Зеленский АҚШнинг тинчлик режасини рад этди
Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ томонидан таклиф қилинган тинчлик келишувини қабул қилмаслигини маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Вашингтон ўз жавобини анча олдин — 2019 йил 20 майда, яъни у мамлакатнинг мустақиллиги ва суверенитетини ҳимоя қилишга омма олдида ваъда берган пайтдаёқ олган.
Бу баёнот Киевнинг Қўшма Штатларнинг эҳтимолий тинчлик ташаббусларига нисбатан қатъий ва ўзгармас позициясини акс эттиради.
Эслатиб ўтпамиз яқинда президент Дональд Трамп ташаббусига асосланган тинчлик режасининг тафсилотлари ОАВда пайдо бўлди. 28 банддан иборатлиги айтилаётган бу режа Украина ва унинг иттифоқчилари учун жиддий қаршилигига сабаб бўлди, чунки у кўп жиҳатдан Россиянинг талабларини акс эттирган.
Асосий эътирозларга сабаб бўлаётган жиҳатлар Украинанинг ҳудудий яхлитлиги ва ҳарбий салоҳиятига доир талаблардир.
Мазкур битимга кўра Украинанинг Қрим яримороли, Луганск ва Донецк вилоятлари амалда Россия ҳудудлари сифатида тан олиш талаб қилинади.
Херсон ва Запорожье вилоятларидаги чегаралар эса ҳозирги тўқнашув чизиғи бўйлаб музлатилади. Бу эса Украина ўз қўшинларини ҳозирда назоратида бўлган Донецк вилоятининг бир қисмидан олиб чиқиб кетишини англатади.
Украина Конституциясига НАТОга аъзо бўлмаслик тўғрисидаги қоида киритилиши керак. Альянс ҳам Украинани келажакда қабул қилмасликни қонуний жиҳатдан белгилаши лозим. Украина ҳудудида НАТО қўшинларини жойлаштириш тақиқланади. Украина Қуролли Кучларининг сони 600 минг киши билан чекланади (ҳозирда 800 мингдан ортиқ).
Россияга қарши санкциялар бекор қилинади ва Украина АЭСларига Россиянинг тенг шерик эгалиги келишилади.
Украинани қайта қуриш учун Россиянинг музлатилган активларидан (100 миллиард АҚШ доллари) фойдаланилади. Россия ва АҚШ ўртасида узоқ муддатли иқтисодий ҳамкорлик тўғрисида келишув имзоланади.
ОАВ хабарларига кўра, бу режани АҚШ махсус вакили Стив Уиткофф ва Россия президенти Владимир Путиннинг маслаҳатчиси Кирилл Дмитриев Майамидаги учрашувда биргаликда ишлаб чиққан.
Хабарларга кўра, режани тайёрлаш жараёнида Европа иттифоқчилари ва Украинанинг ўзи иштирок этмаган. Киевга фақатгина унинг умумий контурлари маълум қилинган.
Украина расмийлари бу таклифларни мамлакатнинг «таслим бўлиши» сифатида баҳоламоқда, чунки Киев ўз ҳудудининг бир қисмидан воз кечишни Конституцияга хилоф деб ҳисоблайди ва буни доимий равишда рад этиб келган.
Европа дипломатлари ҳам ушбу режага шубҳа ва хавотир билан қарамоқда, уни «Россия учун улкан имтиёз» дея атамоқда.
