Кремл тарафдорларининг Ўзбекистон ҳавфсизлигига таҳдиди
Ўзбекистонда Кремл сиёсати тарафдорларининг таъсири сезиларли даражада кучамоқда. Уларнинг гап-сўзлари Россия раҳбариятига бўлган шахсий симпатия ёки Совет Иттифоқига нисбатан ностальгия эмас. .
Гап, аниқ бир сиёсий йўналишда ҳаракатланаётган ва миллий манфаатлар, хавфсизликка жиддий таҳдид солаётган бешинчи колонна ҳақида.
Империя соғинчи
Кремлга мойил кўплаб фуқаролар “СССР тикланиши»дан орзуманд. Улар Брежнев давридаги 5-10 йил тўқчилик (аслида турғунлик)ни бутун СССРнинг 70 йиллик тарихига хос деб ўйлайдилар.
Умумий ўтмиш ва собиқ буюклик шарпасидан Москва моҳирона фойдаланади. Мақсад – Россия яна постсовет давлатлари ҳаётини белгилаб бериши лозим деган ғояни сингдириш.
Бу фикрлар блогерлар ва фаоллар томонидан илгари сурилмоқда, улар СССРни «эркинлик, адолат, ахлоқий юксаклик ва барқарор иқтисодиёт» намунаси сифатида тарғиб қилмоқда.
Блогерлар билиб-билиб алжираётган бу ғоялар Ўзбекистоннинг мустақилликни мустаҳкамлаш, миллий ўзлигини сақлаш ва замонавий давлат қуриш сари қаратаётган сиёсий курсга тўғридан-тўғри зид келади. СССРга бўлган ностальгия аслида ташқи таъсир воситасига айланиб, мамлакатнинг маданий, тил ва сиёсий модернизациясини сустлаштиришга хизмат қилмоқда.
Ажабланарлиси шундаки, мустақиллик ҳақида гапирганлар миллатчи деб тамғаланади. Ўзбек тилини ўрганиш, маҳаллий халқ билан қоришиш ҳақида сўз кетса, буни «миллатчилик» ёки «нацизм» деб аташади.
Коллаборационизм — яширин таҳдид
Ўзбеклар учун ҳозир фақат бир уруш, бир мазлум бор – Фаластин. Ўзбекистонликларнинг аксари Исроилнинг босқинчилик ҳаракатини кескин қоралайди. Бироқ айни шу жамият бошқа бир золим босқичи, Россияни жон бериб олқишлайди.
Айрим ўзбекистонликларнинг Россиянинг Украинага қарши тажовузини ёқлаб чиқиши, уларнинг ўз ватани манфаатларидан кўра бошқа давлатнинг – Россиянинг мақсадларини устун қўяётганини кўрсатади. Бу жамият бирлигини парчалаб, ички барқарорликка таҳдид туғдиради.
Бундай қарама-қаршиликлар айниқса ижтимоий тармоқларда кескинлашган — бир томонда Россиянинг империалистик таъсирини кенгайтиришни қўлловчилар, иккинчи томонда эса миллий ўзлик ва суверенитетни ҳимоя қилувчилар.
Ачинарлиси, айрим этник ўзбеклар ҳам шу «совет тузуми»га ностальгия билан қараб, шу томон энтикади.
«Рус дунёси» — ўзбек миллий ўзлигига қарши
Кремл идеологиясининг асосий ғояларидан бири — «рус дунёси» тушунчаси. У Россиянинг маданий ва тил устуворлигини постсовет ҳудудларига қайта тиклашни кўзлайди. Бу ғояга ишонувчилар учун ўзбек тилини ўрганиш шарт эмас, Москва яна қайта ҳукмронлик қилади барибир, совет иттифоқи қайта тикланади деган қарашлар мутлақо табиий.
Аммо бу идеология ўзбек жамиятининг миллий тил, маданият ва урф-одатларини сақлашга қаратилган ҳаракатларига қарши чиқади. Кремлча риторикани қабул қилиш миллий ўзликни секин-аста йўқ қилади. Зотан оддийгина Давлат тилни билмаслик — маҳаллий тарих, маданият ва жамиятни билмасликка олиб келади.
Бундай кишилар ўз мамлакатининг тарихини Россия риторикаси орқали билишни маъқул кўради. Ўзбек тарихчилари томонидан келтирилган маълумотлар эса улар учун «тарихни бузиш» ёки «аждодлар ғалабасини ҳақорат қилиш» ҳисобланади.
