Эркин сўзнинг ўн йили
Азиз дўстларим, 2015 йилдан бери мени тинглаб томоша қилган мухлислар, Элтуз хабар ва контентлари кунига яраган муштарийлар.
2015 йилдан бери фаолият юритиб келаëтган Элтуз ютуб канали Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов ҳақидаги танқидий материаллар ортидан олдинига турли арзимас сабаблар билан шикоят қилинди, бу шикоятларнинг асоссизлигини исботлаганимиз ортидан кибер атака йўли билан каналга порно ва террор мазмунидаги контенларни юклаб, канални вақтинча ўчиришга эришишди.
Бу канал Ўзбекистонда болалар меҳнати ҳақида туркум лавҳалар қилган, мавжуд режим ичидаги коррупционерларни ревизор дастури орқали фош қилган, «Автобус» каби ҳажвий дастурлар ва ҳар жума бериладиган анимацион дастурларда сиз билан бирга мушоҳада юритадиган канал эди.
Бугун бу канал ишламаяпти. Лекин Элтуз жамоаси тирик ва улар ҳар қачонгидан ҳам жипслашган. Улар сиз билан яқин кунларда эфирда учрашиш ва мавжуд муаммоларни фош этишга тайëр.
Cўнгги кунларда Элтуз каналларига жиддий ҳужумлар бошлангани учун унинг тафсилотлари ва ҳужум ортида турган конкрет шахслар ҳақида гапирсам.
Аввало, энг жиддий ҳужум, яъни бешта «страйк», Элтузнинг Ютуб каналини ёпиш ва буткул тугатиш учун бўлди. Кейинги уч кун ичида, 2 февралга қадар бешта страйк келиб тушди. 4 феврал куни Элтузнинг ютуб канали фаолияти тўлиқ тугатилди.
Шу ўринда айтиб ўтишим керак, Элтузнинг ёпилишига сабаб бўлган бу бешта стрейк ўз абсурдлиги билан цензура ҳақидаги дунё хрестоматияларига кирса керак.
Бизда бу ҳужумларга сабаб, албатта, Бош вазир Абдулла Ариповнинг коррупцияси фош қилинган контентлардир деган асосли иддаолар бор.
Кўпчиликка сир эмас, Элтуз нафақат бош вазир, балки Ички ишлар вазирлиги, Камбағалликни қисқатиртириш вазирлиги фаолиятини ҳам танқид остига олувчи бир мунча кескин чиқишлар қилган эди. Лекин мен бугун бу ҳақда гапирмоқчи эмасман.
Мавзу, айнан ҳужум ижрочилари ва уларнинг ортида турган конкрет шахслар ҳақида. Ҳар ҳолда бу шахсларнинг исмлари бизга қарши йўналтирилган расмий аризаларида кўрсатилган.
Таъкид жоиз, улар орасида бирорта вазирлик, ёки улар танқид қилинган контентлар йўқ. Ўзбекистон ҳукуматидаги ҳеч бир амалдор Элтузнинг видеоларидан норизо эмас. Ҳар ҳолда уларнинг ҳеч бири Элтуз каналини ёпишни сўраб Ютуб маъмуриятига мурожаат қилишмаган.
Машъум бешта стрейкда кўрсатилган муаллифларнинг исмларини келтираман: Ўзбекистон опера қироли Женисбек Пиёзов, метан газ талаби билан кросовкаси мемга айланган Ғайрат Дўсов, «Метандаман» қўшиғини айтган Рустамбек Йигиталиев, Каримовнинг арзанда невараси Маша Тиллаева, қўшиқчи Муниса Ризаева, «Шум бола» фильмидан олинган 10 секунд ва Янги йил тароналарида янграган «Жингл Бенс».
Улар Ютубга 28 ва 31 январ оралиғида мурожаат қилишган ва Элтуз канали муаллифи, яъни менга уларнинг айримлари 2 феврал куни канални 7 кун ичида ёпиш қарорига илова ўлароқ етиб келган.
Гапни айнан «Жингл беллс»дан бошласак ва Шум болага ўтсак. Десерт ўрнида сал кейинроқ ҳурматли Ўзбекистоннинг опера қироли Женисбек Пиёзов ва халққа метангаз етказиб беришда заҳмат чеккан дамас ҳайдовчиси Ғайрат Дўсов ҳақида гапирсак.
