Кўрга китоб ўқиган одам
Азизлар яхши ният билан ëстиқдай китоб чиғориш учун уриниб ëтибман. Шу китоб ичига кирадиган ҳикоялардан бирини бугун ëздим. Бир ўқиб кўрингчи.
(рассом Туз саҳифасидан)
Кўрга китоб ўқиган одам
-Мана облкультура буйруғи. Бинони бўшатинг
-Китобларни нима қиламан?
Пахталик гуппи кийган одам хужжатни узатди.
– Буйруқда ëзилганку¸ списать қилинсин деб. Сен китобни ўйлама. Колбасачига сотамиз¸ пулни ярми сенга.
Шахардаги энг сўнгги кутубхона китоблардан бўшатилиб дўконга айланиши бўйича буйруқ чиққанди.
Бир тарафдан Қора қум¸ бир тарафдан Қизил қум бир тарафдан қуриган орол туз тўзонларидан иборат Oқ қум ўраб олган 100 минг киши яшайдиган учбурчак шахарда тўртта кутубхона бор эди.
Шахарнинг номи ҳам Учбурчак.
1988 йилда бошланган талотумда бу кутубхоналарнинг биттаси Жики Чан карате видеоларини қўядиган видиохонага¸ яна бири жигули олд ойнасини пресслайдиган қозонхонага яна бири эса перашка цехга айлантирилган эди.
Тўртинчи кутубхона мудири эса ëзиб чизиб “элга керак жой” дея талаб қилиб кутубхонани тужжорлар хужумидан ҳимоя қилиб келаëтган эди.
Унинг исмини ҳеч ким билмайди. Библиотекачи дейишади. 1959 йили кутубхоначилик ўқишини Қозон шахрида битириб келганида Учбурчак шахридаги шу кутубхонага мудир қилиб тайинланган эди.
Ўзи билан Қозондан Болқиз деган хотинга уйланиб олиб келган эди. Болқиз мактабда француз тилидан дарс берарди. Боллари бўлмади. Болқиз уч йил олдин ўлди. Совуқ душга кирганида юраги тўхтаб қолибди.
Библиотекачи Учбурчак шахар марказидаги беш қаватли бетон уйнинг иккинчи қаватидаги тор кулбада якка ўзи қолиб кетди.
Яхшиям иш бор. Эрта кетиб кеч келиб юрди. Энди шу иш ҳам йўқ. Библиотекачи кутубхонадаги проза асарларини ажратиб олиб ўнта ўнта қилиб тахлаб ип билан бойлабам чиқди. Биттта муравейчи болани уч сўмга тутиб келиб китобларни уйга ташибам қўйди.
Маркс¸ Ленин асарлари¸ Брежнев ва Рашидов томликларини собиқ “билимлар уйида” колбаса цех очган қозоқ бола олиб кетди.
Бу китоб қоғозини эритиб колбасага қўшса¸ колбаса титилмай кесиладиган бўларкан. Қозоз устига суртилган бўр қатлами шарофати.
Библиотекачи умрида илк бора ишсиз қолди.
Нима ейди? Нима ичади?
Облкултурани каттаси қурилиш фирмаси очган экан. Бир телефон билан сувоқчига ëрдамчи қилиб ишга олишди. Библиотекачи бир кун ишлади. Лой қорди. Икки челак қоришмани кўтариб учинчи қаватга чиқди. Сувоқчи деворга шалоплатиб урган лойни андава билан текислаб чиқди.
Кечқурун уйга етиб борганида библиотекачининг бутун бадани қақшаб оғрир¸ қўллари эса шилиниб кетганди.
Эртасига ишга бормади. Тўғрироғи боришга мажоли етмади.
Библиотекачи Габриел Маркес романидан фабрика ичида китоб ўқийдиган касб борлигини билган эди.
Совет Иттифоқинда бундай тажриба бор йўқлигини ҳам билмасди.
Библиотекачи шахардаги тикув фабрикасига борди.
-Йўқ бўлмаайди. Тикув машиналарини шовқини бизга етиб ортади деди унга мудир ëрдамчиси
Библиотеакчи энди Фотон деган заводга борди
-Мумкин эмас. Биз СССР миноборонга қараймиз. Улар айтмаса бундай авантюра қила олмаймиз.
Шахарда кўрлар жамиятини корхонаси бор эди.
Катта хонада столда ўтирган кўрлар трансформатор ғалтагига сим ўгириш¸ светни ëқиб ўчирадиган ускуна ичига пружина илиш¸ шолча тўқиш каби ишларни қилиб ўтиришарди.
