“Барқарорлик рейтинги”да киритилган ўзгаришлар нега амалга ошмаяпти?
Сўнгги кунларда бир қатор тадбиркорлар Вазирлар Маҳкамасининг 662-сон қарорига мувофиқ “Барқарорлик рейтинги”да киритилган ўзгаришлар амалда тўлиқ акс этмаётгани ҳақида Элтузга мурожаат қилмоқда.
Уларнинг айтишича, янгиланган тартиб кучга кирганига вақт ўтганига қарамай, рейтинг кўрсаткичлари кутилганидек ҳисобланмаяпти, айрим ҳолатларда баллар пасайиб кўринмоқда. Бу эса тадбиркорлар учун молиявий режалаштиришда қўшимча қийинчиликлар келтириб чиқараётгани таъкидланмоқда.
Мурожаатчиларнинг билдиришича, муаммо бўйича Солиқ қўмитасининг ишонч телефонларига қўнғироқ қилинганда “база янгилангани сабабли тўлақонли ишламаяпти” мазмунида жавоблар берилган.
Шу билан бирга, тадбиркорлар ҚҚС қайтариш жараёнларида ҳам кечикишлар кузатилаётганини, бу эса айланма маблағга таъсир қилаётганини қайд этмоқда.
Тадбиркорлар рейтинг ҳисоблаш механизми, маълумотлар базаси қачон тўлиқ янгиланиши, шунингдек, ҚҚС қайтариш бўйича техник ва ташкилий чоралар ҳақида расмий тушунтириш берилишини сўрамоқда.