«Джингл Беллс»ми ёки «Кўпкари”?
Демак – Жингл Беллс! Шу ерда юз йиллардан бери ҳар янги йил оқшомида эшитилавериб, ҳамма қулоққонди бўлиб қолган мусиқа янграши керак эди, лекин бизга келиб тушган энг биринчи стрейк мазмунига кўра, бундан буён нафақат Элтуз, демак, дунёдаги жамики мардум, бу куйни ўз каналига қўя олмайди.
31 декабр куни “Янги йил кайфиятини бўлишдик” деб номланган шўрт видео фонида 13 секунд ишлатилган «Жингл беллс» мусиқаси устидан тушган аризага кўра бу контент Air music ширкатига тегишли “Кўпкари” клипидан олинган эмиш.
Бу куракда турмайдиган даражада мутлақо ёлғон ва асоссиз даъво эди. Чунки видеода «Кўпкари» клипидан олинган бирорта оҳанг ёки видео парчаси ишлатилмаган. Бор йўғи бир неча секунд давом этган «шорт риилс» видеода Элтузнинг арча фонидаги янги йил табриги билдирилган ва 13 секунд давомида «Жингл Беллс» мусиқаси янграган.
1857 йили Англияда яратилган бу мусиқа ва қўшиқ муаллифи инглиз қўшиқчиси Джеймс Лордом Пьерпонтга тегишли бўлиб, кейинчалик уни йиллар давомида турли қўшиқчилар куйлаган.
Биз эшитиб кўрган ва Мирзиёевнинг Янги Ўзбекистонида яратилган “Кўпкари” клипида эса бундай оҳанг умуман йўқ. Бу ёлғон ва зарарли айбловдир.
Чунки у нафақат бизнинг контентимизни йўққа чиқариш, балки 300 йил бурун яратилган ва йиллар давомида дунёдаги турли халқлар томонидан эмин эркин куйлаб келинган, Янги йил кирганини эслатувчи оҳангларга эгалик иддаосини ҳам англатади. Бунинг номи цензурадир ва бу Элтузга тақиқ тамғасини буюртма қилган шахсларга шармандаликдан бошқа нарса келтирмайди.
Шум бола ёки Элтузни ёпиш учун 10 секунд
Элтузнинг ютуб каналига иккинчи стрейк – огоҳлантириш ҳам айни сана 28 январ куни жўнатилган. У “Осмонда эмчак езғилаган ўзбек” деб номланган Рассом Тузнинг сатирик контенти – «Жума ваъзи» устидан ёзилган.
Ўзини контент муаллифи дея тақдим этаётган Uzavtor.uz иддаосига кўра, Рассом Тузнинг навбатдаги «Жума ваъзи»да “Шум бола” фильмидан олинган 13 секундлик парча фойдаланилган.
Аслида 1977 йили СССР даврида ишланган бу фильм муаллифи Шуҳрат Аббосов, шу номдаги роман муаллифи эса Ғафур Ғулом ҳисобланади. Фильм кинорежиссёри ва сценарий муаллифи бўлган Шуҳрат Аббосов 2018 йилда вафот этган.
Ёзувчи Ғафур Ғулом эса «Шум бола» романни 1938 йилда ёзган. СССР даврида яшаган ёзувчи Ғафур Ғулом 1966 йили оламдан ўтган.
СССР деган мамлакат дунё харитасидан ўчирилган. Uzavtor деб аталган ва Ўзбекистонда яқинда тамсил бўлган монополистнинг бу фильмга эга чиқишига қанчалик ҳаққи борлиги, фильм муаллифлари билан қандай битим тузишга улгургани ҳақида биз ҳозирча билмаймиз.
Бунинг устига Ютуб каналида фильмдан овозсиз ва қисқа тарзда фойдаланиш мумкинлиги АҚШда қўлланиладиган муаллифлик ҳуқуқлари тўғрисидаги қонуннинг 107 бобида ва шунга мувофиқ Халқаро қонунларда кўрсатилган.
Боз устига сатира таъсирини кучайтириш мақсадида қўлланилган бу қисқа парча асл филмнинг бозор қийматига салбий таъсир кўрсатмайди. Бу асл нусханинг ўрнини босмайди ва томошабинларнинг асл контентни кўриши ёки сотиб олишига тўсқинлик қилмайди.
