close
close
Асосий мавзулар
12 ноябр 2023

12 ноябрь – Мурод Жўраев озод этилган кун

close

Ўзбекистон «Эрк» демократик партияси фаоли, жамоат арбоби ва парламент депутати, дунёда тинч сиёсий фаолияти учун энг кўп қамоқда ўтирган Мурод Жўраев 2015 йилнинг 12 ноябрь куни 63 ёшида, ўлимидан икки йил бурун турмадан озод этилган эди.

1994 йилнинг 18 сентябрида ҳибсга олинган Мурод Жўраев ноҳақ йигирма бир йил панжара ортида ўтирди. Дастлабки тўққиз йиллик жазо турли баҳоналар билан 12 йилга узайтирилди. Бу давр мобайнида уни муттасил қийноқларга тутишган ва у жиддий касал бўлган.

Ўзбек ҳукумати Жўраевнинг қийноқларга солингани, ўзбошимчалик билан жазо муддати муттасил чўзиб келингани, унга турмада зарур тиббий ёрдамлар кўрсатилмагани юзасидан фактларни астойдил ўрганиши керак, дейилади «Ҳьюман райтс уотч» (ҲРУ) инсон ҳуқуқлари ташкилоти эълон қилган баёнотда.

«Сўнгги йигирма бир йил Мурод Жўраев ва унинг оиласи учун мисли кўрилмаган жаҳаннам бўлди, – дейди ҲРУнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

– Ўзбек ҳукумати энди Жўраевни қийноққа солган ва қамоқ муддатини ўзбошимчалик билан узайтирган шахсларни жавобгарликка тортиши лозим».

Ҳибсга олингунига қадар Жўраев 1991-1992 йилларда парламент депутати, мухолифатдаги “Эрк” партиясининг таниқли арбоби, шунингдек, Қашқадарё вилояти Муборак тумани ҳокими бўлган.

«Совет Иттифоқи қулагач, Жўраев биринчилардан бўлиб компартиянинг шаҳар қўмитасини тарқатиб юборгани учун президент Каримов ғазабига дуч келган шахсдир», дейилади ҲРУнинг матбуот релизида.

1994 йилнинг 18 сентябрида у Қозоғистонда ҳибсга олиниб, Ўзбекистонга жўнатилганди. У ҳибсга олиш пайти қаттиқ калтакланади, қовурғалари синдирилади.

1995 йилнинг 31 майида Жўраев, жумладан, тақиқланган “Эрк” партиясига аъзо ёшларни ҳарбий тайёргарликдан ўтказган, деган туҳмат билан судланади. Ҳокимиятни ағдармоқчи бўлган, деган иддао билан дастлаб 12 йилга озодликдан маҳрум этилади, кейинчалик муддат 9 йилга туширилади.

«Ўзбек ҳукумати ўзининг потенциал танқидчилари сифатида кўрган кўплаб маҳкумларни муттасил жазолаган, уларнинг қамоқ муддатларини мантиқсиз айбловлар билан асоссиз тарзда чўзиб келган», дейди Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик ташкилоти (ИҲХҲ) директори Брижит Дюфар.

Ҳукумат ўзбошимча тарзда Жўраевнинг жазо муддатини 2004, 2006, 2009 ва 2012 йилларда тўрт марта «қамоқхона қоидаларини бузиш» айблови билан чўзиб келган.

Жўраевга қўйилган айбловлар сирасига «сабзини нотўғри тўғраганлик» ва казармага киришда «пойабзални нотўғри жойлаш» каби мантиқсиз сабаблар рўкач қилинган. Шу зайл у 21 йил Каримов турмасида қолган.

2011 йили Франциянинг АСАТ ташкилоти уни турмада қаттиқ қийноққа солишгани ва у сил касалига чалинганини билдирган. Жўраев рафиқаси билан 2013 йили учрашганида барча тишларининг тушиб кетгани, қийин овқатланаётгани, доимо боши ва ошқозон оғриғидан, ўнг қўли эса вақти-вақти билан жонсизланиб қолишидан шикоят қилган.

У сўнгги бор тергов чоғида уни турмада тирик сақлаб турган ягона нарса “муттасил узоқ давом этган маҳкумлиги даврида руҳан қўллаб-қувватлаб келаётган ўз рафиқасига бўлган миннатдорлик туйғуси” эканини билдирган.

Соғлиғи ёмонлиги ва елкасида кучли оғриқ борлигига қарамай, турма мулозимлари Жўраевни ғишт заводидаги оғир ишларни бажаришга мажбур қилишган.

Мурод Жўраев 2017 йилнинг 4 декабрида Қашқадарё вилоятининг Муборак шаҳридаги уйида 65 ёшида вафот этган.

Қариндошларининг айтишича, Мурод Жўраев чой ичиб ўтирган вақтида тўсатдан жони узилган.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
28 март 2019
1797 йили АҚШда дунëдаги илк кир ювадиган машинага патент олинди. Шу тариқа бундан 219 йил аввал инсоният, хусусан, аëлларнинг ...
28 феврал 2023
Бундан бир йил олдин босқинчи Россия мустақил Украина тупроқларига хоинларча бостириб кириб, ëш гўдаклар, хотин-қиз, қариялар ҳамда жами ватансевар ...
4 март 2019
22 февраль куни telegra.ph интернет саҳифасида рус тилида «Тени кукловодов» («Қўғирчоқбозлар сояси») сарлавҳаси остидаги мақола пайдо бўлди. Бунда Ўзбекистондаги ...
17 ноябр 2016
«Ҳуррият» газетасида (16.11) «Талаба-журналистга мактублар» рукнида чоп этилган мақолада муаллиф бўлажак ҳамкасбларига «Журналистнинг таянч нуқтаси»ни топиб беришга уринади. У ...
Блоглар
8 ноябр 2023
Ҳамзанинг “Бой ила хизматчи” драмасида бой отага нечанчидир хотин бўлган аëлнинг эмизикли боласини кундоши қайноқ ...
6 ноябр 2023
Гитлерга ошиқ бўлиш йигирманчи асрда қолиб кетган руҳий аномалия деб ўйлардим. Немис хотинлари Гитлер гапирганда ...
25 октябр 2023
МТРК бошловчиси Дилшода Матчонованинг Ўзбекистон конституциясида қораланган ирқчилик, қирғинни қўллаб-қувватлаб 70 миллон кишини ўчоқда ëққан ...