close
close
Асосий мавзулар
29 сентябр 2025

«Гулнор» 8 қисм (Йилдирим келтирган совға)

close

Аxмад Бейжон Эржиласун

Профессор Йилдирим Дурсун дўсти Ахмад Бейжон билан билан университетнинг бошланғич курсларида танишган эди. 1963 йилнинг куз ойлари Дурсунбей каби Аҳмадбейнинг ҳам ҳаётида бурилиш нуқтаси бўлган эди.

Абдулҳақ Ҳамид дарнаги, Сулаймония кутубхонаси, Ускудар ўчоғи ва Мармара қироатхонаси бу икки дўстнинг ҳаётини шакллантирган имкониятлар эди.

Аҳмад Сулаймонияга тез-тез борар ва у ерда Отсиз билан учрашарди. Дурсунбейнинг фикрича, Отсиз 20-асрнинг бахшиси, ҳатто шомани ҳам эди. Уни муқаддас санарди ва унинг ёнида ўзини Аҳмадчалик эркин тутолмасди.

1965 йилда икки дўст катта бир режани амалга оширишди. Сиёсий партиянинг Истанбул ёшлар бўлими вакили сифатида Анқарага бориб ЖкМП (Жумҳурият қишлоқ миллият партияси) қурултойида Бошбуғу (Алпарслон Туркаш)нинг сайланиши учун овоз йиғишди…

Гулнорнинг телефонда бу қадар узоқ гаплашишига сабаб нима? Албатта, у ҳам агент. Қизиқ, булар Дурсунбейнинг Бошбуғу билан алоқалари борлигини билишармикин?

1968 йил апрел ойининг ўн бешинчи куни Xожиамин ўғли билан қилган узоқ тортишувини эслади профессор. Хожиамин ўғли яхши бир миллиятчи эди, Йилдирим уни жуда ҳурмат қиларди. Лекин Ҳожиамин партияга яқинлашмасди…

15 апрел Дурсуннинг туғилган куни эди. Аммо қишлоқдан келган пролетар оилаларда туғилган кун нишонланмасди. У 1968 йил 15 апрелида ҳам ўз туғилган кунини нишонламади, бироқ шу куни профессор Нажмиддин Xожиамин ўғли билан партия дебатини ўтказди. Мунозара натижаланмади, аммо Xожиамин ўғли:

– Йилдирим, менинг шошилинч ишим бор, бу мавзуни эртага тортишсак бўладими?, — деди.

– Албатта, хўжам, — деди Йилдирим ва хонадан чиқди.

Фақат домланинг қандай шошилинч иши борлигини билмасди. Бошбуғу фикрлари ўлкани  қутқарувчи куч эканига домла ҳам Дурсун Йилдирим каби ишонарди. Лекин партияга яқинлашмасди. Йилдирим Оқсарой тарафга юраркан, домла билан бўлган тортишувни зеҳнида таҳлил қиларди. Шу куни унинг туғилган куни эди. Лекин ухлаш учун ётоғига узанар экан Аҳмаднинг никоҳ куни эканини эслади ва ўрнидан сапчиб турди. Энг яқин дўстининг бахт кунини у қандай унутиши мумкин?

Аммо фойдасиз эди, кеч бўлганди. Қайтадан узанди, лекин кўзига уйқу келмади…

Бу воқеани кейинроқ улар Аҳмадбей билан жуда кўп эсладилар. Аҳмад:

– Ҳа, Дурсукн, сенга “шошилинч ишим бор” деган домла Xожиамин ўғли никоҳ қиювчи эди, — дер эди кулиб.

– Мен қаердан билибман? — деди Дурсун, — домла шошилинч ишим бор, деб чопди. Айтсайди, Аҳматнинг никоҳ тўйига кетаяпман, деб мен ҳам қўшилиб борардим. Мен шу куни домлани партияга киритаман деб тоза овора бўлибман, — дер эди Дурсун Йилдирим.