«Узавтор Машами ё Муниса?»
Яна бир шикоятда uzavtor.uz Элтуз Муниса Ризаеванинг Айрилма Ёр қўшиғидан ноўрин фойдалангани, яъни қўшиқнинг муаллифлик ҳуқуқи uzavtor.uz га тегишлилигини таъкидлайди.
Амалда эса «Узавтор» бу қўшиққа эгалик қилиши мумкин эмас. Устига устак Элтуз Муниса Ризаеванинг қўшиғини тўғридан тўғри ишлатмаган. Каналда улашилган қисқа видео «Айрилма Ёр» қўшиғининг кавер версияси. Кавер видео собиқ президентнинг арзанда невараси Маша Тиллага тегишли. Яъни биз улашган видео Муниса Ризаеванинг оригинал визуал контенти, қўшиқ клипи эмас. Бу шунчаки кенг оммалашган кавер эди. Қўшиқ каверини ёйинлаш Ўзбекистоннинг муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги қонунларига зид эмас.
Афтидан, ҳатто қўшиқларнинг расмий эгаси бўлмаган узавтор.уз кавер версияларга даъвогарлик қилмоқда.
Шу ўринда яна бир қанча саволлар туғилади нега бундай эътирозни Узавтор.уз собиқ президентнинг арзанда набирасига билдирмаяпти? Нега айрим қонунлар фақат Элтузга қарши ишлайди? Нега Узавтор йўллаган стрейкда Мунисанинг номи келтирилгану, уни ижро этган ва кадрда кўринган Марям Тиллаева ҳақида лом-мим дейилмайди?
Недолго музыка играла, недолго фраер танцевал»?
Бутун тармоқ «қаҳрамон» дея ерларга онтарилиб, мақтаб, ялаб-юлқаган йиртиқ кроссовкачи Ғайрат Дўстов «Элтуз менинг кроссовка видеоимни нега кўрсатди?» деб через узавтор шикоят берди.
Бу йиртиқ шиппакчи заяваси «Элтуз” ютуб каналини ëпиш ҳақида».
Хуллас сиғинган одамингиз бир тийинга қиммат қулоқ бўлиб чиқди.
Бу йигит метан гази йўқлигидан дод-вой қилиб, йиғлаб сиқтаб чиққанида Элтуз биринчилардан бўлиб, унинг ҳимоясига чиққан эди.
Ғайрат Дўстовнинг видео материалини барча тарқатди, улар қаторида Элтуз ҳам. Аммо, ҳеч кимга авторлик ҳуқуқи ҳақида оғиз очмаган Ғайрат Дўстовнинг Элтузга қарши ариза ёзгани ўта шубҳалидир.
“Мен ҳамо-о-н метандаман!”
Узавторнинг навбатдаги муаллифлик даъвоси ҳам куракка турмайди. Uzavtor.uz қўшиқчи Рустамбек Йигиталиевнинг “Metandaman” қўшиғи бўйича муаллифлик ҳуқуқларига эга эканлигини қайд этган. Аммо Элтуз олиб борган текширувларга кўра, uzavtor.uz ушбу қўшиқнинг ҳуқуқий эгаси ёки бошқарувчиси эмас, бўлиши ҳам мумкин эмас. Ютубга кирсангиз ўнлаб каналларда Дадахон Ҳасанов услубида куйловчи Рустамбек Йигиталиевнинг ўнлаб қўшиқлари борлигини кўрасиз. Барча учун ишлатиш бемалол бўлган қўшиқнинг Элтуз учун мумкин эмаслиги ўта шубҳали эмасми?
Умуман, узавтор қандай қилиб ва қачондан бери Рустам Йигиталиев қўшиқларини тақдим этиш ваколатига эга бўлиб қолди. Ушбу видеоларга нисбатан ҳеч қандай хабар ёки тақиқ қўйилмаган, бу эса Элтуз жойлаган видеога қўйилган даъво муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан эмас, балки Элтуз Ютуб каналида чиққан танқидий мазмундаги хабарлар билан боғлиқ эканини кўрсатади. Биз ушбу хабар сиёсий сабаблар асосида берилган деб ҳисоблаймиз. Таъкидлаш жоиз uzavtor.uz тўғридан-тўғри ҳукумат, хусусан Бош вазир назорати остида бўлиб, аввал ҳам бир неча марта асоссиз муаллифлик ҳуқуқи бўйича огоҳлантиришлар орқали бизнинг танқидий мазмундаги контентимизни ўчиришга уринишган. Қисқа муддат ичида кўплаб стрейклар берилгани бу ҳолатни жазо мақсадида уюштирилганини кўрсатади.
