Умра монополияси: Диний бизнес ва бир миллионлик лицензия
Ўзбекистонда дин ва эътиқод билан боғлиқ энг катта муаммолардан бири – Умра сафарларининг тижоратлашиб кетиши ва унинг тор доирадаги муллалар томонидан назорат қилиниши. Илгари Туризм қўмитаси орқали тартибга солинаётган Умра хизматлари бугун Диний қўмита қўлига ўтиши билан монополияга айланди. Бу эса нафақат оддий зиёратчилар учун қийинчилик яратди, балки туризм соҳасини вайрон қилди, солиқ тушумларини камайтирди ва жиноятчиликни кескин оширди.
2024 йилдан бошлаб, Умра сафарларини ташкил қилмоқчи бўлган ҳар қандай турфирма 1 миллион долларни Диний қўмита ҳузуридаги жамғармага қўйиши талаб қилинди. Бу эса йирик молиявий имкониятга эга бўлмаган деярли барча хусусий фирмаларни бозордан сиқиб чиқарди. Натижада, 2023 йилда 77 та лицензияли фирма Умра хизмати кўрсатган бўлса, бу йил атиги 12 та фирма лицензия олишга мажбур бўлди.
УМРА ЛИЦЕНЗИЯСИ – ДИНИЙ ТИЖОРАТНИНГ ЭНГ КАТТА ҚУРБОНЛАРИ
Бу система билан ким ютади?
Диний қўмита ва унинг атрофидаги манфаатдор шахслар – улар ҳар бир лицензиядан 1 миллион доллар олиб, бу маблағни қўлга киритмоқда.
Яқин мулозимлар томонидан ташкил қилинган 12 та турфирма – улар ҳозирги кунда Умра хизматларини монополия тарзида назорат қилиб, бозорни бўлиб олишди.
Қора бозор ва лицензиясиз фирмалар – 1 миллион доллар тополмаган фирмалар ҳозирда ноқонуний йўллар орқали одамларни Саудияга олиб кетишга ўтмоқда.
Бу система кимга зарар келтирмоқда?
Оддий фуқаролар – улар энди Умра учун анча қиммат ва сифатсиз хизматларга мажбур бўлмоқда.
Туризм соҳаси – легал фирмалар лицензия олиш имконидан маҳрум бўлиб, яширин ишлашга мажбур.
Давлат – солиқ тушумлари камайди, жиноятчилик эса 4,5 баробарга ошди.
ДИНИЙ ҚЎМИТА ВА ТУРФИРМАЛАР ЎРТАСИДАГИ УРУШ: КИМ ҒОЛИБ?
Диний қўмита томонидан Умра хизматларини назорат қилиш ҳақидаги қарор Туризм қўмитаси билан зиддиятга олиб келди. Туризм қўмитаси ходимлари бу соҳани тўлиқ назорат қилиш ва лицензия талабларини енгиллаштириш кераклиги ҳақида гапирса, Диний қўмита монополияни сақлаб қолиш учун ҳар қандай бюрократик воситадан фойдаланмоқда.
Шунингдек, Диний қўмита ҳокимиятини мустаҳкамлаш учун ҳар бир текширувни Ички ишлар вазирлиги орқали ўтказиб, турфирмаларга босим ўтказишдан тийилмаяпти. Бу эса қуйидаги ҳолатларга олиб келмоқда:
Лицензиясиз турфирмалар кўпайди
Умра хизматлари нархи янада ошиб кетди
Ҳукуматнинг туристик секторига ишончсизлиги ортди
2025 йил бошидан буён 31 та лицензиясиз фирмага жиноий иш очилди ва 75 миллион сўм жарима солинди. Аммо бу чоралар муаммони ҳал қилмаяпти – аксинча, қора бозорни янада кучайтирмоқда.
САУДИЯ: “ЎЗБЕКИСТОН УМРА СОҲАСИНИ НОТО‘ҒРИ БОШҚАРМОҚДА”
2025 йил 18 февралда Саудия Ҳаж ва Умра вазири Фавзон ал-Рабия Тошкентдаги Ҳилтон меҳмонхонасида турфирмалар билан учрашди. У ерда Ўзбекистондаги оғир талаблар ҳақида биринчи марта эшитиб, ҳайратда қолди.
Саудия томонининг сўзларига кўра:
Саудияда Умра лицензияси 200 000 риёл (53 050 доллар)
Ўзбекистонда эса бу 1 миллион доллар – 20 баравар қиммат!
Саудия ҳукумати бундай оғир талабларни ҳеч қачон қўймаган!
Энг ачинарлиси, вазир учрашувдан кейин қаттиқ хафа бўлиб, ҳатто касал бўлиб қолган. Кечқурун Ҳилтон меҳмонхонасига тез ёрдам чақирилган!
Бу эса Ўзбекистондаги бюрократиянинг қанчалик абсурд даражага етиб борганини кўрсатади.
СОДИҚ ТОШБОЕВ ЛАВОЗИМИДАН КЕТАДИМИ?
Диний қўмита раиси Содиқ Тошбоев Умра соҳасини назорат қилишда энг катта хатоларга йўл қўйган шахс сифатида кўрила бошлади. Ҳукуматдаги манбалар унинг тез орада:
Умрани нотўғри бошқаргани
Лицензия талаблари орқали коррупцияни кучайтиргани
Жиноятчилик ва солиқ тушумларининг пасайишига сабабчи бўлгани
учун истеъфога чиқарилиши мумкинлигини таъкидламоқда.
Шу билан бирга, Президент сиёсатини бузгани, яшил иқтисодиёт ва туризм ривожига тўсқинлик қилгани учун Содиқ Тошбоевнинг ҳукуматдан бутунлай четлатилиши эҳтимоли катта.
ХУЛОСА: УМРА – ДИНИЙ САФАРМИ ЁКИ “ЯШИЛ ШАЙТОНЛАР” БИЗНЕСИ?