close
close
Асосий мавзулар
2 октябр 2025

«Гулнор» 9 қисм (Қорлиғашевнинг ғазаби)

close

Аxмад Бейжон Эржиласун

Муҳаммад Солиҳ узатган газетани қўлига оларкан, Гулнорнинг хаёли паришон эди.

–Тушунмадим, нима дедингиз?, — деди Гулнор.

–Шу мақолани ўқинг, деяпман, — деди Муҳаммад Солиҳ, — қаранг, таниқли тарихчи нима деб ёзаяпти. Янглишмасам, сиз ҳам барлослардан эдингиз…

–Ҳа, — деди Гулнор ва газетага кўз югуртирди.

Бутун бир саҳифага ёйилган сарлавҳани кўрди: “Барлослар туркми?”.

Мақолада Барлос деб аталган уруғнинг Ўзбекистонда яшаган ерлари саналиб, уларнинг Амир Темур замонасидан қолгани ҳақида ёзилганди. Амир Тумурнинг отаси ҳам барлос бекларидан экан. Ҳатто бугун ҳам барлослар ўзларини турк деб ҳисоблашар экан. Буни Гулнор ҳам биларди. Фақат бу билгини ўз шуури сиртига чиқаришни ҳеч истамасди. Турк деса, дарров кўз олдига масxетилар келарди. Бировлар унинг қалбида масxетиларга нафрат туйғусини тарбиялаб бўлганди.

Катта газетада барлосларнинг турк эканлиги илк марта ёзилаётганди, Гулнор учун бу фавқулодда ҳодиса эди.

Мақолани тез ўқиб битирди, аммо бошини газетадан кўтармади…

Аслида, у бир нарсалар ўқишни истарди.

Ўн кундир-ки, “Туркчилик асослари”нинг қаерга кетганини ўрганмоқчи бўлиб тиришди, уддасидан чиқа олмади. «Муҳаммад Солиҳ ва дўстлари ундан шубҳалана бошлашдими ёки?.. Aгар шубҳаланишмаса, нега ўн кундан бери бу китоб ҳақида битта ҳам сўз айтишмаяпти?», деб ўйлади Гулнор.

Авваллари режим ҳақидаги фикрларини Гулнордан яширмаган бу одамларга энди нима бўлди?

Гулнор яна ёмон тушлар кўра бошлаганди. Ҳар тонг қоп-қора қалдирғочларнинг ҳужумидан уйғониб, юзини-кўзини ушлаб “яраландимми?”, дея босинқираб уйғонарди.

Қорлиғашов “китобни икки кун ичида топишинг керак, Муҳаммад Солиҳнинг уйини тит-пит қилсанг ҳам, топ!,” дея қутурарди.

Гулнор шу кунгача бировнинг уйини “тит-пит” қилмаган ва қила олмаслигини ҳам биларди. У ўз мамлакати учун ишлаётган ватанпарвар эди, аммо ўғри эмасди. Гулнор шундай ўйларди. Кўрганини, билганини рапорт шаклида билдирарди, бу унинг вазифаси эди, тамом. Лекин ўғри каби бировнинг уйини титкилаш унга ярашмасди. Қорлиғашовнинг “тит-пит” қилиб ахтар!” деган бақириғи унинг миясида лўк-лўк оғрир эди.

– Бир пиёла чой ичинг, Гулнорхоним, — деди Муҳаммад Солиҳнинг рафиқаси.

– Раҳмат, — деди Гулнор. Чойни оларкан. Гулнор жуда чарчаганини ҳис қилди.

– Қизиқ мақола экан, — деди сўнгра Муҳаммад Солиҳга, — эсимда бор, бизнинг оилада ҳам турклигимиз ҳақида гапиришарди. Фақат бу кўп йиллар аввал эди, буни деярли унутдим…

– Аслида, турклигимизни унутган биз эмасмиз, Гулнор, — деди Муҳаммад Солиҳ, — бизга буни унуттирдилар. Биринчи марта Навоийнинг “Муҳокама”сини ўқиганимда буни англадим. Тилимизнинг форсчадан устун эканини сўйларкан уни “туркча” деб айтганди Навоий бобомиз. Биз эса бу тилни “эски ўзбекча” деб айтаяпмиз.

