ИЧАН-ҚАЛЪАДА НОҚОНУНИЙ ҚУРИЛИШ – ЮНEСКО БУНДАН ХАБАРДОРМИ?
Хива шаҳар “Ичан-қалъа” маҳалласидаги “Бўёқчилар” кўчаси “Хевақ қудуғи” номли 107-объектда қурилиш ишлари ҳалиям давом этяпти. Хива шаҳар кадастр агентлиги “Хевақ қудуғи”даги ноқонуний қурилаётган бу бино ва иншоотлар ҳақида ҳалигача ҳеч қандай баёнот бермаган.
Инсайдерлар Элтузга тақдим этган маълумотга кўра, Ичан-қалъа” қўриқхонаси директори ва ҳозирги кунда депутат Рустам қўлида “Хевақ қудуғи”га тегишли ноқонуний 2 та ҳар хил хужжат бор – бир ҳужжат “Хевақ қудуғи” объектини қайта реставрация қилиш тўғрисидаги рухсатнома, бошқа ҳужжатда ноқонуний қурилишларга “форточка” очилган.
“Ичан-қалъа” қўриқхонасининг Алишер Исмоилов бошчилигида ушбу ноқонуний қурилиш ишлари давом этар экан маҳаллий аҳолининг норозилиги ортмоқда. Юнеско рўйхатидаги тарихий объектда ҳар қандай ўзбошимча қурилиш оқибати аянчли бўлиши муқаррар.
Ўзбекистон Республикасидаги Юнеско ва Бутунжаҳон Юнеско ташкилотлари тарихий объект бўлган Ичан-қалъа ҳудудидаги ноқонуний қурилишдан хабардорми? Хива шаҳар ҳокимлиги, “Ичан-қалъа” қўриқхонаси директоридан вазият ҳақида тафсилотли баёнот кутамиз.