Рассом Туз: Чукивар Битмиш мусибати
Туркиянинг Оқденгиз бўлгасида яқин дўстим яшайди. Зўр йигит. Паловни қўлда ейди, ичса фақат Абсолют водкани ичига муз солмай ичади. Сайлов пайтида саодат партиясига овозини сотади. Ҳозир амлокчилик қилади (уй олиб сотади), олдин эса полицияда ишлаган.

Ëш ўғил болани зўрлаган имомни сўроқ қилаëтганда бешинчи қават деразасидан пастга улоқтириб юборгани учун ишдан қувилган.
«Имомни ўзи деразадан сакраб жонига қасд қилди» деб ҳужжатлаштиришгани учун дўстим қамалмай қолган.
Оилада саккизинчи ўғил. Акалари комунист. У туғилганида акалари унга Чегевара деган исм қўйилишини исташган.
Ўша Куба озодлиги учун Америкага қарши курашган аргентиналик инқилобчи исми.
Бир қоғозга Чегевара деб ëзиб отанинг қўлига тутқазишган. Ота нуфус идорасига бориб ўғлига метрика олиб келиш учун йўлга чиқди. Қўлида Чегевара деган ëзувли қоғоз. У тушган автобус гўристон ëнидан ўтганда ота ўлганлар ҳаққига дуо қилай деб қўлини очгани захоти исм ëзилган қоғоз шамолда учиб автобус томидаги очиқ люкдан чиқиб зим ғойиб бўлди.
Нуфуз идораси мудири «исми нима бўлади боланинг» деганда ота аниқ эслай олмади.
«Чукиварми¸ чукиварами шунга ўхшаш эди. Катта ўғлим ëзиб қўлимга тутқазувди йўқотиб қўйдим»
«Чўжиқ аркакми?» (бола ўғилми) деб сўради мудир ва тасдиқ жавобини олгач «Эркак бўлганден кейин чуки бўладида. Исмини Чукивар деб ëзамиз. Сўй оди на эди? (фамилиясини сўради)
1936 йилда Туркия Ғарб услубидаги фамилия тизимига ўтганда дўстимнинг катта бовосиям фамилия олишга борган. Фамилия бир бирини такрорламаслиги шарт бўлган. Қишлоқдагилар боводан олдин фамилияларнинг барча вариантларини олиб бўлишган эди.
– Топдингми сўй оди? (фамилия топдингми)
– Битмиш (ҳаммаси тугаб битибди. Менга қолмабди)
– Тамом сени сўй одинг Битмиш бўлсин.
Хуллас Арараат тоғи этагидаги Одил Жавоз қишлоғидаги бовонинг фамилияси «Битмиш» бўлди.
Дўстим ҳам шу тариқа Чукивар Битмиш деган исм шарифга ноил бўлди.
Бир ой олдин Анталияга дам олишга борганимда мени кутиб олиш учун аэропортга чиқди.
– Хомуш кўринасан?
– Сўрама обий, бошим дардда.
– Яна биттасини деразадан улоқтирдингми?
– Кошки шундай бўлса. Бундан батари. Бўшониюрум, обий. (Хотиним билан ажрашяпман) Эртага маҳкама.
Чукиварни хотинини яхши танийман. Исми Букет. Силифка тарафдаги Гулнор деган қишлоқдан. Аслида қишлоқнинг номи Гулнор Керимли аммо одамлар қисқа қилиб гулнор дейишади. Бу исмнинг қамоқда ëтган ўзбек президенти қизи Гулнорага алоқаси йўқ. Фақат шаклан бир хил.
Букет янга булғур палов билан қорни ëриқни зўр пиширади. Уйига борсам атай мен учун гўжа пиширарди. Уйим жойим дейдиган ўрта бармоғимдай хотин.
– Обий, ëқаландим (қўлга тушдим) деди Чукивар.
Бу дўстим суриялик араб қиз билан тўшакда яланғоч ëтганида хотини пойлаб келиб пешанасига пистолет тираган аммо тепкини босишга журъат тополмай, увиллаб йиғлаб анави араб қизни тагига босиб тепкилаб уриб ташаган.
Эртасига унга далда бўлиш учун маҳкамага (судга) бирга бордим. Суд «Адолат саройи» деган катта юмалоқ бино коридорлари бўйлаб тизилган саноқсиз хоналардан бирида бўлди.
– Сен хотинингга ҳиëнат қилганингни тан оласанми? Нега гулдай турк хотининг бўла туриб араб билан ëтдинг? деди қизил ëқали қора жубба кийган судя.
– Тан оламан, аммо нега шу ишни қилдинг деб сўра деди Чукивар биродар.
– Нега шу ишни қилдинг пазавак?
– Чунки арабларни севаман. Нега севасан деб сўра
– Нега?
– Арабларни севиш учун уч сабаб бор. Биринчиси Қуръони карим арабча. Иккинчиси, жаноби пайғамбар Мухаммад Мустафо афандим араб. Учинчиси, жаннат тили араб тилидир.
Судянинг энсаси тиришиб Чукиварни гапини эшитмаëқ ишни хал қилди қўйди.
Чукивар ажрашди. Энди мол мулкини ярмисини хотинига бўлиб беради, уч боласи учун алимент тўлайди.
– Хукм қатъий. Шикоят қилсанг сен манякни қамаб қўяман. Тур даф бўл, деди судя.
Ажрашган Чукивар билан «Кукла» деган ресторанда ўтирибмиз. Турклар ўрисларга ўхшаб қўғирчоқни кукла деркан. Олдимизда Абсолют водка.
– Ҳакам сўлчи. (судья коммунист) Шунинг учун хотинимни гапини инобатга олди. Мени фақат ëтқизиб сикмагани қолди. Туркияни Отатурк шу аҳволга келтирди.
Сен бахтлисан, чунки Ўзбекистонда Отатурк бўлмаган. Ман интернетда ўқиб ўтираман. Ўзбек хотинини уриб майиб қилсаям хотин шикоятчи бўлмас экан. Яна ўзбеклар суннатга кўра тўрттагача уйланади. Истаса хотини қолиб қўшни хотинни тагига босади. Ўзбек хотин чидаркан.
Чунки китобни танийди, жаноби ҳақ йўлида сабр қилади.
Ўзбекистонда чиройли бокира қизни ҳар қандай бомж ëки ҳар қандай манякка эрга бериб ташар экан ота онаси. Ëнига мебелам қўшиб бераркан. Бизда тескариси. Мен Букетни олиш учун уч йил юрдим. Ҳар гал «иқтисодий ахволинг яхшимас» деб тўйни ортга суришди. Улар айтган стандартга етишай деб уй олдим, ичини тўшадим. Ўзбекистонда ундай талаб йўқ.
Чукивар биродарнинг гапи тугамади аммо водка тугади. Яна бир шиша заказ қилдик. Чунки бусиз вазиятни тушунишга қийналдик.