close
close
Асосий мавзулар
28 ноябр 2025

«Гулнор» 23 қисм (Эрганакон. Олис тоғлар ортида)

close

Аxмад бу қадар яшилликни бир ерда кўрмаганди. Ёнғоқ дарахтлари водийнинг ҳар тарафини қоплаганди. У бунча юксак теракларни ҳам биринчи кўриши эди. Аxмад азалдан юксак ва катта дарахтларни севарди. Аммо тераклар нақадар юксак бўлмасин, ёнғоқ дарахтининг ихтишомини бера олмасди. Ёнғоқ дарахтлари бутун атрофга шохларини ёйгандилар.

Аxмад водийнинг баланд бир ерига иншо этилган бино балконидан манзарани томоша қиларди. У тонгнинг салқинини бой бермаслик учун эрта уйғонганди. Бу гўзалликнинг ўз ўлкасида, Анқарадан бор-йўғи икки ярим соатлик масофада эканлигига, бу қишлоқни шу кунгача кўрмаганига xайратланарди.

Уй Иброҳим Гуларнинг дала ҳовлиси эди.

Унинг дўстининг оти ҳам Иброҳим Юлдуз эди. Иккалови ҳам зиёфатни севишарди. Иброҳим Юлдузга:

– Эллик ёшга кирдинг, бунинг шарафига битта қўй сўймасанг бўлмайди, — дейишарди дўстлари.

– Қанақа эллик, эллик икки бўлди ёш. Аммо сизга бўлим бошлиғи тайинланганим учун бир қўзи сўяман. Аммо битта қўзи етмас, иккита бўлиши керак. Аxмад Гунаш хонимга машина олди, унинг шарафига яна биттасини сўямиз, — деди Иброҳим Юлдуз.

Ва оилалари билан Гуларнинг дала ҳовлисига келишганди. Кеча оқшом икки Иброҳим узоқ суҳбатлашишди.

– Шундай ҳам азон айтадими шундай гўзал қишлоқда, бундай ҳунук овоз билан азон айтиш мумкинми, — дерди Иброҳим Юлдуз, — Бу муаззинни қаердан топдингиз? Мен ўзим бир азон ўқий…

– Зарари йўк, кел яхшиси илоxий айтайлик:

Шул жаннатнинг ирмоқлари оқар Оллоx дея, дея, — деб Юнус Имродан ўқий бошларди Иброҳим Гулар.

Икки дўст тонггача шундай давом этишди, аммо Аxмат эрта ётганди. Ва эрта уйғониб водий гўзаллигини томоша қиларди.

Аxмат беихтиёр бу кучли яшилликнинг манбасини ахтара бошлади. Баҳайбат ёнғоқ дарахти тагида Ўғуз билан Гулнор кўрингандай бўлди. Сарғая бошлаган бир япроқни олиб, Гулнорнинг сочларига тақди Ўғуз. Кейин иккалоси бир бўлишди, дарахт шохлари оралаб юксала бошладилар, кейин кўздан ғойиб бўлдилар.

***

– Алло, Аxмад, ок кўпик яна қачон пайдо бўлади?, — телефондаги овоз Дурсун Йилдиримнинг овози эди.

– Қайси оқ кўпик?, — деди Аxмад.

– Ҳазор денгизи соҳилидаги Гулнорнинг сочига қўнган оқ кўпик, — деди Дурсун.

– Билмайман, Дурсун, — деди Аxмад, — Гулнор билан Ўғуз Олтой тоғларига кетишганди. Бир ойдирки улардан дарак йўқ.

– Нима деяпсан, оғайни нимадан ҳавотирланаяпсан, улар роман қаxрамонлари-ку, — деди Дурсун.

– Tошкентда сенга йўл кўрсатувчи бўлган Гулнорни менга сен тушунтирмаганмидинг, Дурсун? У қанақа роман қаҳрамони бўлади? Ҳазор тўлқинларидан сачраган кўпикни фақат мен кўргандим. Гулнорга бўлган муҳаббат йилларча ичимда гизли қолди. Кейин Гулнор билан Ўғузни кўрдим. Бугун бу ёшлар менинг умидим. Бир ойдан бери улардан дарак йўқ. Аммо биламан-ки, улар Эргенаконни топажаклар. Балки топгандирлар.

– Сен ташвишланма, Аxмад, улар бу манзилни мутлақо топган бўлишлари керак. Балки топгани учун ҳам у ердан келолмаётган бўлишлари мумкин.