– Ҳақлисиз, Солиҳ ака, “Мажолис”да ҳам Навоий “турк тили” ёки “туркий” деб атайди тилимизни. Лекин бу ўтмишнинг ҳақиқати. Бугун эса биз ўзбекмиз, тилимиз ҳам ўзбекча.

– Қачондан бери?, — деди Муҳаммад Солиҳ.

– Тўғри, қачондан бери?, — деди Гулнор ҳам.

Бу саволга иккалови ҳам жавоб беролмасди, тўғриси, унга жавоб излашмаганди.

Гулнор чойини ичиб тамомлади. Сўнгра:

– Кеч бўлди Солиҳ ака, мен кетай, — деди ва ўрнидан турди.

Муҳаммад Солиҳ уни кузатаётиб:

– Қачондан бери? Бу саволни унутманг, Гулнор, — деди.

Ҳайр, — деди Гулнор ва ғира-шира қоронғуликда ғойиб бўлди.

Гулнор ўзининг “қачондан бери” ўзбек бўлиб қолганини ўйламасди. У қачондан бери Қорлиғашевнинг унга бақира бошлагани ҳақида ўйларди. Уйига кирганида елкалари узра оғирлик ҳис қилди. Бурчакдаги креслога ўтирди. У Қорлиғашевнинг ғазаби ҳақида ўйларди. Профессор Йилдиримнинг ҳуштак чалиши унинг жаҳлини чиқарганмиш.

– Мен китобни олган одамни тополмай, станциядан чиқсам, у сариқ тўнғиз майдонда xуштак чалиб, айланиб юрибди!, — деди жиғибийрони чиқиб Қорлиғашев, — расмий таклиф билан келмаган бўлсайди, унга кўрсатардим!…

Мавзу “йўқотилган китоб”дан очилса бас, Қорлиғашев профессор Йилдиримга “сариқ тўнғиз”, Гулнорга “сиз яхши коммунист эмассиз”, деб бақира бошларди.

Гулнор авваллари Қорлиғашевга яқин бўлиш учун ғайрат қиларди, энди эса унинг ҳақиқий юзини кўра бошлаганди.

Қорлиғашев келишган одам ҳисобланарди. Мис рангли юзидаги чизгилар бир-бирига мутаносиб эди. Ёноқ суяклари бўртган, кўзлари унча чуқур эмасди. Орқага таралган тулқинли сочлари очиқ пешонасини бўрттириб кўрсатарди. Узун бўйи ва кенг елкалари унга қаҳрамон тусини берарди.

Гулнор ўзини Қорлиғашевга яхши кўрсатиш учун уринганини ичида тан олди. Ҳатто севишиб, уйланиб оила қуриш эҳтимолини ҳам ўйлаганига иқрор бўлди. Йўқ, бу қадар чуқур ўйламаслиги керак эди. Қорлиғашевнинг янги қиёфаси яна қайси шаклларга кириб, ўзгаришини кутиш лозим эди.

Қизиқ, Қорлиғашев Гулнорга ишини профессионал бажармагани учунми ёки уни севгани учунми бақирарди?

Ҳар ҳолда, Гулнорнинг юраги иккинчи эҳтимолга майл кўрсатарди. Гулнор ўзича “Қорлиғашевдан ўпкаламаслигим керак,” деган қарорга келди. Ўша китобни ҳам тезроқ топишга аҳд қилди.

