close
close
Асосий мавзулар
21 ноябр 2025

«Гулнор» 21 қисм (Ўзбекистондан қочиш)

close

Гулнор энди Tошкентда бемалол юра олмасди. Қорлиғашевнинг айғоқчилари уни одим-одим таъкиб қила бошлаганди. Ҳатто улар унинг уйи олдида навбат тута бошлашганди.

Гулнор уйидан академияга, у ердан уйига келарди холос. Яна Қорлиғашев ва унинг ташкилоти яхши билган баъзи дўстларининг уйига гоҳ-гоҳ бориб турарди. Чунки, улар билан ҳам алоқани узиб қўйиши ташкилотни шубҳалантирган бўларди.

Гулнор Ўзбекистондан чиқиши учун Туркия элчихонасидан виза олиши керак эди. Лекин элчихонага кетса, буни Қорлиғашевга дарров етказишар ва Гулнорнинг нияти фош бўларди.

Бир тасодиф ишни осонлаштирди. Рауф Парфининг уйида Турк элчихонасидан бир маъмур унга икки кун ичида виза ҳозирлаб беришини ваъда қилди. Айтилганидай, икки кун ичида виза тайёр бўлди. Қочиш йўли ҳам Рауф Парфининг уйида чизилди.

Tошкентнинг чеккасида юк машиналари парки бор эди. Бу парк хусусий эди, уни бир турк йигити қурганди. Юк камйонлари Туркиядан келиб, бир кеча бу ерда дам олишар, кейин Қозоғистонга ўтишарди. Ўзбек-қозоқ чегарасида унчалик назорат йўқ эди. Режа бўйича, айғоқчилардан бир амаллаб қутулгач, Гулнор ўша паркка бориши керак эди.

У кеча Гулнор ухлай олмади. Шубҳаланмасликлари учун кичик бир сумка ҳозирлади йўлга. Ва кийимларини ечмасдан ётоққа узанди. Ухлаб қолишдан қўркди. Келишилган вақтдан сал кечикса, ҳаммани таҳликага қўйган бўларди. Қорлиғашевнинг кўппаклари ўз жойида туришарди. Кириш эшигидан чиқиш мумкин эмасди. Унча баланд бўлмаган орқа балкондан чиқиши лозим эди.

Шу кеча Қорлиғашев ҳам безовта эди. Гулнор у истаган рапортни келтирмаганди. Гулнор шу кунгача учрашган одамларида муҳим нарса йўқ эди. Балки, Рауф Парфининг уйига бир ҳафтада икки марта борганидан шубҳаланиш мумкин эди. Лекин бу ҳақдаги одамлари берган рапортда шубҳага молик нарса тополмади.

Негадир Қорлиғашев одатидан ташқари соат уч яримда уйғониб кетди. Такрор ухлашни истади, лекин кўзига уйқу келмади. Чироқни ёқди. Қўлини соатга узатиб, айғоқчилар берган рапортни олиб ўқий бошлади.

Иккинчи рапортнинг бошини ўқир экан, чаён чаққандай сапчиб ўрнидан турди:

– Эҳ, шайтон, буни нега аввал ўйламадим!, — деди.

Рапортда Рауф Парфининг уйига келган бошқа меҳмонлар ҳам ёзилганди. Гулнорнинг биринчи келишида Рауф Парфининг уйига Турк элчихонаси ходими ҳам келганлиги ёзилганди. Кейин ўша ходим Рауф Парфининг уйига иккинчи марта келган ва ундан икки соат кейин эса у ерга Гулнор келганди.

– Шайтон қиз, Туркияга қочишни ўйлабсанда!, — деди ўз-ўзига Қорлиғашев.

У бир неча дақиқа ичида кийиниб, кўчага чиқди. Машинага ўтирди, ўн дақиқа ўтар-ўтмас Гулнорнинг уйи олдида тўхтади. Эшикни пойлаётган иккита айғоқчига ишорат қилиб, ичкарига кирди.

Соат тўртдан ўтганди. Гулнор балкон эшигини очиб чиқаётганида, эшик қўнғироғи чалинди. Бу маҳалда эшик қўнгироғининг жиринглаши хайрли эмасди. Гулнор эшикни очмасликка қарор қилди. Балкон панжараларидан ошиб пастга тушди. Ва орқа кўчага чиқди.

Такси топилиши амри маҳол эди. Уйдан тезроқ узоклашишга ҳаракат қилиб, югура бошлади.

Қўнғироқни жиринглатган Қорлиғашевнинг одами ёки унинг ўзи эди. Эшикни синдириб кириб, Гулнорни тополмагач, у орқа кўчаларни ҳам назорат қилиши мумкин эди. Буни ўйлаб, Гулнор чопа бошлаганди.

