якшанба,
7 декабр 2025
5 декабр 2025
Декабр ойи Элтузнинг «Вақт машинаси»да
- 1 декабрь – Жаҳон ОИТСга қарши кураш куни. Ушбу кун Халқаро сана сифатида Ўзбекистонда ҳам соғлиқни сақлаш вазифалари доирасида нишонланади.
- 3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни. Халқаро сана бўлиб, Ўзбекистонда имконияти чекланган фуқароларни қўллаб-қувватлашга бағишланган.
- 5 декабрь – Элтузнинг Ютубда очилган учинчи канали обуначилари сони 1000 тага етди. Бундан 10 йил бурун очилган канал йил бошида 4 февраль куни киберхужум натижасида ёпилган, унинг ортидан очилган канал ҳам айни тақиқ сабаб тўхтатилганидан сўнг, ноябр ойининг бошида учинчи канали очилган эди.
- 6 декабрь – Ўзбекистон халқ артисти, Мақом ва мумтоз ўзбек қўшиқчилигининг йирик намояндаларидан бири Мўминжон Абдуллаев туғилган кун.
- 7 декабрь – Тинч океанида Иккинчи Жаҳон урушининг бошланиши. 1941 йилнинг 7 декабрь куни (маҳаллий вақт билан 8 декабрь) фашистлар Германияси иттифоқчиси бўлган Япония Американинг Пёрл-Харбор ҳарбий базасига ҳужум қилди.
- 8 декабрь – Мамлакатнинг давлат суверенитети, ҳуқуқий асослари ва фуқаролар эркинликларини мустаҳкамлаган асосий қонун Ўзбекистон Республикасининг амалдаги Конституцияси 1992 йилнинг 8 декабрида қабул қилинган.
- 9 декабрь – Коррупцияга қарши кураш халқаро куни. Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Бош Ассамблеяси томонидан 2005 йил декабрь ойида қабул қилинган БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясини Ўзбекистон томонидан 2008 йили ратификация қилинган. Бу санани кўплаб давлатлар мунтазам нишонлаб келади. нишонланади.
- 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари куни. 1948 йилнинг 10 декабрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 3-сессиясида Умумжаҳон Инсон ҳуқуқлари декларацияси қабул қилинган. БМТга аъзо давлат сифатида 1992 йилнинг мартидан буён Ўзбекистон ҳукумати Инсон ҳуқуқлари декларацияси шартларини тан олиш ва ҳимоя қилиш мажбуриятини олган.
- 12 декабрь – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хамид Ғулом вафот этди. У «Машъал», «Тошбурондан кечганлар» каби асарлар муаллифидир. 1935 йил 25 апрелда туғилган, 2005 йил 12 декабрда вафот этган.
- 14 декабрь – машҳур ўзбек сатира устаси, актёр Обид Асомов 2018 йилнинг 14 декабрь куни Тошкент шаҳрида 55 ёшида оламдан ўтди. Каримов даврида тақиққа учраган қизиқчи Россиянинг «Кривое зеркало» ҳажвий кўрсатувида иштирок эта бошлаган, кейинчалик 2016 йилда ўзбек саҳнасига қайтган Обид Асомов бир неча ой муқаддам мультфильмлар студияси директори этиб тайинланганди. 2018 йилнинг декабрида санъаткорнинг юрак хасталиги билан шифохонага ётқизилгани ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Обид Асомов 1963 йилда Тошкентда туғилган. Тошкент театр ва рассомлик институтини тугатган.
- 17 декабрь – Моторли учоқ орқали илк парвоз. 1903 йили америкалик ака-ука Орвилл ва Уилбур Райт Шимолий Каролинадаги Китти-Хокда тарихда биринчи марта моторли самолётда муваффақиятли парвозни амалга оширдилар.
- 20 декабрь – шоир ва сиëсатчи Муҳаммад Солиҳ туғилган кун. Ўттиз йилдан буён муҳожиротда яшаб келаётган ўзбекистонлик атоқли шоир ва сиёсатчи Муҳаммад Солиҳ 1949-йилнинг 20-декабрида Хоразмда туғилган. У 1990 йилнинг мартида ташкил топган ва 1991 йил расман рўйхатга олинган Ўзбекистон «Эрк» Демократик партияси асосчиси ва лидеридир.
- 23 декабрь – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Асқад Мухтор туғилган кун. У «Чинор», «Опа-сингиллар», «Туғилиш» каби асарлар муаллифидир. 1920-йилнинг 23-декабрида Фарғона шаҳрида туғилган.
- 25 декабрь – СССРнинг расман тугатилган кун. Ўзбекистоннинг ўз мустақиллигини халқаро миқёсда янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган бу воқеа 1991 йилнинг 25 декабрида содир бўлган. Шу куни СССР нинг сўнгги президенти Михаил Горбачев иттифоқ тугатилганини билдирган ва совет байроғи Кремлдан олиб ташланган.
- 26 декабрь – Ҳинд океанидаги энг вайронкор табиий офат юз беган сана. 2004 йили Суматра қирғоқларида сув ости зилзиласи юз берди ва бунинг натижасида юзага келган цунами 14 мамлакатда юз минглаб одамларнинг ҳаётига зомин бўлди.
- 29 декабрь – Ўзбекистон Республикаси Президентлигига илк сайлов бўлиб ўтган кун. 1991 йилнинг 29 декабрь куни ўтган бу сайловда Ўзбекистон президентлигига ХДП (собиқ КПСС) партиясидан Ўзбекистоннинг собиқ қўмпартия котиби Ислом Каримов «Эрк» Демократик партиясидан Муҳаммад Солиҳ номзоди кўрсатилган. Расмий манбаларга кўра сайловда 94.2 % сайловчилар иштирок этгани уларнинг 87.1 % Ислом Каримовга 12.5 % Муҳаммад Солиҳга овоз берган. Сайловдан кейин Каримов умрининг охирига қадар иқтидорда қолган.
- 31 декабрь – Абдулла Қодирий ҳибсга олинган кун. Замонавий ўзбек романчилиги ва сатира жанри асосчиси Абдулла Қодирий НКВД томонидан «халқ душмани» дея айбланиб, 1937 йилнинг 31 декабрида қамоққа олинган эди. Абдулла Қодирий 1938 йилнинг 4 октябрида Тошкентда отилди.
