close
close
Асосий мавзулар
24 апрел 2025

Баёнот: Белгия Ўзбекистон президент қизининг мусодара қилинган пулининг қолган ярмини ҳам қайтарсин.

close

Нега Белгия президенти қизининг  мусодара қилинган пулининг ярмисини Ўзбекистонга қайтариб ярмисини ўзи олиб қолди? Бол тутган Белгия бармоғини яладими? Мусодара қилинган пул Ўзбекистонга қайтганида яна ўғирланмайдими? Бу саволлар 24 апрель куни иккита ўзбек асос солган халқаро ташкилот қўшма баëноти марказидан ўрин олди.

Central Asia Due Diligence ва Uzbek Forum ëйинлаган қўшма баëнотда “Белгиянинг Ўзбекистонга Гулнора Каримовадан мусодара қилинган пулнинг қайтариши халқаро стандартларга жавоб бермаслиги  ва келажакда нотўғри фойдаланиш хавфини ошириши” таъкидланади.

Бу қўшма баёнот Белгия томонидан Ўзбекистонда фаолият юритган телекоммуникация компанияларидан собиқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова томонидан қўрқитиб олинган поралардан таркиб топган пулларни қайтариб олишга оид.

Адолатнинг ярми?

2025 йил март ойида Белгия Брюссел суди орқали Ўзбекистоннинг собиқ президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова билан боғлиқ пора ва пул ювиш ишлари натижасида орттирилган активларнинг бир қисмини мусодара қилган эди.

Суд қароридан сўнг “New York Mellon” банкининг Брюсселдаги филиалида сақланаётган 216 миллион долларлик маблағ мусодара қилинди. Белгиянинг Мусодара ва Қамаб Қўйиш Бўйича Марказий Агентлиги (COIV) ушбу маблағнинг ярмини Белгия давлат хазинасига ажратди, қолган ярмини эса шартларсиз Ўзбекистон ҳукуматига ўтказди.

Бу қарор халқаро ҳуқуқ, адолат ва шаффофлик нуқтаи назаридан жиддий танқидларга сабаб бўлди. Мусодара қилинган маблағларнинг тақсимоти, уларнинг қай тарзда ва қандай механизм орқали қайтарилгани, қайтарилган маблағлар устидан назоратнинг мавжуд эмаслиги халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари томонидан хавотир билан қабул қилинди.

Халқаро ҳуқуқ ва меъёрларга зид қарорлар

БМТнинг Коррупцияга қарши Конвенцияси (UNCAC) 5-боби, хусусан 57-модданинг 5-қисмига асосан, мусодара қилинган активлар уларнинг ҳақиқий ҳуқуқ эгаси бўлган давлатга қайтарилиши керак. Бу ерда «ҳақиқий ҳуқуқ эгаси» деганда, пул ювиш ва коррупция туфайли жабрланган давлат — яъни Ўзбекистон, аниқроғи унинг фуқаролари назарда тутилади.

Белгиянинг мазкур маблағларнинг ярмини ўз қўлида олиб қолиши мустамлакачилик давридаги империалистик очкўз амалиётларни эслатади. Бундай ёндашув, замонавий халқаро ҳуқуқ ва адолат принципларига мос келмайди. Белгия ҳукумати ушбу маблағларни ўзлаштиришда ҳеч қандай шаффоф ҳуқуқий асосни тақдим этмаган. Шу билан бирга, активларнинг музлатилиши ҳам Белгия ташаббуси эмас, балки АҚШ Адлия вазирлиги (DOJ)нинг Kleptocracy Asset Recovery Initiative орқали 2014 йилда бошланган.

“Активларни қайта тиклаш глобал форуми” (GFAR) тамойиллари ва уларнинг бузилиши

2017 йилдаги Жаҳон Мулкни Қайтариш Форумида (GFAR) бир қатор муҳим тамойиллар қабул қилинган эди. Бу тамойиллар халқаро ҳамкорлик асосида, коррупция орқали орттирилган активларни қайтариш жараёнида шаффофлик, ҳисобдорлик, фуқаролик жамиятини жалб қилиш ва маблағлардан халқ манфаатида фойдаланишни таъминлашга қаратилган.

Белгия–Ўзбекистон активлари масаласида қуйидаги GFAR тамойиллари бузилди:

Тамойил 4: Қайтариш жараёнида шаффофлик ва ҳисобдорлик таъминланиши лозим.

Тамойил 5: Қайтарилган активлар жабрланган жамоалар манфаати учун ишлатилиши шарт.

Тамойил 6: Қайтариш коррупцияга қарши кураш ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаши керак.

Тамойил 9: Жиноятчиларга бевосита ёки билвосита фойда етмаслиги лозим.

Тамойил 10: Фуқаролик жамияти ташкилотлари жараёнга жалб қилиниши шарт.

Бу тамойилларга амал қилинмаган ҳолда, қайтарилган маблағлардан ижобий ижтимоий таъсир кутилмайди.