Ҳар сафар, бу кулгили воқеани эслашаркан, Дурсун соддалик билан такрор-такрор афсусланарди. Аҳмад эса тинмай куларди…

Ўн кун аввал Аҳмат ўз кутубхонасидан “Туркчилик асослари” китобини олиб, Йилдиримга узатар экан:

– Буни мутлақо Муҳаммад Солиҳга етказишинг керак, — деди, — Биласан, бу китоб бозорда йўқ. Қоплон хўжанинг нашри. Саҳифа четларида ёзувларим ҳам бор эди, аммо энди иложи йўқ, юборишимиз керак.

Йилдирим китобни оларкан, буни нашрга тайёрлаган Қоплон домланинг дарсларини эслади. “Туркчилик асослари”нинг тадқиқотчиси эди у. Нозим Ҳикмат ҳақида у билан тортишганини ҳам эслади Йилдирим. Қисқаси, улар туркчиликнинг безори болалари эдилар.

Юзида табассум билан ёнига келган Гулнор ҳам унинг учун шундай ҳашарий бир бола эди холос. Акс ҳолда, унинг юзида бундай тоза кулимсираш пайдо бўлмасди. Лекин улардан фарқли Гулнор мутлақо компартия эъзоси эди.

***

Академияда учрашув тамомланиб, икковлон «Ўзбекистон» меҳмонхонасига қайтиб келишди. Профессор Йилдирим учрашувлар ва Алпомиш достони пластинкаларини олганидан жуда ҳурсанд бўлди. Гулнорга “нарсаларимни йиғиштириб, бир оз дам оламан,” деди.

Гулнор Қорлиғашовнинг хонасига келди. У академиядаги учрашувни сўйлаб бераётган эди, телефон қўнғироғи жаранглади.

– Бир дақиқа Гулнор, — деди Қорлиғашов ва телефон тинглагичнинг қулоқчинларини қулоғига тақди, кейин олдидаги тугмачага босди.

Дурсун Йилдиримнинг овози хонага ёйилди. Лента айланар экан, икковлон сукут ичида эшита бошлашди.

– Муҳаммад Солиҳ билан гўришмак истарим, афандим.

– Менман.

– Солиҳбей, мен Дурсун Йилдирим. Сиза Туркиядан Аҳмадбей Эржиласун хўжадан салам гатирдим.

– Алейкум салом.

– Сиз билан кўриша оламизми? Аҳматбейнинг сизга бир омонати бор эди…

– Сиз қаерда тўхтадингиз?

– «Ўзбекистон» меҳмонхонасида, – Эртага тонгда соат 8-да отелдан чиқаман.

– Мен сизни топишга ҳаракат қиламан, Дурсунбей, хайр…

Tелефон суҳбати тугади. Қорлиғашев билан Гулнор бир-бирига қарадилар.

– Эҳтиёт бўлинг, Гулнор, — деди Қорлиғашев, — ҳар ҳолда, Муҳаммад Солиҳнинг ўзи келмайди учрашувга, бировни юборади.

Гулнор “мени юбориши ҳам мумкин,” деб ўйлади. Кейинроқ Йилдиримга “йўл кўрсатувчилик” қилаётганини Муҳаммад Солиҳнинг билмаслиги эсига тушди. Туғриси, унинг билишини ҳам истамасди.

Ўша оқшом Муҳаммад Солиҳнинг одамларидан ҳеч ким меҳмонхонага келмади.

****

Айдар Усмон профессор Йилдиримнинг ёнида Гулнорни кўриб севинди. Дарров бориб, ўзини танитиб, Муҳаммад Солиҳга аталган китобни олишни ўйлади. Аммо кейин фикрини ўзгартирди. Гулнорнинг профессор билан биргалиги хайрли кўринмади унга. Бу қиз “қуда томондан” бўлиши мумкин эди. “Қуда томондан” бўлмасайди, ўзининг Йилдирим Дурсунга таржимонлик қилаётганини бизга айтган бўларди, деб ўйлади Айдар. Яхшиям, Гулнор уни кўрмади. Айдар ҳам профессор Йилдиримнинг ёнига бормади.

– Демак, Гулнор ҳам унинг ёнида, — деди Муҳаммад Солиҳ, — уларнинг ёнига бормай тўғри қилибсиз.

