Дидсизлик давридаги дамдўзлик
Жой номларини ўзгартириб, ўзини ишлаётган қилиб кўрсатиш – бу дидсизлик даврининг энг катта белгисидир. Негаки, Дидсизлик даврида ноқобиллар, саводсизлар энг муҳим постларни эгаллаган бўлади.
Мана Раҳимжон Раҳмат ака “Қирқлар” қишлоғи номи учун бежизга курашмади. Номидан билиниб турган “Қирқлар” уруғини ҳам билмайдиган даражада саводсиз бу галварслар.
Чунки дидсизлар бугунги куни билан яшайди, тарихий онг йўқ. “Зарафшон”, “Заробшон”, “Нурафшон”, “Истиқлол”, “Янги Ўзбекистон” деган ғалча номларни тепасида тезакка қўнган пашшадай тўпланаверади.
Мана “Тўйтепа” номини “Нурафшон” деб ўзгартиргани билан сингмаяпти-ку одамларга. Ваҳоланки “Тўйтепа” номи жуда катта тарихга эга. Аслида “Тўйтепа” аввал “Туғтепа” яъни байроқ тикилган тепалик эди. Шайбонийхон туғини, яъни байроғини тиккан стратегик жой бўлган. “Боғлади” деган сўзни “бойлади” деб “ғ”ни “й” сифатида тилига мослаб олганидай одамлар “туғтепа”ни “туйтепа”, “тўйтепа” деб тилига мослаб ифодалашни бошлаган.
Тўйтепадан пастроқда Оҳангаронга туташ ерда “Эвалак” деган қишлоқ борки, бу галварсларни кўзи тушиб қолмасин-да деб қўрқаман. Бўлмаса “Эвалак”нинг номини ҳам пачағини чиқаришади. “Эвалак” сўзи аждодларимиз яшаган жуда қадимий Илоқ давлатининг ўрнидир. “Эвалак” сўзи туркийча “Эви Илоқ”, яъни “Илоқ уйи”, “Илоқ пойтахти” маъносини беради. Яна ўша тарафда “Кучлук” деган жой бор. Жалолиддин билан сулҳ тузиб Чингизхон (Темучин) билан урушган Кучлукхон ҳам алоҳида давлат тузган. Мана кўрдингизми? Ҳозирда кичик қишлоқлар номида қолган жойлар асли ДАВЛАТЛАР бўлган илгари. Ҳар бир ном ТАРИХИМИЗ БЎЛАГИ!
Ҳўй санлар! Фаразан, бир жойда “Шайтонкўприк” деган номни кўрсанг ҳам тегма! Худди ўша жойлар катта тарихий маънога эга! Сани бор-йўғи 60-70 йиллик бемазмун, ифлос умрингдан ва ҳатто ота-боларингни умридан ҳам улуғ давр ва катта тарихи бор! Шунча бошқарувда туриб ўрис тегмаган эди ҳатто ўша жой номларига! Илгари Ўзбекистон ҳудудида учта “Хотинкўприк” ва “Кампиркўприк” деб номланган жойлар бор эди. Ғалча номлар қўйиб, эндиликда улардан нишон қолмади. Илгари маҳрами йўқ аёллар чарх йигириб, дугчилик қилиб, ҳажга пул-маблағ йиғиб, маҳрами йўқлиги жиҳатдан ҳажга боролмай қолган. Ана ўша заҳматкаш момоларимиз ҳалол маблағига кўприк солишган ёки мусофирхона қурдирган. Шунинг учун “Хотинкўприк”, “Кампиркўприк” деган жойлар бор, эй саводсиз галварслар!
Ўзи айб бизда. Ҳозирги саводхон зиёлилар бошқарувдаги муҳим постларни эгаллаши керак эди. Буларнинг айби шуки – бирлашмайди, дидсизлар ва саводсизлар бирлашганидек бирлашмайди ва бошқарувга қизиқмайди.
Назаримда, бу дидсизлик даври ҳали ҳолва. Жуда кўп шарманда бўлган жирканч нусхалар диний ваъз қиладиган, ишкофдан кўла кўтариб чиққан ва бу шармандаликдан ўзини ўлдириши ё бош олиб кетиб ғойиб бўлиши керак бўлган кишилар рекламаларга чақириладиган, бу рекламалар бутун ижтимоий тармоқни тўлдирадиган Шармандалик даврига ҳам кириб келдик…
Шукур Жаббор