Ўзбекистондаги мавжуд сиёсий муҳит ва хавфлар

Ўзбекистон ҳукуматига маблағларни шартларсиз бериш — уларнинг қай тарзда сарфланиши, қандай дастурларга йўналтирилиши ҳақида аниқ механизм йўқлигини англатади. Бу эса юқори даражадаги коррупция хавфини оширади. Transparency International’нинг 2024 йилги Коррупция қабул қилиш индексида Ўзбекистон 180 мамлакат орасида 121-ўринни эгаллади. Давлат харажатлари устидан жамоатчилик назоратининг йўқлиги, мустақил оммавий ахборот воситалари ва фаол фуқаролик жамиятининг заифлиги маблағларнинг манфаатдор элиталар томонидан ўзлаштирилиши хавфини янада кучайтиради.

Солиштирма таҳлил: Швейцарияда Каримова  ва  Қозоғистонда Назарбоев “дафина” си

Швейцария ва Қозоғистон мисоллари халқаро стандартларга мос тарзда маблағларни қайтариш мумкинлигини намоён этган. 2022 ва 2025 йилларда Швейцария Гулнора Каримова билан боғлиқ 313 миллион долларлик активни Ўзбекистонга қайтарди. Бу жараёнда халқаро ташкилотлар, мустақил кузатувчи ташкилотлар ва фуқаролик жамияти иштирок этган.

2007 йилда Назарбоевники дея билинган сумма қайтарилган ээди. Қозоғистонда қайтарилган 115 миллион доллар Bota жамғармаси орқали камбағал оилалар, болалар ва ёшлар манфаатига йўналтирилди. IREX ва Save The Children каби халқаро ташкилотлар маблағларни бошқаришда иштирок этди. Бу амалиёт шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлашда муваффақиятли намуна сифатида эътироф этилган.

Европа Иттифоқи сиёсати ва бу сиëсат кемтиклари

2024 йил май ойида Европа Парламенти ва Кенгаши мусодара қилинган активларни қайтаришга оид янги 2024/1260-сонли Директивани қабул қилди. Аммо ушбу директива фақат тўғридан-тўғри жабрланувчиларни ҳисобга олади, коррупциянинг кенг жамоатчиликка етказган зарари эътибордан четда қолади. Бу ҳужжатнинг чекланганлиги Европа Иттифоқининг активларни қайтариш сиёсатидаги камчиликларни намоён этади.

Туя қилинган пул

Белгиянинг Ўзбекистонга активларни қайтариш жараёнидаги ҳаракатлари халқаро ҳуқуқ ва адолат принципларига мос келмайди. Бу жараёнда шаффофлик, ҳисобдорлик ва манфаатдор томонларнинг иштироки таъминланмаган.

Central Asia DueDiligence  ва Uzbek Forum ëйинлаган қўшма баëнотида  қуйидаги чора-тадбирларни тавсия қилинади:

Белгия мусодара қилинган маблағларнинг 100% қисмини Ўзбекистонга қайтариши лозим;

Қайтарилган маблағлар устидан мустақил, фуқаролик жамияти иштирокидаги назорат механизми жорий этилсин;

Маблағлар аниқ ижтимоий лойиҳаларга, камбағалликни камайтириш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўналишларига йўналтирилсин;

БМТ ва GFAR тамойилларига қатъий амал қилинсин;

Халқаро ташкилотлар ва донорлар ушбу жараён устидан мониторинг ўрнатсин.

Акс ҳолда, қайтарилган маблағлар яна коррупцияга мойил тизим томонидан ўзлаштирилиши, халқ манфаатларига хизмат қилмаслиги хавфи жуда юқори. Халқаро ҳамжамият ушбу жараёнда фаол қатнашиши ва адолатни тиклашда масъулиятни ўзида ҳис этиши шарт.

Тағин ўқинг
3 май 2020
Сардобадаги тўғоннинг уриб кетиши, пастдаги қишлоқларнинг сув олиши бу – иситма ёки таъбир жоиз бўлса, айсбергнинг учи, холос. Келинг, ...
19 июл 2024
РТ: Мана хафта зувв этиб айланиб яна сиз билан юзма юзман.  МС: Овонг оғо, бугун бешланжий гун. Гурунгни сиздан ...
9 октябр 2024
Исроилда теракт. Россияда Ютубнинг тўсилишига қарши намойишлар, Украинадаги рус  харбий асирлари, Бухородаги электр идораси ва Навоий олтин конидаги бахтсиз ходиса ...
11 март 2017
Келиб чиқиши озарбайжонлик бўлган таниқли қўшиқчи ва кино артисти Гугушни Эрон Инқилобий маҳкамаси 16 йил қамоқ жазосига сиртдан ҳукм ...
Блоглар
30 апрел 2025
1990 йилнинг 30 апрелида мустақил Ўзбекистон тарихидаги илк демократик партия – «Эрк»нинг таъсис қурултойи бўлиб ...
8 апрел 2025
Бошқирдистоннинг Ay Yola мусиқа гуруҳи яратган Homay қўшиғи туркий халқлар суперхитига айланди ва Shazam рейтинги ...
28 март 2025
Ўзбек блогосфераси ҳақиқий жиннихонага айланди. Ишсиз, пулсиз қолган бирор бекорчи ёнига ўзига ўхшаган бекорчини олиб, ...