Кремлнинг Ўзбекистонга юзланиши нимани англатади?
11 ноябрь куни Москванинг расмий Тошкентга нисбатан дипломатик фаоллиги сезиларли даражада кучайди. Бу жараён, айниқса, Вашингтонда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – АҚШ» саммитидан сўнг, Россиянинг Марказий Осиё минтақасидаги айниқса Ўзбекистондаги позициясини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ҳаракат сифатида намоён бўлди. Москва икки асосий ҳамкори – Қозоғистон ва Ўзбекистон билан алоқаларни чуқурлаштириш орқали минтақавий геосиёсий ўзгаришларга жавоб қайтаришга интилмоқда.
Қозоғистон Россия учун асосий стратегик ҳамкор
Куннинг асосий воқеаси Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тўқаевнинг Россияга давлат ташрифи бўлди. В. Путиннинг таклифи билан амалга оширилган бу ташриф тўлиқ дипломатик протокол асосида, юқори даражада ташкил этилди. Бу каби расмий қабул (фахрий қоровул, оркестр) Россия учун Қозоғистон билан муносабатларнинг нақадар муҳим эканлигини намоён қилади.
Музокаралар давомида Қозоғистоннинг минтақадаги Россия учун асосий стратегик ҳамкор эканлиги яна бир бор таъкидланди. Бу шубҳасиз, бирин кетин ўз ҳамкорларини йўқотаётган босқинчи Кремлнинг Марказий Осиёдаги хавфсизлик ва иқтисодий лойиҳаларда Қозоғистонга таянишини англатади. Ташриф, Вашингтоннинг минтақа билан алоқаларни кенгайтиришга уринаётган бир пайтда, Москванинг ўз таъсир доирасини қайта тасдиқлашга қаратилган муҳим қадами дея баҳоланмоқда. Лекин бундан ҳам муҳимроқ қадам Марказий Осиёда энг аҳолиси кўп бўлган Ўзбекистон сари қўйилгани англашилади. Аввалроқ Элтуз Россия қуролли кучлари сафида энг кўп ёлланма аскар ҳам Ўзбекистондан экани ҳақидаги маълумотларни очиқлаган эди.
Путиннинг Мирзиёевга қўнғироғи: Ўзбекистондаги стратегик шерикликни кенгайтириш
Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи тугаши биланоқ унга Россия президенти Путин телефон қилиб суҳбат ўтказди. Маълумотларга кўра, суҳбат ташаббускори айнан Россия бўлган. Бу қўнғироқ, Кремлнинг минтақадаги фаоллигини янада кенгайтиришга интилаётанини кўрсатади.
Бундан аввал Элтуз Ўзбекистоннинг Россияга пахта махсулотлари ва жумладан жанговор снарядла ва ракеталар учун асосий компонент ҳисобланган нитроцеллюлоза махсулотларини кўплаб миқдорда етказиб бераётгани ва ғарб санкцияларига тушгани ҳақида ёзган эди. Маълумки Ўзбекистондаги нитроцеллюлоза пахтадан олинади.
Шу ўринда C5+1 саммитида имзоланган битимларга кўра келишув доирасида Ўзбекистон — дунёнинг энг йирик пахта ишлаб чиқарувчи мамлакатларидан бири бўлишига қарамай, 100 минг тонна америкон пахта сотиб олиш бўйича уч йиллик шартнома тузгани ўртага чиқди.
Маълум бўлишича президентлар ўртасидаги телефон мулоқотида бу каби стратегик шерикликни янада ривожлантириш, қўшма энергетика лойиҳалари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик каби асосий масалалар муҳокама қилинган. Демак Ўзбекистон Россияга порох компонентларини етказиб беришда давом этади.
Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг йирик аҳолисига ва ресурсларига эга давлат сифатида, Россия учун нафақат савдо-иқтисодий, балки стратегик жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга давлатдир.
Энергетика лойиҳалари, айниқса, сўнгги пайтларда муҳокама қилинаётган «газ иттифоқи» доирасидаги масалалар ёки Ўзбекистоннинг энергетика инфратузилмасини ўзлаштириш кўп йиллик урушда тинкаси қуриган Россия учун ўта муҳим аҳамиятга эга.
C5+1 саммитига Россиянинг жавоби
Москванинг 11 ноябрдаги фаоллигини таҳлил қилар экан, унинг Вашингтонда бўлиб ўтган «Марказий Осиё – АҚШ» (C5+1) саммитига Россия томонидан берилган кескин жавоб сифатида кўриш мумкин.
- Тўқаев ташрифи Россия ва Қозоғистон ўртасидаги алоқаларнинг ҳали ҳам мустаҳкамлигини ғарбга намойиш қилди.
- Мирзиёевга қўнғироқ эса Россиянинг Ўзбекистон билан ҳам муносабатларни юқори даражада ушлаб туришга ва унинг кўп векторли сиёсатида ўз ўрнини сақлаб қолишга интилаётганини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, Москванинг бу икки дипломатик қадами – Тўқаевнинг давлат ташрифи ва Мирзиёевга қилинган қўнғироқ – Россиянинг Марказий Осиёдаги асосий ўйинчи сифатидаги мавқеини сақлаб қолиш ва ғарбнинг минтақага бўлган қизиқиши ортиб бораётган бир пайтда ўзининг таъсир доирасини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ ва мувофиқлаштирилган ҳаракат сифатида баҳоланмоқда.