-Республика марказига ëзиб кўрай хўп дейишса ишга оламан деди идора каттаси.
Кўрлар учун махсус нашр қилинадиган ва пайпаслаб ўқиладиган китоблар оз ва мундарижаси ғариб эди.
Кўрлар жамияти мудири кўзи ожиз Тузалбой аканинг ўзи ҳам кимдир китоб ўқиб берса жон деб эшитгиси келгани учун бу ғояни маъқул деб топди.
Библиотекачи учун кўрлар ишлаëтган хонага бир стол стул қўйиб беришди.
Фаррош Турдихон опа бир чойнакда чой дамлаб ëнида пиëла ҳам қўйди.
Библиотекачи бир Муравей юкхонасини тўлдириб уйига обкелиб қўйган китобларини танлаб ўтирмай бир четдан олиб келиб ўқий бошлади.
Театр институтларида ифодали ўқиш деган нарса ўргатишади.
Библиотекачи эса том бунга тескари тарзда ифодасиз монотон ўқирди.
Секин¸ равон¸ барча харфларни талаффуз қилиб¸ жумлалар орасида пауза қилиб ўқир.
Ора сира тўхтаб чой ичар¸ кўзойнагини артиб яна давом этарди.
Кўрлар олдида илк ўқиган китоби Жек Лондоннинг “Уч қалб” китоби эди.
1916 йили ëзилган бу китоб қадим қароқчилар авлоди бўлган Нью Йорклик Генри Морган Фрэнсиснинг ҳазиналар ороли ҳаритасини қўлга киритгани ортидан сирли юртларга қилган саргузашт тўла саëхатини Учбурчак шахридаги кўрлар алоҳида иштиëқ билан тинглашар эди.
Ташқарида ҳаво совуқ¸ магазин пештахталари бўм бўш¸ Руминия диктатори ва унинг тантиқ хотинини халқ исëн қилиб отиб ўлдиргани ҳабарларда такрорланади.
Кўчаларда Перестройка¸ Ошкоралик¸ жадаллаштириш деган рангли шиорлар осилган эди.
Аммо кўрларни 1916 йилда ëзилган китобдаги одамларни ютувчи қум¸ кўзи бойланган икки одамнинг дуэли ва сир сотувчи амакининг виски хўплагани кўпроқ қизиқтирар эди.
Кўрлар ишлайдиган залда одамлар кўпайиб қолган эди.
Буғалтериядаги хотинлар ҳам курсисини кўтариб келиб китоб эшитиб ўтиришарди.
Ҳеч ким ишга кеч қолмас. Иш унуми анча ошган эди.
Библиотеакчи монотон сасда навбатдаги китобни ўқий бошлади:
“Шамол шарқдан эсди дегунча, ўзи билан акула корхонасининг қўланса ҳидини олиб
келарди; аммо бугун ҳид деярли сезилмас, чунки шамол шимолдан эса бошлаб, кўп ўтмай бутунлай тинган эди. Шунинг учун ҳам Террас серқуёш ва сўлим эди.
— Сантьяго,— деди бола.
— Хўш?— жавоб берди чол. У стаканидаги пивога тикилиб ўтираркан, узоқ ўтган кунларни
эсларди.
— Эртага сенга сардин тутиб келтирсам, майлими?”
Эрнст Хемингуэйнинг Нобель қозонган “Чол ва денгиз” романи Учбурчак шахаридаги кўрлар шуурини банд қилган эди.
Кўрлар жамияти раиси Тузалбой ака ҳам орқа қаторда ўтирганича олис денгизда табиат стихияси билан курашаëтган чол мужодаласи ҳақидаги ҳикояни ички ҳавотир аралаш мароқ билан тингларди.
Ташқарида эса дунëнинг олтидан бирини эгаллаган Совет Иттифоқи онтарила бошлаган. Телевизор чеченистондаги уруш репортажларини берарди.
Учбурчак шахридаги кўрлар идораси эса махсус қарор билан барча ишчиларни катта актовий залга кўчирган ва улар қаршисида библиотекачи китоб ўқирди.
Залнинг фақат тўртдан бир қисмида кўрлар бор эди. Қолгани эса қўшни корхонанинг ишсиз қолган ишчилари¸ бензин йўқлиги учун бекор ўтирган шўпрлар ва кўрлар жамияти жойлашган махалладаги қизиқувчан одамлар эди.
Эски унуққан икки бортли пиджак кийган библиотекачи кўзойнагини артиб китоб ўкишда давом этарди:
“— Кимсан?—деб бақирди.