Қорлиғашевнинг шиддатли қўнғироқларидан Гулнорнинг кўшнилари уйғонишганди. Қорлиғашев елкаси билан эшикни уриб кўрди, синдира олмади. Кейин одамларига ишора қилди, улардан иккаласи эшикни бузишди, Гулнор уйда йўк эди. Қорлиғашев айғоқчиларга бақира бошлади:

– Уйга кириб, қайтиб чиқмаганига аминмисан?, — дерди у тинмай.

– Ҳа, чиқмади, — дерди иккита айғоқчи дағ-дағ титраб.

– Балкондан қочган!, — деди Қорлиғашев, — сен бу бинодаги бутун квартираларни қараб чиқ! Сен эса мен билан юр!

Қорлиғашев айғоқчилардан бирини олиб, орқа кўчаларни текшириб чиқди. Аммо Гулнорни тополмади.

Гулнор аллақачон ҳусусий бир машинани тўхтатиб, ҳайдовчидан Навоий майдонига олиб боришни илтимос қилганди. Навоий майдонидан таксига ўтириб, келишилган паркка етиб келганида соат ҳали беш бўлмаганди. Парк қоровули каллаи-саxарда ёлғиз юрган қизни кўриб xайрон бўлди.

– Мен Гулнор Кунбоеваман, — деди у, — олти яримда кетиши керак бўлган бир камйон мени Чимкентгача олиб кетиши керак эди.

– Сизни бунча эрта кутмагандим, — деди одам, — сиз бир оз кутинг, дам олинг шу ерда.

Бу кичик, муваққат уйчада ягона курси бор эди, Гулнор унга ўтирди.

– Яхшиси, мен кетадиган машина кабинасида ўтира қолай, — деди Гулнор ийманиб.

– Шофер ухлаётган бўлса керак-да, — деди одам, — уни уйғотиш тўғри бўлармикин?

– Мени олиб кетишидан хабари борми?

– Ҳа, хабари бор.

– Мумкин бўлса, мен уни уйғотиб, илтимос қилсам, деди — Гулнор.

– Майли, ҳув анови машина, — дея қўлини чўзди одам.

Гулнор баҳайбат юк кайонининг зинапоясидан кўтарилиб, деразасидан ўриндиқни орқага ётқизиб, ухлаётган ҳайдовчини кўрди. Ойнани уч-тўрт марта тақиллатди. Шофёр уйғонди.

– Соат неча бўлди?, — деди кўзларини уқалаб у, — ухлаб қолибманми?

– Йўқ, бейафандим, соат ҳали беш. Мен эртароқ келишга мажбур бўлдим. Рухсат берсангиз машинага ўтирсам, бу ер мен учун ҳавфсизроқ бўлади, — деди Гулнор.

– Албатта, Гулнорхоним марҳамат, исмингизни тўғри айтаяпманми?, — деди шофёр.

– Тўғри айтаяпсиз, исмим Гулнор, фамилиям Кунбоева.

– Менинг отим Xасан Унарон. — деди шофёр. Кейин тушиб комйоннинг орқа эшигини очди. Комйонга мебел тўлдирилган эди.

– Мана шу креслода ўтириб, дам олинг Гулнор хоним. Агар машина тўхтаса, сиз анов шкафга кириб яширининг, — деди шофер.

– Хўп Ҳасанбей, ташаккур, — деди Гулнор.

– Арзимайди, Гулнорхоним, мадомики ўйғондик, сизга зарари бўлмаса, йўлга тушаверайлик, — деди шофер.

– Жуда яхши бўларди, тезроқ бу исканжадан қутулай, — деди Гулнор.

Йўл бўйича камйон тўхтамади.

Чимкентга етиб келишганида соат етти ярим эди.

Камйоннинг эшиги очилганида Гулнор ухлаб қолган эди. Дарров уйғонди ва ўрнидан турди.

Xасан:

– Ҳавотир олманг, Гулнорхоним, соғ-саломат Чимкентга келдик, — деди.

Гулнор уст-бошини тузатди, кичик сумкасини кўлига олди, Ҳасанга ташаккурлар айтиб, у билан ҳайрлашди. Чимкентнинг сокин кўчаларидан юриб, биринчи дуч келган одамдан қўлидаги адресни кўрсатиб, у ерга қандай боришни сўради.

***

Ойдон, Али Моҳир ва Ўғуз Анқарада Америка саргузаштларини Салим бейга xикоя эта бошлаганди, Салим Бейжон:

– Ўғуз бей, бир дақиқа сабр қилинг, Аҳмад домлани ҳам чақирайлик, — деди.

Телефон қилди, Аҳмат домла Салимнинг бюросига тез етиб келди.

Саргузаштлар ҳикояси ҳаяжонли эди. Танаффусда Аxмад Ўғузни чеккага тортиб:

– Гулнор шу ерда. Икки кундир пойтахт ўқитувчилар уйининг меҳмонхонасида яшаяпти, — деди.