Ахборот майдони ғоявий кураш майдонига айланди
Ўзбекистон ахборот хавфсизлиги ва ғоявий барқарорлик аҳамиятини англаб етиши керак. Бу асло цензура эмас. Бу — танқидий фикрлаш, медиа саводхонлик ва миллий ғурурни ривожлантириш демак. Ҳар бир фуқаро билиши керакки: вайрон бўлган империяга садоқат — ўзликдан воз кечиш демак.
Кремл риторикасининг энг асосий тарқатувчи воситаларидан бири Россия телеканаллари. Кўплаб ўзбекистонликлар ҳануз шу каналларни кўриб, воқеаларни бурмаланган тарзда қабул қилишмоқда.
Пропаганда тажовузни “озодлик учун кураш” деб атайди, Россиянинг камчиликларини айтиш Ғарбга хизмат қилиш билан баробар, «Россия – катта оға, бошқа давлатлар – кичик йўлдош» деган оҳанг ҳукмрон.
Бундай контентни мунтазам кўриш, ўзбек фуқароларида кремлпараст қарашларини шакллантиради. Ўз мамлакатига нисбатан соғлом муносабат ўрнига, Кремлни «асосий йўлбошчи» сифатида қабул қилиш ҳолати юзага келади.
Шу аснода жамиятда идеологик жарлик пайдо бўлади — бир томонда мустақиллик тарафдорлари, иккинчи томонда эса бошқа давлат манфаатларини ёқлаб чиқувчилар.
Кремлга садоқатнинг турли ниқоблари
Кремл тарафдорлари Ўзбекистонда кўпинча “халқлар дўстлиги” ва “умумий тарих” ҳақида гапиришади. Бироқ бу сўзлар ортида бошқа маъно ётибди: ўз юртини бошқа давлатга бўйсундиришга тайёр ҳолат ва Россия ҳаракатларини оқлаш тенденцияси.
Фуқаро сифатида Ўзбекистон паспортини кўтариб юриб, руҳан ва идеологик жиҳатдан Москвага садоқатли бўлиш — миллий бирликни заифлаштириб, хавфсизликка таҳдид солади.
Ачинарлиси шундаки, Ўзбекистон Россиянинг ички паспортларини расман қабул қилиш орқали ўз ҳудудида Кремл суверенитетини эътироф этиб қўяётгандек бўлди.
Россия учун қон тўкаётган ўзбеклар
Ўзбекистон ғоявий курашда, ахборот жангида барча имкониятларни бой бериб бўлди. Ҳукумат Кино, санъат ва телевидение, миллий онлайн контентни молиялаштирмади, бу борада расмиятчилик ва бюрократия ҳукмрон бўлди. Натижада, аҳолининг аксари арабларга ҳавасманд. Қолгани эса кремлпарастлик кайфиятида. Улар вербовкага, яъни бошқа давлат урушида қатнашишга мойил бўлиб қолишмоқда. Россия пропагандаси таъсирида айримлар Украина фронтига боришга рози бўляпти — улар бундан ўзи ҳам бехабар ҳолда ўз мамлакат манфаатларига зид иш қилмоқда.
Украина оммавий ахборот воситалари маълумотига кўра, 1110 дан ортиқ ўзбек фуқароси уруш учун вербовка қилинган. Ўзбекистонда эса фақат бир неча киши “ёлланма жангчи” моддаси билан суд қилинди. Уларга берилган жазо ҳам кўп ҳолатда енгиллаштирилган.
Бундай ҳаракатларни оқлаш — ватанга маънавий хиёнат. Чунки бошқа давлат урушида қатнашишни қўллаб-қувватлаш — Ўзбекистоннинг бетарафлик тамойилига ва инсон ҳаёти қадрига қарши чиқиш демакдир.
Бугунги дунёда миллий хавфсизлик фақат қурол билан эмас, балки онг ва тафаккур тиниқлиги билан ўлчанади. Агар жамиятнинг бир қисми бошқа давлат таъсирида яшаса, уларнинг ахборотига ишонса ва уларнинг манфаатини ҳимоя қилса — бу шунчаки ахборот муаммоси эмас, давлат суверенитетига таҳдид.
Ўзбекистон ўз ахборот майдонини, маданиятини ва таълим тизимини мустаҳкамлаши керак. Шундагина фуқаролар дунёга Кремл тирқичидан эмас ўз деразасидан қарайди.
Алишер Таксанов
Жамиятшунос, собиқ дипломат