— Тинч чеченлар,— паканаси жавоб берди. Бу Бота эди.
— Милтиқ йўқ, қилич йўқ,—- дсди у ўзини кўрсатиб.— Кинезь керак.
Новчаси миқ этмай ҳамроҳининг ёнида турарди. У ҳам қуролсиз эди.
— Демак, жосус, полк командирининг олдига олиб бориш керак,— деди Панов ўз
ўртоқларига тушунтириб.
— Кинезь Воронцов керак, жуда зарур иш бор,— деди Бота.”
Залдаги кўрлар Лев Толстойнинг “Хожимурод” асарини тинглашар эди.
Учбирчак шахрида театр тугатилиб биноси селектор мажлис ўтказилиб деҳқонларни онаси сўкиладиган жойга айлантирилганди.
Кинотеатр эса кикбоксчилар бир бирини оғзи бурнини уриб синдирсин дея бокс клубига берилганди.
Музейни эса ваҳобий мулалар самозахват қилиб мачитга ва фохишаларни жазолайдиган самосуд қозихонага айлантиришган эди.
Учбурчак шахар одамлари уйидаги бор йўқ нарсани сотиш учун обчиқиб тик оëқда кўчада туришибди.
Умидсизлик¸ очлик ва депрессия шахарни рак ўсимтаси каби қоплаган эди.
Роддомда оналар туғган боласидан воз кечишар¸ бир дона товусли жемпер учун ўсмир қизлар бакоратини камаз шўпрларига сотишарди.
Кўрлар жамиятининг катта залига тўпланганлар эса библотекачи ўқиëтган Антон Чехов ҳикоялар дунëсида эди:
“Сўлим оқшомларнинг бирида худди шундай сўлим экзекутор Иван Дмитрич Червяков креслолаларнинг иккинчи қаторида ўтириб, дурбин орқали «Корневильские колокола» деган спектаклни тамоша қиларди. У саҳнага қараб, ўзини энг роҳатда ўтирган ҳис қиларди. Лекин бирданига…”
Шу пайт кўрлар жамияти залига дўппи чопон кийган одамлар кириб келишди. Уларнинг норасмий етакчиси бетакаллуф бир тарзда библиотекачи олдига бориб у ўқиëтган китобни олиб беписанд муқовасига назар ташади. “Ўрисларни китобини нега биз ўзбеклар ўқишимиз керак. Ким у Чехов. Нега Учбурчак шахридаги мактабга Чехов номи қўйилган. Нега ўзбек автори китобини ўқиб бермайсан бу кўрларга.”
Библиотекачи олдида турган китоблардан бирини чопон кийган миллатчилар етакчисига узатди.
Бу Одил Ëқубовнинг “Кўҳна дунë” романи эди. Чопон кийган одам бу китобга афишани чайнамаоқчи бўлган эчкидай қараб “Одил Ëқубов ўзбек эмас. Қозоқ у.” деди.
Шу пайт кўрлар орасида трасформаторга сим ўраб ўтирган Бердибой ўрнидан туриб секин юриб ўртага чиқиб қўллари билан пайпаслаб миллатчилар етакчисини топиб унинг билагини омбирдай қўллари билан сиқиб “Чиқиб кет бу ердан” деди.
Шу пайт ўнлаб кўрлар худди рақс тушган каби қўллари билан ҳавони пайпаслаб миллатчилар гурухи тарафга қараб кела бошлади.
Бу худди қабрлардан чиққан арвохлар каби қўрқинчли манзара эди.
Вазият қалтислигини билган миллатчилар етакчиси “Майли биз кетдик¸ лекин яна қайтамиз” дея зални тарк этди.
Библиотекачи китобни келиб қолган жойидан давом эттирди:
«Агар биз калака қиладиган бўлсак у вақтда, демак, улуғларда ҳурмат қоладими.
— Йўқол! — деб бақирди бирданига генерал кўкариб, титраб-қақшаб.
— А? — деди анграйиб қолган Червяков секин.
— Йўқол!! — деб қичқирди генерал яна, ер тепиниб. Червяковнинг қорнида нимадир узилиб кетди. У ҳеч нимага қарамай, ҳеч нимани эшитмай, эшиккача тисарилиб борди, кўчага чиқиб, жўнаб қолди…»
Кўрлар жамияти раиси Тузалбой ака библиотакачининг саси залнинг бурчагига етиб бориши учун микрофон усилитель ўрнатиб берди.
Чунки залда танга ташлашга жой йўқ эди. Кўпчилик тик оëқда туриб китоб эшитарди.