Радарми ёки опера?
Узавтор деган контора яна Элтуз ютуб каналида опера тенори Женисбек Пиëзов илтимоси ортидан жойлаштирилган радар кўплиги ҳақидаги лавҳасини мусиқий асар деб талқин қилиб ариза ëзибди.
Бу контент опера арияси эмас, балки Женисбекнинг янгиликлар каналига берган интервюси эканига Узавтордаги овсарларниг ақли етмаган шекилли.
Муаллифлик ҳуқуқи ҳақидаги қонуннинг олтинчи моддасида одамнинг ўз фикрини билдириши санъат асари эмаслиги ëзилган.
Қоннуннинг саккизинчи моддасида эса «хабарлар учун олинган суҳбат ҳам ҳимоя қилинадиган асар бўла олмаслиги ëзилган.
Қонуннинг ўн олтинчи моддасида эса интерьвю, уни берган одам розилиги билаан» нашр қилиниши кафолатланган.
Жениссбекнинг ўзи бугун Элтуз мухбири билан гаплашиб, радар муаммоси ҳақида Элтузга гапиргани ва бу видео бошқа ўнлаб сайтларда тургани, аммо негадир узавтор идораси фақат Элтузни танлаб шикоят қилганидан таажжубини билдирди.
Холбуки Женисбек Пиязовнинг ўзи радар хақидаги гапларни ТГдан ташаб бериб нашр қилишимизни сўраган эди.
Хурматли узавтор ходимлари шу пайтгача сизнинг овсар эканингизни ота энангиз биларди. Энди эса ҳамма билди.
Постскриптум
Бугун салкам 734 минг обуначиси бўлган Элтузнинг ютуб канали йўқ. Абдулла Арипов бошчилигидаги ҳукумат Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги йўлида мисқоллаб тўпланган обрўни ер билан битта қилди. Ўз мухолифлари ва эркин нашрларга қарши курашда энг жирканч, ҳатто энг номард душманлар ҳам нафратланадиган усуллардан фойдаланди. 3 феврал куни тунда Ариповнинг Шерматов ва Хаджаев каби югурдаклари бошчилигидаги, давлат ҳисобидан кун кўрувчи троллар фабрикаси Ютуб каналимизда болалар порнографияси ва террорчилар видеоларини вирус шаклида тарқатишга муваффақ бўлди. Телеграм каналимизни хакерлар жамоаси бузиб кира олмади, аммо юборилган минглаб порно спамлар туфайли изоҳлар бўлимини вақтинча ёпишга мажбур бўлдик.
Арипов ва унинг гумашталари бугун шод ва масрур! Эртага «Элтуздек қудратли нашриётни ёпдик» деб, ёлғон ички ҳисоботлар орқали очко ишлашлари ҳам мумкин, аммо унутмасинларки, Элтуз — мустаҳкам ва ўз қудратини йўқотмаган куч.
Элтузнинг саҳифасини ёпиш мумкин (бу нашриёт аҳли учун бегона эмас), аммо унинг овозини ҳеч ким ўчира олмайди, унинг овозини ҳеч ким бўғолмайди, унинг сўзини ҳеч ким кесолмайди.
Элтуз доим эркин қаламга, эркин фикрга интилган ва доим шундай бўлиб қолади.
Элтуз тенденция белгилайди ва бу вазифасини ҳам ўзида сақлаб қолади.
Элтуз — элнинг, халқнинг сўзи! Унутмасинларки, халқ — денгиздир, халқ — кучдир.
Йиллар ўтиб Элтуз тарих китобларига киради, унга қарши чиққан чиркин ва қора кучлар эса ахлат қутисига улоқтирилади.
Элтуз ҳеч қаерга кетгани йўқ. Мен Қудрат Бобожон ҳеч қаерга кетганим йўқ. Мана қаршингизда турибман. Ассалом Ўзбекистон, Элтуз сиз билан бирга!
Қудрат Бобожон
Журналист, Элтуз бош муҳаррири