close
close
Асосий мавзулар
23 сентябр 2020

Тузилмасдан бўлиниб кесакбўрон қилинган партия

close

Иқтисод фанлари доктори, профессор Хидирназар Аллақулов янги партия тузиш пайига тушгандан буён унга кўринмас кучлар томонидан зарбалар берилмоқда.

Ўзбекистонни эртаклардаги Сусанбилга айлантираман, дея жар солаётган олим партияни “Ҳақиқат ва тараққиёт” социал-демократик партияси деб номлади. Аммо ҳаракат бошлангандан буён бирор рўшнолик кўрмади.

Унга эргашиб юрган “Адабиёт газетаси” бош муҳаррири ҳам кўплаб тазйиқлар гирдобида қолди. Бу орада ковиддан 45 кунлик карантинга тушиб, ўзини реклама қилиб олди.

Карантиндан чиқиши билан газетанинг сохта сони чоп этилиб, ҳам газета, ҳам ўзи яна дунё ҳамжамияти эътиборига тушди. Сохта сон аслида пулдан бошқа ҳеч нарсани ўйламайдиган Бахтиёр Карим ва газетасининг обрўсини тушириши ва ҳатто тузилажак партияга берилган катта зарба бўлиши керак эди.

Аммо бу Ўзбекистонда журналистиканинг кимларнингдир қўлида ўйинчоқ эканини, давлат рўйхатидан ўтган газетанинг кўринмас кимсалар учун обрўси йўқлигини кўрсатди…

Хидирназар Аллақулов ва Бахтиёр Карим газетанинг сохта сонини чиқарган кишиларни топиб беринглар, деб керакли жойларга арз қилди. Интернет орқали халққа видеочиқишлар тақдим этди.
Газетанинг АҚШдаги халоскори каби кўринган Жаҳонгир Муҳаммад ҳам сохта сон ҳақида бир нималар дегандай бўлди. Ўзбекистонда адолат йўқлигини исботламоқчи бўлиб, сохта газетани бунга мисол қилиб кўрсатди.

Жон куйдиришга асос бор эди. Чунки сохта газетада Жаҳонгир Муҳаммад ҳақида ҳам айрим танқидий фикрлар билдирилганди.

Шунча дод-войларга қарамай, фан ва технологиялар тараққий этган XXI асрда сохта газета ким томонидан чоп этилгани номаълумлигича қолди…

Ҳамма журналистларни ҳаромхўр, ўзини тозахўр, деб атайдиган Абдуқодир Мўминов ҳам ютубдаги “Кўзгу” каналида сохта газетани чиқарганларни топиш илинжида кўрсатувлар тайёрлаган.

Партияга хайрихоҳ бўлиб ўзини ва ютубдаги каналини анча жонлантириб олди. Аслида Жаҳонгир Муҳаммаднинг тавсияси билан бу ишларни қилаётгани иддао қилинган Абдуқодир Мўминов тез орада Хидирназар Аллақуловнинг ўғиллари қаторига кириб олди. Бироқ бу узоққа чўзилмади…

АҚШдан туриб партия ишларидан хабардор бўлиб тургани айтилган Жаҳонгир Муҳаммад “мен ҳатто партиянинг номини тўлиқ билмайман, Хидирназар домла билан алоқам йўқ”, деб барчани ишонтиришга уринаётган бир пайтда Абубакир исмли чолнинг интервьюси эълон қилинди.

Унда Жаҳонгир Муҳаммад ва Хидирназар Аллақуловнинг ёзишмаларини телеграм орқали бир-бирига Абубакир етказиб бергани айтилган…

Хуллас, иши ҳеч ўнгидан келмаётган Хидирназар Аллақулов охири тадбиркорларни ҳамкорликка чақирди. Атрофида чўнтаги пулга тўла тадбиркорлар йиғила бошлади. Улар билан бирга яна Абдуқодирнинг ютубдаги каналида чиқишлар қилди.