“— Мамлакатда иқтисодий аҳвол чатоқ, бюджет нуқул зарар кўряпти, деб эшитдик. Бунга нима дейсиз?Худоё мушкулимни ўзинг осон қил, бунисига нима деб жавоб бераман? Қора терга ботиб кетдим-ку!— Нима, бутун умрим уйқуда ўтадими? Етар менга шунинг ўзи! — дея қичқириб юбордим.— Агар тўғрисини айтмасанг, ҳеч қачон уйғонмайсан.Ростини айтадиган бўлсам, мамлакатимизга қарши пропаганда юритган бўламан… ё парвардигор, шўрлик бошимни қандоқ кулфатларга солдинг!— Экономикамиз сиз ўйлагандек ёмон аҳволда эмас.
Аксинча, жуда порлоқ. Шундай порлоқки, кўрсангиз кўзингиз қамашади… Бюджетга келсак, зарар билан фойда тенглашиб қолган.— Шу ерга келганда гапнинг белига тепиб, шартта тўхтатишди.”
Кўрлар ва кўзи очиқлар учун Азиз Несин сатираси Туркия ҳақида эмас балки Учбурчак шахар ҳақида каби туюлди.
Ташқарида август ойи мамлакат янгиланган СССР шартномасинини улуғловчи тарғибот плакатлари билан тўла.
Ўзбекистон рахбари умрида илк бор остона хатлаб Хиндистонга учиб кетган.
Шу пайт бирдан СССР рахбари Горбачевни қамаб мамлакатда харбий холат ўрнатилди.
Ўзбекистон рахбари Хиндистондан учаëтган учоқ бортидан туриб харбий холат ўрнатган СССРчиларни улуғлаб телеграмма юборди.
Худди шу куни кўрлар жамиятига йиғилганлар ëзувчи Альбер Камюнинг “Вабо” асарини эшитиб ўтиришганди.
“Чиндан ҳам шу 18 числодан бошлаб завод омборлари ва ертўлаларидан минглаб каламушларнинг ўликлари чиқа бошлади. Каламушлар сон саноқсиз эди”
Шу пайт залга прокуратура ва милиция ходимлари куршовида Учбурчак шахар парткоми кириб келди. Ўратепалик эмчи духтрнинг бу семизликка мойил қулоғи катта боласи ота йўлидан кетиб духтр бўлиш ўрнига партияга кириб партком бўлган эди.
“Нима бу каламушлар ҳақида. Бер менга китобни Албер Камю экан автори. Вабо ҳақидаги китоб экан. Медидцинский тема бўла зарарсиз. Лекин СССРга қарши агитация қилсангиз апкириб қўяман. Бизга мустақиллик керак эмас. Товуқ боқсак масалан СССР бўлса тухум қилмайдими. Мени уйимда товуғим бор ўзим тагини тозалайман.”
Учбурчак парткоми чиқиб кетди. Библиотекачи ўқишда давом этди.
.Бир кун ўтиб Горбачев қамоқдан чиқди. Учбурчак парткоми эса дарров пластинкани тескари қўйиб мустақилликнинг яхши экани ва СССР даврида қисир бўлган моллар мустақил бўлгач эмчагидан шовуллаб сут келаëтгани ҳақида гапирди.
Кўрлар жамиятида китоб ўқиëттган библиотекачига қизиқиш чандон ортган.
Махаллий радио бу мутоалани ретрансляция қила бошлади.
Учбурчак шахрининг юз минг аҳолиси уйларидаги беш сўмлик радиокарнай орқали китоб эшитишарди.
Навбатдаги ўқилаëтган ҳикоя “Сайлов” деб аталганди.
“ Файвл-Щелканинг уйига одамлар йиғилди. Мақсад янги раввин сайлаш. Шахардаги ғийбатлардан хабари бўлган Фридл-Вихрнинг айтишича бойлар ëзғувчи Ицикни қашшоқлар эса давлат тайинлаган олдинги раввинни сайлашмоқчи экан. Мана энди Думада раввин сайлаш бошланди. Бой оталардан бири реб Цодек эскидан ишлаб келган ва давлат тайинлаган раввин боши билан гунох ва коррупцияга кириб кетган деб айтди. Қашшоқлар эса унинг жуда кўп яхши томонлари борлигини айтишди. Реб Цодек эътироз билдириб агар ëзучини сайласак у янги ҳаммом қуриб беради¸ қарздорлар қарзини кечади дейди. Лекин сайловда эскидан ишлаб келган раввин ғалаба қозонади. Халқ хурсанд. Қашшоқлар севинган. Эртасига эса гўшт нархи оширилгани¸ қарздорлар мол мулки мусодара қилиниши ва ҳаммом ëпилгани маълум бўлади”
Шу пайт ҳикоя ўқилаëтган кўрлар жамияти биносига узун соқол қўйиб яктак иштон кийган муллалар гурухи кириб келди.