– Шундайми? Тинчликми, нимага келибди?, — деди Ўғуз ҳаяжонланиб.

– Билмайман, аммо яхши нарсалар бўлмаганини сездим. Келган заҳоти сени кўриши кераклигини сўзлади.

– Ундай бўлса, Cалим бейдан изн олиб тез борай, — деди Ўғуз.

“Ўқитувчилар уйи” фоесида Гулнор Муҳаммад Солиҳ билан бирга эди. Ўғуз ҳар иккаласи билан ҳаяжон ичида қучоқлашди.

– Гулнор, тинчликми?, — деди қизга қараб.

– Ҳавотирланма Ўғуз, бу ерга келдим, энди тинчлик, ҳаммаси ўтди, — деди Гулнор.

Қисқача Ўзбекистондан қандай қочгани ва КГБнинг тазйиқларини айтиб берди. Сўнггида:

– Сенга бошқа айтадиганларим ҳам бор, — деди Гулнор.

Ўғуз бу ҳаяжонли қочиш воқеаси олдида Америка саёҳатини Гулнорга айтиб беришни кераксиз ҳисоблади.

Муҳаммад Солиҳ билан хайр-хушлашиб ўрнидан турди.

Гулнор ўшанда Ўғузга ҳамма сирини тўкди. Тейиркан, Ота ком, “кўзча” билан боғлиқ ғаройиб нарсаларни ҳам. Агар бу ҳодисани Гулнордан бошқа одам айтиб берсайди Ўғуз ишонмаган бўларди. Аммо буни айтаётган унинг севган қизи Гулнор эди.

Ўша кеча Ўғуз ухлай олмади. Унинг фикрича, Гулнор ўша дарахт тагида бир xафта давомида xушидан кетган бўлиши ва ҳаёлида ўша ҳодисани яшаган бўлиши мумкин эди. Балки Қорлиғашевга айтган ўша боғли-боғчали уйда ҳақиқатан ҳам бир ҳафта колиб кетгандир, деб ўйларди у.

Эртаси куни учрашганида Ўғуз бу фикрларини Гулнорга эҳтиёткорлик билан айтди.

– Йўқ, Ўғуз, бу хаёл эмас эди. Буни хаёлий эмас, жисмоний яшадим. Қўлларимни сиқиб кўрдим, сочларимни тортдим. “Кўзча” деган аппаратга тегдим, — деди Гулнор.

– Кучли ҳаёл онида шундоқ xолатлар бўлади, деди Ўғуз.

– Тушунмаяпсан Ўғуз, бу хаёл-паёл эмас, — деди Гулнор, — у боғчали уйни ҳам Қорлиғашевдан қутилиш учун тўқидим.

Ўғуз баxслашишнинг фойдасиз эканлигини тушунди.

– Майли, буни вақтга ҳавола қилайлик. Маълум вақт ўтганидан кейин ҳамма нарса ойдинлашади, — деди Ўғуз.

– Сенинг менга ишонишингни ўйлагандим, Ўғуз. Янглишибман. Майли, сенинг айтганинг бўлсин. Вақт келиб, менга ишонасан… деди Гулнор.

Тағин ўқинг
25 май 2021
Ўзбекистонда яқинда ўтказилган сўровнома респондентларнинг 10 фоиздан кўпроғи оиладаги зўравонликка қарши эмаслигини кўрсатди. Бу мамлакатдаги гендер муносабатлардаги ташвишга соладиган ҳолатдир. Бу ҳақда Eurasianet нашри ёзди. 15 май куни БМТнинг Оила халқаро кунига бағишлаб ...
1 март 2025
Зеленский ва Трампнинг юмурто хонадаги тортишувлари ҳақида тармоқнинг ўзбек сегментида ëзилган битикларга кўзим тушди. Бу ëзувларда Зеленский «одоб доирасидан ...
4 октябр 2022
4 октябрь куни эрталабки соат 08:30 ларда Чирчиқ шаҳрида жойлашган “Махам CHIRCHIQ” АЖ корхонаси синтез цехида портлаш содир бўлди. ...
18 декабр 2023
Шундай қилиб X Factor нинг энг кучли учлиги маълум бўлди. 17 декабр куни финалистлар Ҳайринисо Акбарова, Жавлон Сафаев ва Шохруҳхон Ҳалимхоновлар ғолиблик ...
Блоглар
19 ноябр 2025
Овсар ўзбек оммаси Гитлер фақат яҳудийлар ва лўлиларни қирғин қилган деб билади. Шу боисдан антисемитизм ...
18 ноябр 2025
Ўртоқлар, жуда долзарб масала муҳокамага чиқяпти. Ростини айтсам, бу хабарни илк эшитганимда далил йўқлиги сабаб ...
18 ноябр 2025
Яқинда укам милицияга, аниқроғи, учаска нозирига ариза билан мурожаат қилган эди. Ариза мазмуни хақорат қилиш. ...