Умида Ниязова: Қонунсизлик тузоғида: Каримова иши ортидаги суд-ҳуқуқ муаммоси
Гулнора Каримова тақдири эндиликда кўпчилик учун қизиқ эмасдек туюлмоқда. Унинг ҳибсга олиниши юзасидан Ўзбекистон Бош прокуратураси қисқа баёнот бериб, унинг мамлакатга 1,3 миллиард доллар миқдорида зарар етказганини билдирган эди, аммо мамлакат ичидаги жиноят ишларига оид тафсилотларни ҳеч ким билмайди.
Каримованинг ҳуқуқларини бир неча йиллардан буён ҳимоя қилиб келаётган швейцариялик адвокати 2019 йили Ўзбекистонга киришдан маҳрум қилинган. У БМТнинг Ўзбошимчалик билан қамоққа олиш бўйича ишчи гуруҳига мурожаат қилди. Бу ишчи гуруҳ дунёдаги авторитар давлатларда фаолларни ноқонуний қамоққа олишга эътибор қаратиш учун инсон ҳуқуқлари ташкилотлари кўп бора мурожаат қиладиган органлардан бири ҳисобланади. Яқинда ушбу ишчи гуруҳ Каримованинг ҳуқуқлари қўпол равишда бузилгани ва унинг қамоққа олиниши ноқонуний эканини билдирувчи хулоса чиқарди. Яқинда БМТ Ишчи гуруҳи Гулнора Каримова адолатли суд муҳокамаси бўйича барча ҳуқуқилардан маҳрум қилингани ва унинг ҳибсга олиниши ўзбошимчалик билан амалга оширилгани ҳақидаги хулосага келди.
Гулнора Каримова 10 йилдан ортиқ қамоқда сақланаётган бўлса-да, унинг тақдири фақат фарзандларинигина қизиқтиради. Аммо БМТнинг бу қароридан Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ тизимининг қай даражада оғир ҳолатда экани кўзга ташланади. Бу алоҳида хавфли ҳудуд — бу ерда ҳеч қандай қонун-қоидалар йўқ, раҳм-шафқатсиз жанглар кечади, бу Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларидаги жиноий тартиб-тамойиллар ҳақида. Ҳозирча давлатнинг марҳаматидан баҳраманд бўлиб юрган тадбиркорлар бундан жиддий сабоқ чиқариши лозим, чунки бу ҳолат жуда тез ўзгариши мумкин. Бундай ҳолатларга мисоллар жуда кўп.
Каримова тарихида эътиборга молик жиҳат шундаки, у нафақат Ўзбекистон ичида, балки чет элларда ҳам етарлича исботланадиган жиноятлар содир этган. Унинг жиноятларини тергов қилиб, қонуний йўллар орқали суд тартибида кўриб чиқиш мумкин эди. Каримова айбдор бўлган барча коррупциявий ишларни очиқ ва адолатли суд муҳокамаси орқали кўриб чиқиш жамиятни бироз соғломлаштириши, жамиятни унинг ҳамтовоқларидан тозалаши, жабр кўрганларга етказилган зарарни қоплашга ёрдам бериши ва халқаро инвесторлар томонидан Ўзбекистон суд тизимига бўлган ишончни ошириши мумкин эди.
Бироқ ўзбек «адолат» тизимидаги мақсад Каримованинг коррупциявий жиноятларини фош этиш ва айбдорларни жазолаш эмас эди. Асосий мақсад уни бутунлай изоляция қилиш ва ҳеч қанақасига унинг гапиришига йўл қўймаслик бўлган. Очиқ мунозарали суд жараёни ҳар қандай жиноятда айбланаётган шахснинг ўзини ҳимоя қилиш, судда чиқиш ва ўз далилларини баён этиш ҳуқуқини назарда тутади. Агар бу жараён тегишли ҳуқуқий тартиб-қоидаларсиз ўтказилса, бу суд эмас, балки мафиявий ҳисоб-китобдир. Каримова эса ҳеч қандай ҳолатда гапирмаслиги керак эди, айниқса оммавий равишда. БМТнинг ишчи гуруҳи чиқарган қарор ортида эса Ўзбекистоннинг мутлақо номустақил ва носоғлом ҳуқуқни муҳофаза этиш ва суд тизимининг чуқур муаммолари яширинган.
Каримова ўз отаси томонидан қурилган ва унга ҳамда унинг оиласига хизмат қилиши керак бўлган, аммо охир-оқибат ўзига қарши ишлаган қонунсизлик тизимининг қурбонига айланди. Эҳтимол, унга ҳеч ким ачинмаётгандир. Бироқ муаммо шундаки, Ўзбекистонда шундай тизим шаклланганки, унда коррупционерлар қамалади, аммо коррупция камаймайди. Каримованинг адолатли ва очиқ судсиз, узоқ йиллар қамоқда қолиши амалга ошмаган адолат тизимининг ёмон анъанасини давом эттиради.
БМТнинг махсус ишчи гуруҳи қароридан:
Каримова 2014 йил 14 февралда ҳибсга олинган. Унга ҳибсга олиниши асосларини кўрсатувчи ҳеч қандай ҳужжатлар тақдим этилмаган. У 18 ой давомида, 15 ёшли қизи билан бирга, ташқи дунё билан ҳеч қандай алоқа ўрнатиш ҳуқуқисиз, уй қамоғида сақланган. Бу давр мобайнида унинг қизи мактабга бора олмаган. Каримованинг ҳибсга олиниши юзасидан бирор суд органига шикоят қилиш имконияти бўлмаган, унга иш материаллари тақдим этилмаган, гувоҳларни сўроқ қилиш, адвокат ёрдами олиш ҳуқуқи берилмаган.