– Балки шундайдир, Дурсун. Акс ҳолда менга мутлако хабар беришган бўлишарди.

– Кутайлик-чи.

– Майли, кутайлик.

Телефон гўшагини қўйиб, Дурсун ўйланиб қолди. У жонажон дўсти Аxматдан асарнинг давомини сўрамоқчи эди, Аxмаднинг романини илк ўқиганлардан бўлишни истаётганди. Аммо Аxмаднинг гаплари…

Эржияс тоғига тирмашган Мажид Дузалнинг икки тоғчи билан қор кўчими остида қолиб, ҳалок бўлгани Аxматни қаттиқ асабийлаштирган эди. Бу ёш ва бақувват одам шунчаки жўн ўлиши керак эмас эди Аxматнинг назарида. Элбрус, Олтой чўққиларига кўтарилган одам учун Эржияс нима эди?

Ўғуз ва Гулнор унинг охирги шогирдлари эди. Ёки улар ҳам у лаънати қор кўчими остида фолишдими?

Аxмат Боён ўлгийдаги отелда Мажид Дузални кутган кунларини эслади. Олтой тоғларида икки марта ўлим билан юзма-юз келганди Мажид ва буни кулиб эсларди. Ўлимдан кулган одам эди у.

– Юлдузлар остида абадий ухла, Мажид бей, — деди Аxмат. Ўрнидан туриб қоғоз, қалам олди. “Тоғ одам” деб қўйди сарлавҳани. “Оқ тоғларга дўст тутинганди, — дея ёза бошлади Аxмат, — Чўққилар кўк юзида ўпишишарди. Чўққиларда мовий кўзли, хипча одам қўлларини кўкка чўзарди зафари учун шукр этиб. Оқ байтал каби эди тоғлар, у эса ваxший отларнинг суворийси эди. У мовий кўкда олтин ранг чизги эди. Чўққига қадаган ой-юлдузли байроқ кўлкасида мовий нигоҳли, олтинранг чизги. Уфқлардан нарини хаёл қиларди, унинг учун водийлар тор ва коронғу туюларди. Уфқ фақат тоғлардан боққанда кенгая оларди. Фақат тоғлар қоронғу пастликларга исён этарди. Исён юксалган сари оппоқлашарди, юзини, мағрур бошини самога йўналтирар эди. Тарихнинг бутун исёнкорлари унинг дўстлари эди. Гўрўғли бир тоғ эди. Тоғлар Гўруғли эди. Мовий кўзли сариқ одам Гўрўғли эди. Эски дунёнинг тоғлари уни ўзига ром этганди. У Ағри тоғларининг, Элбрус ва Помирнинг оқ ёлларидан тутиб, сокинлаштирганди, бўйсундирганди. У Эргенакондан чиққан отлиқлардан бири эди холос. Бир миллион йил аввал тоғнинг темирини эритганди. Энди чўққиларда эди. Кўк байроқ кўзлари билан уфққа боқарди. Унга рўпара келган чўққида бир бўзбўри увларди.

У Ўғуз ҳоконнинг қирқ йигитидан биттаси эди. Исми, балки, қипчоқ эди. Нозик бел, ияги туртиб чиққанди. Кулганда инжу тишлари порларди. Ўша он ёноқ суяклари бўртиб чиқарди. Ва мовий кўзлари чақнарди.

Олтой этакларида бирга эдик. Ўрхунда бирга чўмилгандик. Ўтрук яйловларида бирга от чоптиргандик. Мангутошли кечаларида қоронғу осмонга қараб, уйқуга кетгандик.

У ваҳший чўққилар билан курашиб, қайтиб келганди. Балки қайтиб келмади, ўша Олтой тоғларида қолгандир. Сен фақат тоғларга кўмилишинг мумкин эди, тоғларга кўмилдинг. Тўрт девор орасида мискин ва сафил руҳлар яшайди. Сен эса мовий кўзларинг билан чўққилардан боқаяпсан менга.”

***

Сал нарида ёруглик кўринганида Ўғузнинг дармони тугаб, битганди. Икки соатдан бери Гулнорни кўтариб, йўл юрарди. Гулнорнинг бадани ўт бўлиб ёнарди, ҳарорати қирққа чиққанди. Аспирин ҳам ҳароратни туширмади. Аммо кўринган ёруғлик Ўғузга қувват берди. Фавқулодда матонат билан олдинга юра бошлади, бир неча дақиқа сўнгра кўзларига қуёшнинг кескин нурлари урилди, Гулнорни қуёшга тўғри узатди ва ерга йиқилди.

