Европа АҚШ Украинани Россияга ҳиёнаткорона таслим қилишидан хавотирда
Немис нашри Der Spiegel Володимир Зеленский душанба куни Европа Иттифоқи раҳбарлари билан ўтказган ёпиқ телефон суҳбати мазмунини эълон қилди.
Суҳбат иштирокчилари АҚШ Украина иштирокисиз Россия билан келишув тузиши ва амалда Зеленскийни ҳудудий ён беришларга мажбурлаши мумкин деб ҳисоблашади.
Европа раҳбарлари нима деди:
Эммануэль Макрон «АҚШ аниқ хавфсизлик кафолатларисиз ҳудудий масалада Украинага хиёнат қилиши хавфи» мавжудлигини айтди.
Немис нашрига кўра, у Зеленскийни «катта хавф» ҳақида огоҳлантирган. Бироқ, Елисей саройи бу маълумотни рад этди.
Фридрих Мерц Зеленскийни «яқин кунларда ўта эҳтиёт бўлишга чақирди. «Америкаликлар ҳам сиз билан, ҳам биз билан ўйин ўйнамоқда», – дея қўшимча қилди у.
Финляндия президенти Александр Стубб шундай деди: «Биз Украина ва Володимир (Зеленский)ни бу йигитлар билан ёлғиз қолдирмаслигимиз керак». НАТО Бош котиби Марк Рютте уни қўллаб-қувватлади: «Биз Володимир (Зеленский)ни ҳимоя қилишимиз керак».
Суҳбат иштирокчилари музлатилган Россия активлари масаласи фақат Европада, Америка босимисиз ҳал қилиниши кераклигини таъкидладилар.
Шунингдек, европаликлар Россия билан мулоқот олиб бораётган Америка музокарачилари – Стив Уиткофф ва Жаред Кушнер билан ўзлари алоҳида учрашишга ҳаракат қилишди. Аммо учрашув бўлиб ўтмади.