Кўзи жавондаги китобларга тушди. Kалин жилдли биттасини суғуриб олди. Таниқли турколог Радловнинг луғати эди: “Словаръ тюркских наречий”. Санага бокди: 1888 йил. “Юз йил ўтибди”, деб ўйлади Гулнор…

Эртаси куни Гулнор учун омадли бўлди. Академияда учратган ёш олим “Гулнор, сизга бир нарса кўрсатаман,”, деб қолди. Гулнорни хонасига чақириб, кўлига кўлёзма ҳолида бир тўп қоғоз берди:

– “Туркчилик асослари”, — Солиҳ ака ўзбекчага таржима килибди, — деди Одил Турсунов.

Гулнор аспирант Турсуновни яхши танимасди, бир неча марта Муҳаммад Солиҳнинг уйида кўрганди.

– Буни менга беришингизни Муҳаммад Солиҳ айтдими?, — деди Гулнор.

– Йўк, ўкиш учун менга берганди, — деди ёш олим, — ўкиб бўлгандан кейин ўзинг ишонган биттасига берарсан, деганди. Мен сизга бераяпман, мана. Ёки сизда нусхаси борми бунинг?

– Йўқ, Одилжон. Муҳаммад Солиҳнинг бу китобни таржима килганини мен ҳам эшитгандим. Аммо бир неча кундан бери дустлардан хабар ололмадим. Сизга раxмат, китобни тез ўқиб чиқаман, — деди Гулнор.

Гулнор китобни Академияда ажратилган хонасида ўқишни ўйлади. Китобни биров кўриб қолишидан қўрқди. Шу пайт хонада бирга ўтирадиган касбдош дугонаси келди, унга “бошим оғрияпти”, деди ва уйига жўнади.

Гулнор китобни ўқиб тугатганда, кўзларининг чарчаганини сезди. Ўрнидан туриб, керишди. Илмий китобнинг бу қадар содда тилда ёзилганидан xайратланди. Ёки бу соддалик Муҳаммад Солиҳга оидмикан? Китобнинг биринчи қисмидаги “соддалик”ни тушуниш мумкин эди, чунки бу қисм тарихдан ҳикоялар эди. Аммо “Иқтисолий туркчилик”, “Эстетик туркчилик” каби бўлимларнинг бунча содда ёзилишини ақлига сиғдиролмасди. Китоб муаллифи Кўкалпнинг “эстетика”ни ҳам унутмагани Муҳаммад Солиҳни жуда севинтирган бўлса керак. Корлиғашевнинг ўша Ёзувчилар Уюшмасида “тайёрлаган” мажлисида Муҳаммад Солиҳнинг марксистик эстетикани зимдан танқид қилганини эслади Гулнор.

Гулнор китобни ўқиркан яна бир нарсани кашф этди. Илгарилари пантуркизмни Туркия турклари ўйлаб чиқарган, деб ҳисобларди. Аслида, пантуркизмнинг туғилишида Совет турклари ҳам муҳим рол ўйнаган экан.

Гулнор рапорт ёзиши кераклигини эслади. Аммо ҳеч столга ўтиришни истамаётганди. Ўзини “чарчаганман” деб алдамоқчи бўлди, “одам бир кунда шунча ишлайди-да”, деди ўзини овутиб, аммо овунолмади. Кийиниб кўчага чиқди.

Дарахтлардаги сарғая бошлаган япроқлар қиз юрагида ғалати сокинлик акс эттирди. Майдалаб ёғаётган ёмғир ҳам уни доим сокинлаштирарди. Аммо бу сафар бундай бўлмади. Юраги қаттиқ-қаттиқ урарди.

Ўқиган китобини эслади. Боғчасаройнинг бир кичик водийда жойлашгани, у ерда кичик бир уйда Исмоил Гаспринский яшагани ҳақида. Бу уйдa у кичик босмахона қурганди. Гулнор босма машинасининг коғоз рулонлари айланаётганда чиқадиган сасларни эшитгандай бўлди.

Гулнор Академияга бориб, кутубхонадан Гаспринский чиқарган “Таржимон” газетасини топиб ўқишга аҳд қилди. Шундан кейин рапортни ҳам ёзаман, деб ўйлади.

