«Гулнор» 13 қисм (Ўғиз айта олмаган сўзлар…)
Ўғиз Гулнорнинг гапларига кулок солди:
– Сен кетганингдан сўнг кўп нарса ўзгарди. Мен хом мева эдим, пишдим. Полопон қушча эдим, етилдим. Юрагимни азоб-изтиробда қовурдим. Кўп ташвиш, машаққат чекдим. Юртда бўлаётган воқеаларни мен ҳам яшашим керак. Замон юкини мен ҳам тортмоғим керак. Буларни фақат Муҳаммад Солиҳга айтганман, энди сенга айтаяпман, Ўғуз, — деди қиз.
Бечора Ўғуз эса ичидагини Гулнорга айта олмасди. Мени сирдош танлаганинг учун накадар севиндим. Мен ҳам сенга сирларимни сўйласайдим, дейишни истарди у, аммо айта олмасди. Гулнорнинг бошига денгиздан бир оппоқ кўпик пуфак келиб қўнди. «Нега бу қадар эҳтиёткорсан, Ўғуз? Кел, сени ҳазор тўлқинларида ювайин, қалбингни топ-тоза айлайин. Не бўлса юракда, не бўлса зеҳнда, барини кўлингга олиб, қаршингда турган кизга узат!” дерди Оқ кўпик.
Оқ кўпик Ўғузнинг сўзларини тингларди:
– Ҳар бир киши хато қилади, Гулнор. Муҳими, хатолардан сабоқ олиш, — дерди Ўғуз.
“Оx, сохтакор инсон зоти! Икки йил аввал Муҳаммад Солиҳ xам Гулнорга айни шу сўзларни айтганди. Лекин у ҳам ўзи айтаётган сўзларига ишонмасди. Балки, ичида Гулнорга лаънат ўқиган эди ўша пайт. Тўғри, сен лаънатламаяпсан, аммо сен ҳам юрагингдагини яшираяпсан. Гулнорнинг яшил кўзлари жодуси ҳақда ўйлаганингни айтмайсанми, эй кичик сохтакор!”, дерди шивирлаб Оқ кўпик.
Ўғуз ва Гулнор узоқ суxбатлашдилар. Бечора Ўғуз эса ҳеч очилиб гаплаша олмади. Оқ кўпик учиб кетди, коронғуликка кўмилди.
***
Эртаси куни меҳмонлар филармония биносининг кенг залида тўпланишди. Танишув коктейли берилди. Эшикнинг ёнида кичик бир тортишув бўлди. Профессор Маликов билан Ойдин Мамедов ғижиллашарди.
– Менга айтмасдан, нега чақирдинг уни? — дерди Mаликов, — коллокиюмга мен маъсулман!
– Меҳмонимиз Бахтиёр Ваҳобзодани кўришни истади, истагини рад эта олмадим, — деди Мамедов.
– Бахтиёрбейнинг хастахонада эканлигини эшитиб, мен илтимос қилдим уни кўришни, — деб орага кирди Ахмад бей домла.
Маликов:
– Сизни тушунаман Аҳмад хўжам, фақат программамиз ташкарисига чиқмаслигимиз керак. Майли, Бахтиёр бейга айтилган бўлса, меҳмонларимизни олиб бориш керак. Қанча киши келади, дединг, — дея Mамедовга юзланди Маликов.
– Факат Аҳмад бей ва Ўғуз бейни айтдим, — деди у.
– Тамом, уларни сен ўзинг олиб бор, тушликка қайтиб келинглар аммо, — деб тайинлади Маликов.
“Хастахона” аслида санаторий экан. Бахтиёр бейнинг жиддий хасталиги йўк эди. Ўлканинг таниқли ёзувчи-шоирлари дам оладиган жой экан бу ер.
Суҳбат бош ҳаким кабинетида бошланди, бир ярим соат давом этди. Ўғуз Ваҳобзода ва бош ҳакимни жон қулоғи билан тингларди. Бу одамлар қандай қилиб шундай маданиятли бўлишган? Дунё адабиётидан баxс этаркан 16 аср Озарбойжон адабиётидан бирдан 19 аср рус романчилигига ўтишарди. Аҳмад домла гапга аралашмади. Ўғуз “майли, Ваҳобзода шоир, адабиётчи. Лекин бош бош врачга нима зарил. У шунча шеърни қандай ёдлаб олган!”, дея ҳайратланарди ёш Ўғуз.
Ва доктор Ваxобзоданинг Озорбойжон учун нимани англатишини шундай тушунтирди:
– Бахтиёрбей бу ўлканинг кўчаларида у бемалол сайр қилолмайди. Ҳар ким тўхтатиб, унга ҳурмат изxор этгиси келади.
– Бизда санъат ва адабиёт ҳаёти бу қадар жонли эмас. Аср бошида, Давра деб аталган адабий муҳитимиз бор эди. Истанбул, Измир, Салоник каби катта шаxарларда. Машҳур романчимиз Ёқуб Қадрий хотираларида ўша давр ёшлари орасида таниқли шоир ва ёзувчиларнинг расмларини ўзи билан олиб юриш удуми пайдо бўлганини эслайди, деди Аҳмад бей.
– Бизда бугун ҳам шундай, — деди Ваҳобзода, — мен уйимнинг балконига чиқсам, жамоат балконга гуллар ёғдиради!
