Ўзбек фаолининг қизи ҳаёти ҳавф остида
Жорий йилнинг 9 июль куни Ҳуқуқ ҳимоя альянси тарқатган баёнотга кўра, таниқли ҳуқуқ фаоли Малоҳат Эшонқулованинг қизи Зарнингор Алимбекованинг ҳаёти ҳавф остида қолмоқда, бироқ унинг чет элга бориб даволанишига расмийлар изн бермаяпти.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаеванинг билдиришича, Зарнигор Алимбекова ҳозирда онкологик касаллик боис тезкор тиббий ёрдам ва операцияга муҳтож. У кимётерапияси олмоқда, соғлиғи кескин ёмонлашмоқда, бу тиббиёт ҳужжатлар билан тасдиқланган.
Лекин, Самарқанд шаҳри жиноят ишлари бўйича судяси Раупов чиқарган суд қарорига кўра белгиланган 54 678 218 сўм миқдоридаги жариманинг тўланмагани унинг Туркия ёки Европа мамлакатларидан бирига бориб даволанишига тўсқинлик қилмоқда.
«Миллий ва халқаро ҳамжамият вакилларини, таниқли журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Малоҳат Эшонкулованинг қизи Зарнигор Алимбекова билан боғлиқ вазиятга зудлик билан аралашишга чақирамиз» дейилади Ҳуқуқ ҳимоя альянси тарқатган баёнотда.
Жумладан баёнотда билдирилишича, судя Раупов 2024 йил 8 август куни 3 1401 2431 – 11734 рақамли маъмурий ишни кўриб чиқди ва Зарнигор Алимбековани ҳайдовчи сифатида йўл ҳаракати қоидаларини бузганликда айблаган. Судя Раупов Зарнигорга иш материаллари билан танишиш имконини бермаган, суд жараёнида ҳимоячи таъминламаган, йўл-патрул ходимларини судга чақирмаган. Ҳодисанинг асл сабабини аниқламаган
Зарнигор Алимбекова ЙТҲ схемасини кўрмаган, протоколларга имзо қўймаган, лекин дарҳол айбдор деб расмийлаштирилган, ички ишлар ходими Жасур Жалилов эса “жабрланувчи” деб топилган. Апелляция шикояти ҳам судя Рауповнинг қарорини қўллаб-қувватлаган. У ҳатто Зарнигор Алимбекованинг касаллиги сабабли ногиронлиги, ёлғиз она эканлиги, вояга етмаган фарзанд тарбиялаётганини ҳам инобатга олмаган.
«Шу сабабли судя Раупов Ж.нинг суд қарорини ижросини дарҳол тўхтатиш ва Зарнигор Алимбекованинг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида хорижга чиқиш тақиқини бекор қилиш зарур!» дея билдирилади фаоллар тарқатган баёнотда.