Аммо кутилмаганда тадбиркорлар ҳукуматнинг одами эканини билган Хидирназар Аллақулов бу хайрихоҳларнинг орқасига тепиб, қувиб солди. Пулга сотилмаслигини, охиригача ўзи курашишини, Ўзбекистонни ўзи Сусанбилга айлантиришини айтди. Абдуқодирга ҳам эркин журналистлигида омад тилаб хайрлашди.

Атрофида Бахтиёр Каримдан бошқа ишончли одами қолмаган Хидирназар Аллақулов охирги кунларда тушкунликка тушиб қолган эмиш. Аросатда қолган Бахтиёр Карим на газета чиқара оляпти, на пул ишлаяпти.

Ҳатто газетани чоп эттираман деса, Ўзбекистонда бирорта дизайнер тополмай сарсон. Топган дизайнерлари икки кунда газетани тайёрлаб бериш фикридан қайтиб қолмоқда…

Америкалик Жаҳонгир Муҳаммад эса ўзи кашф қилган Абдуқодир Мўминовга бўш келмаслигини, тадбиркорларга қўшилиб ўзлари янги партия очиб олишини буюриб ётгани иддао қилинди.
Ажаб эмас, энди бир эмас, икки мустақил партия пайдо бўлса.

Хидирназар Аллақулов ҳақида икки оғиз сўз. У 1956 йил Сурхондарё вилояти Олтинсой туманида туғилган. Термиз давлат университети ректори бўлиб ишлаган вақтда қўл остидаги ножўя ҳаракат қилган амалдорларни ишдан бўшатиб, ўзига душман орттирган.

2002 йилда университет ректорлигига тайинланиб, икки йил ишлагач, маблағларни талон-тарож қилганликда айблани ишдан бўшатилган. Ўзбекистонда ўзини оқлай олмагандан сўнг БМТ орқали оқлашишга эришган.

Ўзбекистонда партиячилик, яъни мухолиф партия тузиш тарихига назар солсак, бир-биридан зиддиятли ҳолатларга дуч келамиз. Аксарияти ички келишмовчиликлар билан якунланган.
Бириколмаган, бир ёқадан бош чиқаролмаган. Ҳали тузилмаган партияга раҳбар бўлишга интилиш туфайли парчаланиб кетган “Бирлик”ни бунга мисол сифатида эслаш мумкин.

Яқин ўтмишга назар солсак, Бухородаги истиқлолчилик ҳаракатига бошчилик қилган Мусо Саиджонов ва бошқаларнинг партия тузиш ҳаракатларини эслаш мумкин.

Eltuz.com

Тағин ўқинг
9 сентябр 2019
Зимбабвенинг 37 йиллик диктатори ўлгани фонида Ўзбекистон парламентининг қарийб шу ёшлардаги депутати Акмал Умирзоқов мавжуд номенклатурадан ташқаридаги шахсларнинг депутат ...
18 июн 2018
Ўзбекистон кучишлатар тизимлари делегацияси 4-8 июнь кунлари Пекинда махсус семинарда қатнашди. Хитой пойтахтида “Пул ва моддий ўтказмалардан ноқонуний фойдаланиш” ...
28 март 2017
20 март куни эълон қилинган энг бахтли мамлакатлар рейтингида Ўзбекистонликлар барча собиқ Совет давлатларини ортда қолдирди. Gallup тадқиқот маркази ...
15 июн 2017
Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комиловнинг дипмиссия ходимлари ва рахбарлари билан биргаликда режалаган халқ билан тўғридан-тўғри мулоқоти кутилмоқда. Вазирлик сайтида ...
Блоглар
21 сентябр 2020
Аёллар дискриминацияси ва гендер тенгликка қарши ҳаракатлар аввал масжидларда, ички ишлар ходимлари орасида (аёлларни ечинтириб, ...
14 сентябр 2020
Бир танишим бор эди. Ҳозир ўтиб кетган. Икки-уч йилда чорраҳа ёки метро вагонида тўқнаш келиб ...
11 сентябр 2020
“Биз томонларгаям коронавирус инфекция етиб келди. Қишлахта ўн бешта одамда ўша касаллик бор экан”,- деди ...