнинг расмий риторикаси ашнақа эди ростан. Албатта, бу булшит ёлғон. Лекин давлатчилик тамалига зиён бермайдиган ёлғон, деликат пропаганда намунаси.
Савияли пропагандачи аввалги маъмуриятни очиқча қораламайди, даврларни янги-эскига бўлмайди. Ҳарқалай, расмий саҳналарда ҳадеб «Яп-янги Ўзбекистон»лаш катта хато. Буни Каримовни қўмсашга йўйманг. Каримовни фош қилувчи постларни энг кўп Элтуз ёзади зотан.
Кечаги концертда «Юрт тинчлигин ўйлаган султонларга тасанно» деб бир арава пахтани ўртага тўккан Сирожиддин Саййид ҳам, «эски замонлардан айтмайман деб қасд қилдим» дея минғиллаган Мадвазир ҳам аксар одамларда жирканиш туйғусини уйғотди холос. Бунақа саводсиз тарғибот оқибатида «ўтмишни қўмсаш» янада кучаяди. «Аввалгиси ёмон бўлса, сенлар ҳам пешмассанлар» деган кайфият тарқалади.
Янги Ўзбекистон манавиятчиларию, қолган барча пропагандистларига Элтуздан тавсия: деликат риторикага ўтинг, тарғибот траекториясини сал силлиқлаштиринг.
Битта медал, битта курси оламан деб минбарларда очиқча ялтоқланманг. Каримовга қандай ялтоқланганингиз эсимизда, «Эгаси бор юртнинг эртаси бордир» деб шиғирлар ёзардингиз. Шуни кўрганлар, эшитиб улғайганлар ҳалиям тирик.
Халқнинг аксари сиз ўйлаганчалик меров ва овсар эмас – бу чапани тарғиботингиз билан қош қўяман деб кўз чиқаряпсиз. Замонавий сиёсий риторика, психологик таъсир, нутқ маданияти каби фанларни, имлицит тарғиботни ўзлаштириб масалага илмий асосда ёндашинг.
Элтуз Ўзбекистон сиёсатига оид воқеаларни ёритишда давом этади, каналимизга обуна бўлинг. Видео юзасидан изоҳлар қолдиринг.