– Бу қиз ҳақида сизнинг фикрингиз ҳам меникидайми? — деб сўради Айдар Усмон.

– Ҳа. Фақат баъзи иккиланишларим бор. Гулнор жуда самимий кўринади. Унинг агент бўлиши мумкинлигига ҳали ҳам унча ишонмайман. Нима бўлганда ҳам бир неча синовдан сўнг аниқ биламиз кимлигини. Ҳозирча, у билан эҳтиёт бўлиб гаплашиш керак. Бошқа тарафдан ичимиздаги агентни билиб, уни фош қилмаганимиз яхши. Янги агент қўйсалар уни аниқлагунча яна кўп вақт йўқотамиз.

– Тўғри, — деди Айдар Усмон, — энди бу омонатни профессор Йилдиримдан қандай оламиз?

– Бу ишни эрталаб яна ўзингиз қилишингиз керакка ўхшайди, — деди Муҳаммад Солиҳ, — Агар Дурсунбей ақлли одам бўлса, эртага эрталаб кетишдан бир соат аввал отел майдонига чиқиб кўради. Соат қанчада чиқишини мен сўрадим, у буни унутмаслиги керак.

– Ундай бўлса мен тонгда соат 7 да отелнинг олдига бораман, — деди Айдар Усмон.

***

Қорлиғашев керишиб, столдан турди, деразага яқинлашди ва пастга қаради. Кейин кўпол бир сўзлар билан сўкинди, орқасига тез ўгирилиб, камзулини кийди, отилиб ташқарига чиқди.

Қорлиғашев ўзининг алданганини билди.

Профессор Йилдиримнинг қўлидаги кичик пакетни олган ўрта бўйли бир одам тез-тез юриб метро станциясига туша бошлаган эди.

Қорлиғашев лифтни кутмасдан зинапоялардан сакраб-сакраб пастга тушди. Лекин у одамнинг изидан ета олишига ишонмасди. Югуриб станцияга тушди, аммо поезд кетиб бўлганди.

“Отелнинг шундоқ биқинида метро қуриш қайси ақлсизнинг иши экан-а?”, деб ғижинди Қорлиғашев. Яна “агар расмий меҳмон бўлмасайдинг, кунингни кўрсатардим, Йилдирим афанди!”, дея тишини ғижирлатди у.

Гулнор Қорлиғашевнинг хонасига кирганида соат етти ярим эди. Қорлиғашевнинг юзи эса қип-қизил эди.

– Бунақаси кетмайди, ўртоқ Кунбоева, — дея бақирди у, — ватанпарвар коммунист соат саккизда кетадиган меҳмонни кузатиш учун соат етти яримда келмайди.

Ва ҳозиргина бўлган воқеани айтиб берди. Бунинг ҳисоби сендан сўралади, демади, аммо гапинг оҳангида шу таҳдид бор эди.

Гулнор хонадан чиқди.

Профессор Йилдирим бир чамадон ва қўл сумкаси билан лифтдан чиққанида уни Гулнор кутиб турар эди. Ёш қиз қўл сўмкасини ундан олиб, ёрдамлашган бўлди. Отел олдида турган расмий машинага миниб, икковлон ҳаво майдонига жўнадилар.

Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитобининг 8 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.  

Тағин ўқинг
2 ноябр 2015
Улуғбек Ашур Eltuz.com Олинган маълумотларга қараганда уларга диний экстремизм, ноқонуний адабиётларни тарқатганлик ва ИШИДга алоқадорлик каби айблари қўйилмоқда. Ички ...
18 декабр 2020
«Тошкент сити»га кириш пулли бўлгани шундай ҳам мўмай даромад топиш учун қилинмаяпти, албатта. Бу ерда очофатлик, навбатдаги “любая бизнес ...
9 декабр 2020
Рассом Элсевар карикатураси. eltuz.com
3 апрел 2024
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси рахбарияти устидан навбатдаги шикоят мактуби Элтузга етиб келди. Уни тағин Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритиб, қозони ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...