Беш дақиқа сўнгра ўрнидан турди, кийимларини яшил ўтлар устига отди. Мажид Дузал танлаган дориларни халтадан ерга тўкди. Юксак ҳароратга қарши таблетни Гулнорга ичирди. Гулнор ҳали ҳам ўзига келмаганди.

– Топдик, Гулнор, — деди Ўғуз, — Эргенаконни топдик. Кўзингни оч, севгилим. Қара, қуёш нурини сенга сочаяпти, қушлар сенинг учун сайрашаяпти. Кўзингни оч, гўзалим. Ердаги ўтларга қара, улар сенга кулимсираяпти. Сен ҳам табассум қил, гўзалим. Яшил кўзларингни менга кўрсат, менга. Биласан, улар мени яшатади, бундан маҳрум этсанг мен ҳам яшамайман, севгилим.

Гулнор қабоқларини ярим очди, фақат бир сония яшил нигоҳлари Ўғузга боқди.

– Ташаккур, севгилим, ташаккур, — деди Ўғуз ва Гулнорнинг сочларини силади. Кейин ўрнидан туриб xўл кийимларини гуллар устига ёйди. Сув каноридаги тошлардан ўчоқ ясади, олов ёқди. Ялпиз каби бўй таратган ўтларни тўплаб, қайнатди, Гулнорга ичирди.

Ўттиз олти соат сўнгра, тонгда Гулнор кўзларини очди.

– Қара, севгилим, — деди xолсиз овоз билан Гулнор, — шу мис рангли тоғларнинг интизомли тизимига қара.

– Кўраяпман, жоним, фақат ўзингни чарчатма. Сен ҳакли эдинг. Сендан шубxаланмаслигим керак эди. Мана, сен айтган Эргенакондамиз, фақат сен ўзингни чарчатма, гапирма.

Гулнор кўзларини юмиб жим бўлди. Тушга қадар теран уйқуга кетди.

Ўғуз икки кун давомида турли хил тузоқлар қуриб овлаган қуён ва қушлардан тушлик емаги тайёрлади. Гулнорни кабоб ҳиди уйғотди. Ўғуз кўзларини очган қизнинг кўзларидан, бўйнидан, елкаларидан узоқ-узоқ ўпди. Кейин булок сувидан ҳовўчларига тўлдириб, ичирди.

Гулнор оёққа турди, той каби ўйнади чаманлар устида. Ўғузни йиқитди, у билан курашди, Mурод олиб, mурод берди.

Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 23 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.  

Тағин ўқинг
16 сентябр 2024
Германия канцлери Олаф Шольцлнинг Марказий Осиёга биринчи бориши бир йил олдин Берлинда ëйинланган «стратегик минтақавий шериклик» ғоясини қўллаб-қувватлаш ишораси ...
2 октябр 2018
Мажбурий ижро бюроси томонидан халқдан ундирилган триллионлаб сўм маблағнинг бир қисми аҳолининг зиммасига юкланган асоссиз қарздорлик бўлиши эҳтимоли жуда ...
17 сентябр 2020
Ўзбекистонда 2021 йилдан божхона ходимларининг фарзандлари тавсиянома билан олий ўқув юртларида грант асосида ўқишга танловсиз қабул қилиниши мумкин. Вазирлар ...
11 ноябр 2025
Туркия ва Ўзбекистон Ички ишлар вазирликлари ҳамкорлигида ўтказилган комплекс тезкор-қидирув тадбирлари натижасида,илгари бир қатор киберфирибгарлик жиноятларини содир этиб, 10 ...
Блоглар
27 ноябр 2025
Ўзбекистонда ëмғир сўраб оммавий дуо ўқилиши ҳақидаги лавҳалар матбуот ва блогосферада кескин танқид ва кулгига ...
25 ноябр 2025
Математика ўқитувчиси  ҳеч бўмаганда ўнгача санашни, она тили адабиëт ўқитувчиси эса тутлиқмай ўқиш ва хатосиз ...
24 ноябр 2025
Мен ўзбек сегментидаги Facebook’ни жуда яхши кўраман — ҳақиқий янгиликлар портали: цензурасиз, тўсиқсиз, ҳеч қачон ...