2015 йил 21 август куни Каримова суди бўлиб ўтди – унинг ошхонасида. Суд жараёнида тайинланган икки нафар адвокат иштирок этган, аммо Каримова улар билан олдиндан ҳеч қандай мулоқот қила олмаган. Мазкур “ошхонадаги суд” уни ташқи дунё билан бутунлай алоқани тақиқлаган ҳолда 5 йиллик уй қамоғига ҳукм қилган.
2016 йил ноябрда эса унинг швейцариялик адвокати Каримова билан учрашишга муваффақ бўлди. Адвокат билан учрашувдан бир кун олдин “прокурор Каримова хонимни қўпол тарзда қўлидан сиқиб, эртаси куни у нима демаслиги кераклигини билишини айтган. Бу воқеадан сўнг Каримованинг қўлида 8 сантиметрли катта кўкариш изи қолган. Ўзбекистон ҳукумати Каримовага швейцариялик адвокати билан суҳбатлашишни таъқиқлаган».
2017 йил 18 декабрда Каримова Тошкент вилояти судига олиб келинган ва унга нисбатан яна бир қатор жиноятлар бўйича айблов эълон қилинган. Иккинчи суд жараёни пайтида баённома юритилгани маълум эмас. Маълумотларга кўра, Каримова ўша пайтгача ҳеч қачон кўришмаган адвокат орқали ҳимоя қилинган. Судгача бўлган жараёнларда Каримова иштирок этмагани ҳам таъкидланган. Айтилишича, у шикоят аризаси бериш ёки судга мурожаат қилиш имкониятига эга бўлмаган, ёки унга бу имконият умуман берилмаган. Шунингдек, суд ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган, гарчи бундай тартибни асословчи аниқ айбловлар ёки асослар бўлмаса-да. Суд Каримовани 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилган ва у 2018 йил январ ойида Тошкент вилоятидаги жазони ижро этиш колониясига кўчирилган.
“2018 йил 11 ва 12 октябрь кунлари Тошкентда Каримова хонимнинг учинчи давлатдан келган адвокати томонидан амалга оширилган сўнгги ташрифи пайтида Ўзбекистон расмийлари учрашувларга тўсқинлик қилган. Ҳукумат органлари учрашувларни мунтазам кечиктирган, бир неча бор уларни тўхтатган ва режалаштирилган муддатдан олдин мажбуран якунлаган. Бу каби кўплаб тўсқинликлар натижасида икки кун давомидаги учрашувларнинг умумий вақти 3 соат 15 дақиқадан ошмаган. Каримова ва унинг учинчи давлатдан бўлган адвокати ушбу учрашувлар давомида эркин мулоқот қила олмаган, чунки улар суҳбатлар ёзиб олинаётгани ёки тингланаётганидан хавотирда бўлишган».
2019 йил сентябрь ойида Гулнора Каримовага учинчи бор айбловлар пакети тақдим этилди. Унга ўз хоҳишига кўра икки нафар адвокатни танлаш ҳуқуқи берилди, аммо бу адвокатлар уни тўлиқ ҳимоя қилиб бера олмади, чунки улар Ўзбекистон ҳукумати томонидан қаттиқ босимга учраган ва ҳанузгача шундай босим давом этмоқда. 2020 йил 18 март куни Каримова давлат маблағларини ўзлаштириш ва бошқа қатор жиноятларда айбдор деб топилиб, 13,4 йил озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм қилинди.
“2019 йил 12 июндан бошлаб Каримова хонимга учинчи давлатдан бўлган ўз адвокати билан учрашишга рухсат берилмаяпти. 2019 йил декабрда Ўзбекистон ҳукумати мазкур адвокатни 2024 йил 31 декабргача Ўзбекистонга киришини таъқиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Бу қарор, айни пайтда, ушбу адвокат ижтимоий тармоқларда Каримова хонимнинг ҳуқуқлари Ўзбекистон ҳукумати томонидан тизимли равишда бузилаётгани ҳақида баёнотлар берганидан сўнг қабул қилинган. Ўзбекистон расмийлари бу баёнотларни «бузғунчи хатти-ҳаракатлар» ва «ёлғон маълумотлар тарқатиш» деб баҳолаган ҳамда Бош прокуратурани Каримованинг учинчи давлат адвокатига кейинчалик у билан учрашишга рухсат берилмаслиги ҳақида хабардор қилган”.
Ҳозирги вақтда Гулнора Каримова Зангиота колониясида сақланмоқда. У ҳали ҳам тўлиқ изоляцияда сақланиб, почта ёки телефон орқали хабарлашиш ҳуқуқига эга эмас, ҳатто ўз оила аъзолари билан ҳам телефон орқали мулоқот қилиши мумкин эмас.
Юқорида келтирилган ҳолатлар асосида БМТнинг Ўзбошичмалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи қуйидагича хулоса чиқарди:
Гулнора Каримовани озодликдан маҳрум қилиш – Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 3, 8, 9 ва 11-моддалари ҳамда Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 2, 9 ва 14-моддаларига зид равишда – ноқонуний деб топилади.