Лекин “Таржимон”ни кутубхонадан олиш мумкин эмас экан. Газета тақиқланган адабиётлар рўйхатида экан. Тақиқланган адабиёт. Гулнор бу ҳақда илк бор чуқур ўйлади. Юз йил аввал чиққан газетанинг тақиқланишини ҳеч тушунолмади.

Мактабда ва университетда ўқиган китобларини хотирлади. Инсонлар жамияти зиддиятлар устига қурилган. Воқеаларни ишлаб-чиқариш ва зиддият (диалектика) бошқаради. Ишлаб-чикариш воситаларга эга бўлган ҳоким синф золимлар синфидир. Халқни, айниқса, хотинларни жоxиллик ичида эзишган. Халқ xукмрон синфнинг шуурсиз лашкари бўлган. Ҳамза ҳакимзода каби зиёлини қатл килиш даражасида жоxил эди халқ.

Гулнор юқорига қаради. Ҳамзанинг ҳайкали ҳашаматли эди. Гулнор бўйнини силади, енгил терлабди. Изига қайтди. Уйга кириб, сочиқ билан намли сочларини артди. Кейин қоғозларини столга кўйди. Оппоқ саxифага бир нечта жумла ёзди…

Рапортни тугатганида ҳаяжони ҳам тугаганди. “Туркчилик асослари” кўлёзмасини катта конвертга жойлаб, устига рапортини кўйди.

– Mана китоб ва мана рапорт сизга, ўртоқ Қорлиғашев, — деди ичида Гулнор.

Гулнор ўзидаги ҳиссиётни тафтиш қилди: бу ғурурми ёки бошқа нарсами? Корлиғашевнинг бақириқларига қарши жавобми? Бу фикрлар Гулнорни безовта киларди.

У ўз худбинлиги учун гуноҳсиз бир одамни қурбон қилмоқчими? Одил Турсунов ёш “кандидат наук” эди. Домлалари унинг келажакда катта кимёгар олим бўлишини башорат қилишарди. Унинг Муҳаммад Солиҳ билан алоқасини КГБ xали билмасди. Гулнор xам унинг Муҳаммад Солиҳ уйида ўтадиган мажлисларда бир-икки марта кўринганини рапортида ёзган эди.

Аммо у бошқа воқеа эди. Энди эса гап ўзбек халқи зеҳнини ўзгартирувчи фикрларни уйғотадиган восита ҳақида бораётганди. Одил Tурсунов бу китобни ўқигани етмагандай, иккинчи одамга бераётганди. Буни рапорт қилмаслик мумкин эмасди. Советлар мамлакатининг бутунлиги билан бир шахснинг ҳаётини қиёслаб бўлмасди.

Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитобининг 8 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.  

Тағин ўқинг
25 март 2025
Хоразм вилояти Шовот туманида  20 яшар йигит бензин цистернаси ичида фильтр тузатаётиб вафот этди.  Уни ёлғиз қолдиришган, ҳеч қандай ...
27 июн 2023
Қабристонда яшаётган оила, свет, газ муаммоси ва ойлиги тўлиқ берилмаган ишчилар. Элтуз порталига келган навбатдаги бешта мактубни ўқиймиз улар ...
26 август 2019
Узоқ йиллар давомида режим пахтақўярлари томонидан оғзи кўпириб мақтанилган “тараққиётнинг ўзбек модели нотўғри бўлгани” мамлакатнинг энг юқори доиралари томонидан ...
20 октябр 2023
Бу не кундир, атрофингга боқсанг секин, У ҳам керак, сен ҳам керак, мен ҳам керак. Барчамизни даврасига тўплаб, лекин Бир ...
Блоглар
4 октябр 2025
Бугун ўзбеклар қўшиқ қилиб куйлаётган, тармоқдаги қисқа рилзларда такрор ва такрор миямизнинг қатиғини чиқараётган маза ...
27 сентябр 2025
Бугун Рауф Парфи номи эсланаркан, унинг асл шогирдлари билан бир қаторда устознинг номига суйканиб, «бир ...
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...