close
close
Асосий мавзулар
1 сентябр 2020

Мустақилликка аслида қандай эришганмиз?

close

Ислом Каримовнинг қаршилигига қарамасдан, 1990 йил 20 июнь куни Ўзбекистон парламенти томонидан Мустақиллик декларацияси қабул қилинган эди. Лекин бу декларация бир парча қуруқ қоғоз бўлиб қолди.

Орадан тўққиз ой ўтгач, СССРни сақлаб қолиш учун 1991 йилнинг 17 мартида референдум бўлиб ўтди. Бунга Молдова, Латвия, Литва, Эстония, Гуржистон, Арманистон сингари республиклар қатнашмадилар. Ислом Каримов бошчилигидаги Ўзбекистон Компартияси нафақат референдумда қатнашди, балки бутун вужуди билан СССРни сақлаб қолиш учун 93,7 фоиз овозни қалбакилик йўли билан Москвага ташкил қилиб берди.

Аслида ушбу рақамлар мутлақо сохталаштирилганди. Чунки халқимиз уйғонган ва кўпчилиги мустақиллик тарафдори эканини яширмаётган эди. Буни Ўзбекистонда 1991 йилнинг декабрида президент сайлови билан бирга бўлиб ўтган референдум тасдиқлади. Референдумда 98,3 фоиз одам мустақиллик учун овоз берди. Бу рақамлар ҳам кўпайтириб кўрсатилган бўлса-да, лекин одамлар кўтаринки руҳ билан сайловга қатнашиб, ҳақиқатан ҳам аксарият кўпчилик мустақиллик учун овоз берди. 1991 йил 17 март ва 29 декабрь орасида халқ ўз фикрини тезлик билан “ўзгартириши” жуда ғалати.

Аслида одамларнинг фикри ўзгарган эмас. Фақат Ислом Каримов етакчилигидаги коммунистлар кўзбўямчилик қилиб, референдум натижаларини ўз манфаат, ниятларига қараб ўзгартиришганди, холос.

Энди яна орқага қайтсак. 1991 йил августдаги ГКЧП пайтида Ислом Каримов Ҳиндистонда бўлган. 1991 йилнинг 18-21 август кунлари Москвада давлат тўнтариши (ГКЧП) юз берди. СССРни, яккапартиявий режимни сақлаб қолиш учун фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Аммо ГКЧП тезда йиқилди. Ислом Каримов СССРни сақлаб қолувчилар тарафида эди. Москвада катта текшириш очилиб, СССР тарафдорлари бирин-кетин қамоққа олина бошланди. Шунда Каримов 31 август куни шу пайтга қадар ўзи рад этиб келган, 1990 йил 20 июнида қабул қилинган Мустақиллик декларацияси талабини қонун шаклида қабул қилишни парламентга олиб чиқди.

Гапнинг очиғи, ўшанда ҳамма депутатлар “шок” бўлиб қолди. Ҳали кечагина “мустақиллик бу орқадан пичоқ уриш, биз мустақил яшай олмаймиз”, деб турган одам кутилмаганда минбарга чиқиб, мустақил бўламиз, деб турибди. Ҳеч ким қарсак ҳам чалмади. Ваҳоланки, 1990 йил 20 июнда Мустақиллик декларацияси қабул қилинганда зал ҳайқириқлардан ларзага келганди. Бу сафар мустақиллик Каримовнинг ўзига асқатганини ҳамма англади. Шунинг учун ҳам у қарсак чалмайсизларми, дегандан кейингина енгил қарсак бўлди. Шунда ҳам Каримов йиллар давомида Мустақиллик декларацияси эълон қилинган кунни, умуман ўша муҳим воқеани эсдан чиқартиришга уринди.

Озодлик аслида ҳеч бир мустамлакачи томонидан берилмайди. Қизил империянинг аҳволи танглиги сабабли бошқа республикалар каби биз ҳам тақдир тақозоси туфайли бир вақтда мустақил мамлакатга айландек. Афсуски, мустақилликдан узоқ йиллар мобайнида бутун халқ эмас, бир қисм кишиларгина бошқалар ҳисобидан манфаат кўрди. Агар биз ҳақиқатан ҳам адолатни тикламоқчи бўлсак, ўтмишимизнинг салбий, ижобий томонларини яхши ўрганишимиз, бундан хулоса чиқариб олишимиз керак. нафақат Совет Иттифоқи даврида, балки ўзимизнинг ёпиқ қўрғонда ҳам Мустақилликка эришгандан кейин 27 йил қўрқиб, ҳадик билан яшаганимиз рост. Биродарлар, яқин ва узоқ ўтмишимизни ўрганайлик. Ҳақиқий тарих бу кўзгудир, у келажакни ёритиб туради.

Азиз ватандошлар, ҳаммаларингизни мустақиллик байрами билан табриклайман!!!

Отабек Тошев
фейсбук саҳифасидан

Тағин ўқинг
26 июн 2018
Сил касаллиги ташхиси билан «Сангород»га этап қилинган Муҳаммад Бекжон ўзининг соппа-соғ эканини эътироф этишига қарамай, даволовчи врач унга 10 ...
21 май 2016
19 май куни 21 яшар Душанба турғуни Даврон Қурбонов шаҳарнинг 103-нчи митти мавзесида тақиқланган “Исломий Давлат”нинг қора байроғини осганликда ...
8 ноябр 2017
8 ноябрь куни Андижон шаҳри расталарида бир кило мол гўшти нархи 36 минг сўмга кўтарилди. Андижондаги “Эски шаҳар” ва ...
13 январ 2020
Учкўприк туманидаги бир гуруҳ фермерлар президент ташаббуси билан ташкил этилган кластер тизими ўзларини хонавайрон қилаётганидан шикоят этишди. Бу муаммони ...
Блоглар
31 август 2020
Ҳозирги ёшлар орасида “калта пайпоқ” кийганлар кўп ёки озлигини билмайман. Лекин ҳозирга келиб аксари (ҳаммаси ...
31 август 2020
“Темир дафтар”да, яъни сурункали кам таъминланганлар рўйхатида тўқликдан чўчқадай семирган, ем еган эшакдек тепонғич кимсалар ...
24 август 2020
Беларусдаги намойишлар ортидан президент Александр Лукашенконинг 23 август куни автомат ва бронежилетда акс этган видеоси ...