close
close
Асосий мавзулар
6 март 2022

Марина Козлова: Украина ҳақидаги ҳақиқатлар учун менга таҳдид бўляпти

close

Ўзбекистонлик журналист Марина Козлова ўз сайтида Украинанинг Тошкентдаги элчиси Микола Дорошенко билан интервью чоп этиши ортидан Оммавий коммуникациялар масалалари марказидан огоҳлантириш олди.

Ўзбекистон президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига бўйсунувчи ушбу марказ номидан Марина Козловага жўнатилган хабарномада унинг сайтида жорий йил 4 мартда жойлаштирилган интервьюда “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатлари талабларига зид фото ва видеоматериаллар жойлаштирилганлиги аниқланган”.

Хабарномада мамлакат қонунчилигидаги меъёрлар саналиб, уларда “…шафқатсизликни тарғиб қилиш, …қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўладиган бошқа ҳаракатларни содир этиш мақсадларида фойдаланилишига йўл қўйилмаслиги”, “ёшларни ахлоқий негизларни бузишга олиб келадиган хатти-ҳаракатлардан… шафқатсизлик ғояларидан ҳимоя қилиш”, “шафқатсизликни тарғиб қилувчи маҳсулотни … тарқатиш, …намойиш этиш” каби шартлар кўрсатиб ўтилган. 

Яъни Марина Козлованинг сайтида эълон қилинган материалларда айнан шу меъёрлар бузилгани билдирилган ва уларни бузиш “белгиланган жавобгарликни келтириб чиқариши мумкинлиги” маълум қилинган.

“Юқоридагилардан келиб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг “Бутунжаҳон интернет тармоғида ахборот хавфсизлигини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, cизнинг сайтингиздаги Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилиги талабларига зид келадиган фото ва видеоматериалларни 24 соат давомида ўчириш зарурлиги тўғрисида огоҳлантирамиз”, дейилади хабарномада.

Оммавий коммуникациялар масалалари маркази Марина Козловани “қонун бузилиши ҳолати ўз вақтида бартараф этилмаган тақдирда судга даъво аризаси киритилиши”дан огоҳлантирган. 

“Яъни Ўзбекистон амалдорлари фикрича, рўй бераётган ваҳшийликлар учун Украниа аҳолисини отаётган ва бомбалаётган Россия ҳукумати эмас, мен айбдор эканман”, дейди бу хабарномага муносабат билдирган журналист. 

Расмий идоранинг эътирозларига Марина Козлова қуйидагича жавоб йўллаган: 

“Жаноблар (ёки ўртоқлар)! 

Аслида қонунлар ва инсонийликни сиз бузяпсиз. Тошларингни теринглар, демайман, лекин ҳеч нарсани ўчириб ҳам ташламайман. Аксинча, Путин ва унинг фашист қўшинлари ҳарбий жиноятлари акс этган кадрлар ва тасвирларни бундан кейин ҳам чоп этиб боришга ваъда бераман. 

Агар таҳдидларингизни тўхтатмасангиз, сиз билан судлашаман”. 

Оммавий коммуникациялар масалалари марказининг журналистга таҳдидига сабаб бўлган интервьюда элчи ҳозир “Украина фуқароларини йўқ қилиш, Украинага бу ерда ҳеч ким кутмаётган рус дунёсини олиш келишга қаратилган уруш юз бераётгани”ни айтади. 

Унда элчи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига Украинадаги уруш ҳақида “нотўғри маълумотлар”ни тарқатаётган телеканалларни ёпишни сўраб нота жўнатилганини маълум қилган. 

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда Украинадаги уруш учун Путинни қаҳрамон даражасига кўтараётганлардан ташқари украин халқини қўллаб-қувватлаётганлар, жумладан, блогерлар, жамоат ташкилотлари ва турли гуруҳлар вакиллари ҳам кўп.

“Биз нафақат жамоатчиликка, балки Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига ҳам Украинага инсонпарварлик ёрдам кўрсатишни сўраб мурожаат этдик.

Худога шукрки, биз Ўзбекистон давлати номидан инсонпарварлик ёрдами борти шакллантирилаётгани тўғрисида тасдиқнома олдик”, дейди элчи. 

Халқаро доираларда анча таниқли ўзбекистонлик журналист Марина Козлова узоқ йиллар давомида  United Press International (UPI), World Politics Review, EurasiaNet, Transitions Online, The Associated Press (AP), Asia Water Wire, Interfax, Prime-TASS, “Нефтегазовая вертикаль” ва бошқа кўплаб нашрлар билан ҳамкорлик қилган. 

Журналистик ишлари учун халқаро мукофотлар ҳам олган Марина Козлова АҚШ, Норвегия, Чехия ва бошқа мамлакатларда малака оширган ва халқаро анжуманларда иштирок этган. Ҳатто АҚШнинг Массачусетс штатида жойлашган Гарвард университетида маърузаси билан иштирок этган. 

Айни пайтда у Yep.uz ва  Urokis.online сайтлари ва учта телеграм канал эгаси, муҳаррири ва журналисти ҳисобланади. 

Тағин ўқинг
25 феврал 2021
(Муҳаммад Солиҳ аудиокитобининг давоми) Аскарликдан қайтганимда бир миллиятчи эдим. Аммо икки йил давомида ўқиганим бутун адабиётлар рус тилида эди. ...
28 апрел 2021
«Абдулла Ғарип Продакшн», рассом Элсевар, рассом Туз ва «Элтуз» янги сиёсий сатирик анимацион фильмлар туркумининг учинчи қисмини тақдим этади. ...
24 ноябр 2016
«Ҳуррият» газетасида (23.11) газетасида «Мунозара учун мавзу» рукни остида «Фан бизнесми ёки илм?» сарлавҳали мақола чоп этилди. Мақола Ўзбекистон ...
31 март 2021
27-28 март кунлари тинимсиз ёмғир ёғиши оқибатида Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида одамларнинг уйлари, машиналари ва чорвасини сел оқизиб кетди. Бу ...
Блоглар
3 март 2022
Россияни Украинага бостириб кришини оқлаятганлар миясини Россия ТВсини бир ёқлама пропагандаси ювган эканлигини кўришимиз мумкин. ...
28 феврал 2022
27-февралдан 28 февралга ўтар кечаси Вена шаҳар майдони намойишчилар билан тўлди. Улар Украинани қўллаб қувватлашмоқда. ...
26 феврал 2022
Нега ўзбеклар Путинни севади? Бу саволга нормал мантиқ булан жавоб бериш қийин. Ҳозиргина тақирбошлар калтаклаган, ...