Синган тақа. Россия учун ядро меросидан кечган Ўзбекистон ва Украина
Бундан роппа роса 30 йил бурун Ўзбекистон, Марказий Осиё давлатлари ва дунёдаги учинчи йирик ядро арсеналига эга бўлган Украина ўз ядро қуролларидан воз кечган эди.
Ўзбекистон деярли ҳеч бир шартсиз ўз ҳудудидаги ядро арсеналларини Россия ихтиёрига топширди, Украина эса Америка, Англия ва Россиянинг хавфсизлик кафолати эвазига бу ишни амалга оширди.
Бугун Украина ҳукумати лидерлари бу қарорни афсус надомат билан эсламоқда. Чунки амалда меморандум бефойда қоғозга айланди. Россия 2014 ва 2022 йилларда унинг барча бандларини бузди – айнан кафил бўлиши керак бўлган ўша давлат. Айни меморандумни имзолаган иккинчи йирик давлат АҚШ президенти Трамп эса Россияни оқлашга уринмоқда, Зеленскийга унинг қўлида «кўзир» карталар йўқлигини очиқдан очиқ писанда қилиб уни деярли капитуляцияга ундаяпти.
Гарчи дунёнинг йирик давлатлари билан имзоланган ҳужжатда мамлакат хавфсизлигини кафолатлаши, яъни чегараларни ҳурмат қилиш, куч билан таҳдид қилмаслик ва тажовуз бўлган тақдирда БМТ Хавфсизлик Кенгашига мурожаат қилиш имконияти кўзланган эди.
Украина эса ядро қуролидан воз кечиб, кафолатланган ҳимоя механизмларига эга бўлмади.
Бугун Будапешт меморандуми халқаро хавфсизликдаги асосий хато сифатида эсланади. Чунки дипломатик ваъдаларга ишониш оқибати мамлакатга қирғин етказган ўн йиллик урушга айланди. Ҳаммаси қандай бошланган эди?
Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг, дунё харитасида пайдо бўлган янги мустақил давлатлар олдида улкан стратегик муаммо – ўз ҳудудларида қолган ядро қуроллари арсеналига нисбатан қандай йўл тутиш масаласи пайдо бўлди. Йирик давлатлар наздида бу миллий ва глобал ядровий хавфсизлик режимини ҳал қилувчи вазият эди. Элтузнинг ушбу таҳлили икки давлат – Украина ва Ўзбекистоннинг мазкур мураккаб жараёндаги ёндашувларини таҳлил қилади, улар эришган натижалар ва танланган йўллар орасидаги параллеллар ва асосий фарқларга эътибор қаратади.
ЯДРОВИЙ МЕРОС: ФАРҚЛАР ВА УМУМИЙ ҚАДАМ
Тарихий ҳужжатларда Украина ва Ўзбекистон Совет ядровий меросини қабул қилишда тубдан фарқли позицияларда бўлгани қайд этилади. Украина дунёдаги учинчи энг катта ядро арсенали (стратегик қуроллар, баллистик ракеталар)га эга бўлган давлат сифатида ажралиб турарди.
Ўзбекистон ҳудудида эса асосан ядро қуроли билан боғлиқ бўлган ҳарбий базалар мавжуд эди, аммо унинг асосий ядровий мероси тинч ядровий портлашлар (ТЙП) дастури доирасида, бу портлашлар газ қудуқларидаги аварияларни бартараф этиш учун амалга оширилган.
Парадокс шундан иборатки, Марказий Осиё ҳудудидан Россия тинч ядровий портлашлар қабилидаги доимий синовларини амалга оширишда фойдаланган. Бу эса турли манбаларда глобал экологик ҳалокатлар, жумладан Орол денгизининг қуритилишига олиб келгани билдирилади. Украина ҳудудида ҳарбий сохада қўлланилиши кўзланган ядро арсеналлари сақланган.
Иккала давлат ҳам мустақилликнинг дастлабки йилларида ядро қуролидан воз кечиш ва Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги Шартномага (ЙҚТШ) қўшилиш йўлини танлади. Бу қарор БМТ ва халқаро ҳамжамият томонидан олқишланди, чунки у глобал хавфсизликни мустаҳкамлашга хизмат қилгани эътироф этилади.
СЕМИПЛАТИНСК ШАРТНОМАСИ
Ўзбекистоннинг ядро қуролидан воз кечиш жараёни нисбатан тез ва сиёсий жиҳатдан камроқ драматизм билан кечгани маълум. 1992 йил 7 майда президент Ислом Каримов қарори билан мамлакат ЙҚТШ га қўшилган ва расман ядровий бўлмаган давлат мақомини олган. Ҳудудда жойлашган собиқ Совет ядровий каллаклари ва стратегик объектлар Россияга олиб чиқилган.