Муллаларни соқоли узунроғи библиотекачини олдига бориб “майлими тақсир. Қани бисмиллах” дея китобни қўлига олади.
-Бу китобни Шолом Алаейхим деган яхудий лаин ëзган. Бу китобни ўқишлик ва эшитишлик Учбурчак ахлига жоиз эмас.”
Шу пайт яна трансформатор симини ўраëтган кўр Бердибой қўллари билан пайпаслаб мулла бовони ëнига етиб келиб иккала ëқасидан олди. Аннақса кўрларни қўли жуда кучли бўлади.
-Сен мачит мутавваллиси билан карта ўйнаб хотингинги ютқазиб қўйганинг эсингдан чиқдими. Кўрларга келган эхсонга иккинчи хотин олганинчи.”
Шу пайт барча кўрлар ишини қўйиб худди рақс тушгандай қўли билан ҳавони пайпаслаб муллалар устига секин секин юриб кела бошлади.
Қўрқиб кеттган муллалар “Астофурулло” дея ортга тисарилиб чиқиб кетаркан “Биз яна қайтамиз” деб бақиришди.
Библиотекачи китоб ўқишда давом этди
“Кимсасиз оролга тушиб қолган Робинзон кема ясаб бу тутқунликдан қутулиш учун эртаю кеч ишларди”
Кўрлар ва кўзи ожизлар Даниел Дефо китобининг кино қилинмаган тафсилотларини ҳам мароқ билан эшитишарди.
“Сассиқҳовуз қишлоғилик деҳқон Егор Иванович, фамлияси Глотов от олиш учун икки йил пул жамгардн. Яхши емади, ичмади, тамаки чекишни ташлади, самагон ичиш у ёқда турсин, ҳатто унинг таъмини ҳам эсдан чиқариб юборди. Ўлдиринг, пичоқ билан қийма-қийма қплинг, унинг таъмини эслай олмайди.”
Украин сатирик ëзувчиси Зошенка аскияси худди Учбурчак ҳаëтидан бахс қилгандай эди.
Душанба куни кўрлар жамияти зали лиқ тўла. Микрофон махаллий радиога уланган.
Аммо негадир библиотекачидан дарак йўқ эди.
Балким касал бўлгандир. Иссиқ жон.
Одамлар шахар марказидаги бетон уйнинг иккинчи қавати звоногини босишди.
Ҳеч ким очмади. Чилангар чақириб эшикни очтиришди.
Бир хонали квартирадаги юзлаб китоблар варағи очиқ эшикдан кирган шамолдан пирпиради.
Хонадаги ягона ëтоқда библиотекачи ўлиб ëтганди.
Унинг ëнидаги тумбочкада эса бугун ўқишни режалаган китоб турарди.
Чингиз Айтматовнинг “Ок кема” қиссаси эди.
“Биласанми, сен ҳеч қачон балиққа айланиб қололмайсан ва Иссиқкўлгача сузиб боролмайсан, оқ кемани ҳам кўролмайсан ва унга: «Салом, оқ кема, бу мен!» – деб айтолмайсан.
Сен ўлдинг. Сен бир чақнаб сўнган яшин каби ҳаёт кечирдинг. Чақмоқларни само чақади. Само эса абадийдир.”
Аммо бу сатрларни библиотекачи ўқиб бера олмади. Чунки у ўлган эди.
Шахарда китоб ўқий оладиган одам қолмаган эди.
Библиотекaчининг жанозасига бутун шахар йиғилди.
“Исми ким эди уни” дейишди.
Бу саволга Тузалбой ака жавоб берди “Кўрга китоб ўқиган одам”
Библиотекачнинг ўлимидан кейин шахар хувиллаб етим каби қолди.
Шахарни олдин қора қум¸ кейин қизил қум кейин эса туз аралаш оқ қум босди.
Одамлар иш қидириб бошқа шахарларга кўчиб кетди.
Шахарни фақат кўрлар жамияти ишчилари тарк этмади. Улар хануз трансформаторга сим ўрар ва рўпарасидаги стулнинг бўшлигини қалб кўзи билан кўриб балки кимдир бу стулга ўтириб бизга китоб ўқиб берар деган илинж ичида эдилар.
@ Rassom TUZ
19.10 2025