– Сиз бу ҳурматга сазоворсиз устоз. Халқимиз сизни севади, чунки шеърларингиз халқнинг инъикоси… деди Ойдин Маммедов:
– Биласанми, Ойдин, мен Бахтиёр муаллимни янглишмасам 1970 йиллар бошидан биламан, — дея гапга кўшилди Аҳмад бей, — Бизнинг обрўли журналларимиздан “Борлик”да учратдим унинг исмини. Журнал соҳиби Яшар Ноибга ёзган бир мактуби босилганди муаллимнинг, сарлавҳаси “Эл қоядан нени олиши керак?” эди. Мактуб журналда чиққан Исмат Заки Аюбўғлининг бир мақоласига жавоб эди. Аюбўғли ўз мақоласида Фузулий ва Боқий каби шоирларнинг лицейда ўқитилиши янглиш, деган фикрни олға сурганди. Ваҳобзода бунга қарши чиқиб “Фузулий асрлардан бери яшаб келаётган қоя каби шоирдир, эл қоядан бирор парча қўпора олмагани каби Аюбўғли кабилар Фузулийни ўз тахтидан тушура олмайди”, дея газабнок жавоб ёзган эди. Кейин мен 1976 йилда Вашингтон Университети кутубхонасида Ваҳобзоданинг шеър китоблари билан танишдим. Сўнгра у билан хат ёзиша бошладик. Мана, энди юзма-юз кўришаяпмиз…
Коллокиюм бошланди.
Исмоил Элмонлининг қирмизи – оқ юзи ва бошини елкалари ичига тортиб хурпайиши, уни патологик тортинчоқ киши қилиб кўрсатарди. Унинг ўнг тарафида ўтирган Саидзода, аксинча, совуққон кўринарди.
Элмонлининг нутқи Ўғузнинг диққатини тортди. Айниқса, унинг Нуҳ пайгамбаридан сўз очиши, “Таврот”дан неча минг йил аввал қадим шумер достонларидаги Тўфон эътирофи унга қизиқ туюлди. Элмонлига кўра “Таврот” xам достонлар каби тарихдан аввалги воқеаларни тасвирлаган. Крамерга кўра, Хинд достони “Махобхорат”да акс этган Даро шаҳрини йўқ қилган офат 20 асрда археологик қазишмаларда исботини топган. Бу намуналар “Дада Қўрқут китоби”да ҳам туркларнинг тарихдан авалги ҳаётини ойдинлатувчи излар эканини англатарди. Ўғуз Совет Иттифоқида ҳам Крамерни билувчилар борлигидан ҳайрон колди ва “темир парда”ни йирта оладиган ягона куч билим, деган хулосага келди.
Элмонлининг нутқи тамом бўлиб, тортишма бошланди. Ўғуз Аҳмад бей домлани сира бундай ҳаяжонли кўрмаганди. Ўнг қўлини олдингга узатиб у Элмонлини “ҳали ҳам марксистик тарих шаблонини қўллаётганликда” айблай бошлади. У бутун дунёни ўз ичига олган “ҳарбий демократия даври” бўлиши мумкин эмас, деди. Қозон хони тахтини тўнтариш билан Француз қиролининг урушда олинган ўлжасини қиёслаш нотўғри, деди у…
Профессор Аҳмадбек очиқча “марксист” сўзини ишлатмаса-да, шу мазмунда гапиргани аниқ эди. Ўғуз Ахмад домланинг муросасиз нутқидан безовта бўлди. Озарбойжонга биринчи марта келишлари эди, муносабатларни илиқ тутиш керак. Яхшиямки, Элмонли баxсга киришмади. У пайтда йиллар ўтиб Элмонли ва Аҳмад домла яқин дўстларга айланишини ҳеч ким тасаввур қилмасди.
Икки кун давом этган машварат Ўғуз учун икки кунлик зиёфат бўлди. Қозоқ, қирғиз, туркман илм одамлари ҳам ўз лаҳжаларида нутқлар қилишди. 1988 йилда бу воқеаларнинг бўлишига ишониш қийин эди.
Ўғуз учун Исмоилли сафари унутилмас бўлди. Эрталаб меҳмонхонадан чиқиб, автобуслар ёнига келишди.
Ўғуз Дўгон Гўкман хўжа билан бирга юрарди. У латифа айтарди.
– Хўжам, бунча латифани ёдингизда қандай сақлайсиз?, — деди Ўғуз.
Дўгон Гўкман бунга “гапни айлантириб” жавоб берди, бу менинг сирим, демоқчи бўлди у. Кейин:
– Қара, Аxмадга латифа айтсам, дарров кулади, xолбуки, бу латифаларни унга аввал ҳам айтган бўламан, — деди Гўкман хўжа.
– Демак, Аxмат домла латифани англаш учун миясини чарчатиб овора бўлмайди, — деди Ўғуз.
– Йўқ, Аxмаднинг айтишича, шундай бўлгани яхши. Ҳар сафар кулиш мумкин бўларкан…
Тўрт соат давом этган йўл Ўрхон Шоик Гўкёй хўжанинг шеърлари, Ўрхон Нодийнинг қўшиқлари, Дўгон Гўкманнинг латифалари билан қисқарди. Ҳатто йўлда Аҳмад хўжа ҳам очилиб кетди, Туркистон халқ термаларини айтиб, ҳаммани xайратга солди.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласун қаламига мансуб Гулнор романи аудиокитобининг 13 қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон саслантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.