Кейинчалик 2006 йилда Ўзбекистон Марказий Осиё мамлакатлари – Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон билан қўшилиб биргаликда Марказий Осиёда ядро қуролидан ҳоли зона (МОЙҚХ зона) тўғрисидаги шартномани имзолаган.
Ва бу қарор, минтақадаги барча давлатларнинг ядровий хавфсизликка бўлган умумий садоқатини англатади, дейилган расмий ҳужжатларда.
Демак, Ўзбекистон ҳеч бир қаршиликсиз ва эвазига ҳеч нарса сўрамасдан ўз ҳудудидаги ядро каллакларини Россия ихтиёрига берган, унинг танлаган йўли хавфсизлик кафолатларини шартнома шаклида эмас, балки минтақавий ҳамкорлик доирасида мустаҳкамлашга қаратилган эди. Гарчи ядро арсенали эвазига ўз ҳудудида йиллар давомида «тинч ядровий портлашлар» ўтказиб келган Россиядан бунинг оқибатларини тугатиш учун катта товон пули ундириши лозим эди.
УКРАИНА: БУДАПЕШТ МЕМОРАНДУМИ ВА ХАВФСИЗЛИК КАФОЛАТЛАРИ
Марказий Осиё давлатларидан фарқли Украина ўзининг стратегик қуролларидан воз кечиш эвазига халқаро хавфсизлик кафолатларини талаб қилди. Бу жараён 1994 йил 5 декабрда имзоланган Будапешт меморандуми билан якунланди.
Асосий келишувда Ғарб давлатлари ва Россия томонидан кафолатланган ҳавфсизлик битимига кўра Украина ядро арсеналидан воз кечди.
Келишувга кўра кафолат берувчи давлатлар АҚШ, Буюк Британия ва Россия Украина мустақиллиги, суверенитети ва мавжуд чегараларини ҳурмат қилишга ва уларга қарши куч ишлатмасликка ваъда берди.
Будапешт меморандуми Украина учун хавфсизлик кафолати бўлиши керак эди. Бироқ Россия Федерацияси 2014 йилдан бошлаб ўз мажбуриятларини бузиб, ушбу халқаро ҳужжатнинг амалий аҳамиятини чиппакка чиқарди. Бу ҳолат, барча ядровий қуроллардан воз кечган давлатларнинг хавфсизлик кафолатлари бўйича ишончини сўндирган глобал воқеликка айланди.
ПАРАЛЕЛЛАР ВА ХУЛОСА
Иккала давлат ҳам ядровий меросга эга бўлган ва мустақилликнинг дастлабки йилларида ўз ихтиёри билан ядро қуролидан воз кечган, ЙҚТШ га қўшилган. Улар глобал тинчлик ва хавфсизликни устувор вазифа деб билишган.
Асосий фарқ эса уларнинг хавфсизлик кафолатларини мустаҳкамлаш масаласига ёндашувида.
Ўзбекистон минтақавий форматга (МОЙҚХ зона) ва умумий ДНЁ тартиб-қоидаларига таянган.
Украина эса бевосита йирик ядровий давлатларнинг шахсий кафолатларига, Будапешт меморандуми таяниб, охир-оқибат бу кафолатлар сиёсий инқироз олдида заиф бўлиб чиққанини кўрсатди.
Хулоса қилиб айтганда, Украина мисолида ядровий арсеналдан воз кечиш эвазига берилган халқаро кафолатларнинг пуч қоғозга айланганини кўрсатди, Ўзбекистоннинг йўли эса расмий ҳужжатларга муҳрланганидек, ядровий хавфсизликни таъминлашда минтақавий консенсусга амал қилиб, ЙҚТШнинг асосий тузилмаларига содиқ қолганлигини англатди.
Ҳар икки ҳолатда ҳам глобал миқёсда ядро қуроли тарқалмаслигини таъминлаш бўйича халқаро ҳуқуқий механизмларни доимий равишда кучайтириш зарур.
Бир томонда ядровий ҳавфсизлик учун АҚШ ва Россия олдига шартлар қўйган Украина уруш гирдобига тортилди, ўз садоқатини изҳор қилиб Россия ҳисобига ўз меросидан воз кечган Ўзбекистон эса тешик тоғора, синган тақа ва чириган симёғочлар билан қолди.
