close
close
Кундалик
19 сентябр 2025

«Гулнор» 5-қисм, (Минг йил сўнгра топишган турклар…)

close

Аxмад Бейжон Эржиласун

Семинарлар бошланишига яна ўн дақиқа бор эди. Аҳмад домла можор профессори билан ниманидир гаплашаётганди. Ўғуз ҳам уларнинг ёнида эди.

Гулнор уларга яқинлашди:

– Ўғуз бей, сиздан бир нарсани сўрамоқчи эдим, — деди Гулнор ва Ўғузни Аҳмад домла билан можор профессоридан узоқлаштирди.

Гулнор Ўғузни узоқлаштирган бўлса-да, қулоғи иккита профессорнинг суҳбатида эди.

– Сизнинг суҳбатингиздан кейин мен ҳам Ўғуз достони ҳақида бир нарсаларни қораладим, — деди Гулнор ва Ўғузга қўлидаги бир парча қоғозни узатди. Гулнор кеча Шчербакнинг китобини варақлаб, достон ҳақидаги баъзи фикрларини қоғозга туширганди. Гулнор бу билан Ўғузда ўзига ишонч уйғотишни истарди ва уни очиқроқ суҳбатлашишга даъват этарди. Айни пайтда, Ўғуз бу қоғозларга боқар экан, Гулнор сал нарироқда турган иккита олимнинг суҳбатини бемалолроқ тинглаши мумкин эди.

– Азизим, Ахмад Бейжон, — деди можор профессори, — бу одамлардан эҳтиёт бўлишингизнинг керак йўқ. Улар Ўзбекистоннинг энг миллатчи шоир ва ёзувчилари. Сизни уйларига таклиф қилишгани яхши бўлибди. Aслида менинг ўзим сизларни таништирмоқчи эдим. Агар вақт топсам бу оқшом мен ҳам Муҳаммад Солиҳнинг уйига бораман.

Семинарлар бошланишига оз қолганди.

Гулнор ҳозиргина эшитган гапларининг муҳим эканини ўйлади. Демак, меҳмонлар бугун Муҳаммад Солиҳнинг уйига боришмоқчи.

Ўғуз:

– Жуда яхши ёзибсиз, Гулнорхоним. Тушлик емакда бу мавзуни сиз билан тортишамиз деб умид қиламан. Мен ҳозир А-салондаги маърузаларни тинглайман, сиз-чи?

– Мен Б-салонга бораман, Ўғузбей! — деди Гулнор.

Гулнор доим Ўғузнинг “изида юриш”дан ўзини эҳтиёт қилгани кўриниб турарди. Aслида, Б-салонига кетмоқчи эмас эди. Ҳозиргина эшитган янгиликларини Қорлиғашовга билдирса, фойдали иш қилган бўлар ва Ўғузнинг ҳам шубҳасини камроқ уйғотган бўларди.

Гулнор Академиядан чиқиб, метрога тушди. “Ўзбекистон” меҳмонхонасига келди. Рашид Қорлиғашов ўз одамлари билан меҳмонхонанинг иккинчи қаватига жойлашганди. Унинг кенг хонаси меҳмонхонанинг ўртасида, майдонга қараган эди. Бу ердан меҳмонхона олдида юрган ҳар бир киши нима қилаётгани кафтдагидай кўриниб турарди.

Гулнор эшикни чертиб, ичкарига кирди.

– Ўртоқ Қорлиғашов, сизга гапим бор эди, — деди Гулнор.

– Келинг, ўртоқ Кунбоева.

– Бугун эрталаб нонуштада турк делагациясидан профессор Сомий Ошқин Ўғуз Думанга “кечқурун бир жойга борасизларми?”, деб сўради. Ўғуз бунга жавоб бермади, афтидан билмайди. А-салоннинг олдида профессор Аҳмад Бейжон билан можор олимининг суxбатига қулоқ солдим…

– Профессор Иштван Вандоки, — деди Қорлиғашов.

– Xа, ўша. У Эрйигит хўжага Aнвар Mуроднинг уйига боришнинг бир ёмон жойи йўқлигини айтди. Aнвар Mурод ва унинг дўстлари турк делегациясини бугун оқшом уйига таклиф этишибди. Рухсат берсангиз, бир йўлини топиб, мен ҳам улар билан у ерга бораман.

– Tабриклайман ўртоқ Кунбоева, яхши иш қилибсиз. Лекин Солиҳнинг уйига боришга ҳожат йўқ. Биз меҳмонларнинг Муҳаммад Солиҳникига боришига тўсиқ бўламиз. Борди-ю, бир-иккитаси борса ҳам, уларнинг ичида бизнинг одамимиз бўлади, — деди Қорлиғашов ва сўзини давом эттирди, — Бу профессор Мондоки жаноблари ҳаддидан оша бошлади. Туркиядан олган китобларини биздаги хоинларга бергани етмагандай, энди улар билан турклар ўртасида алоқа ҳам ўрнатмоқчи. Уни юртдан қувиб чиқаришга тўғри келади, шекилли.

Гулнор метрога тушди.

Қаршисида китоб ўқиб ўтирган бир йигит Муҳаммад Солиҳга жуда ўхшарди. Мамлакатнинг кўркам шоири, демак, бир хоин эди. Гулнор адабиёт кунларида унинг нутқларини эшитиб, таъсирланганини хотирлади. Шеърлари маънодор, аммо мавҳумроқ эди. Лекин нутқи ниҳоятда очиқ ва таъсирчан. Гарчанд унда Москвадаги раҳбарларга қарши танқид руҳини сезган бўлса-да, унинг хоин бўлиши мумкинлигини ўйламаганди. Ҳатто бу келишган одамга қандайдир аёлчин мухлислик ҳиссини ҳам туйган этганди. Кейинроқ дугоналари билан гаплашганида мухлислик туйғусида ўзининг ёлғиз эмаслигини ҳам билди. Муҳаммад Солиҳ шеърларининг қоронғу ва тушунилмаслиги сабабларини энди Гулнор англагандай эди. Мисралар орқасида нималардир яширинган бўлиши керак эди. “Узоқ-узоқлар” сўзи шоир сатрларида кўп учрашининг ҳам мутлақо сабаби бор. Балки, бу билан у Туркияни назарда тутгандир…

Рўпарасида ўтирган киши ҳақиқатан ҳам Муҳаммад Солиҳ бўлиб, фикрларимни ўқиса-я, деган хаёл келди Гулнорга. Лекин нотаниш одам ўрнидан турди ва унинг мутлақо Муҳаммад Солиҳ эмаслиги аён бўлди.

Гулнор метродан чиқиб, Академияга йўналди. Б-салонга кирди.

***

Тушликдан кейин турк делегацияси академия салонларида бир бурчакка чиқиб, Муҳаммад Солиҳникига бориш ёки бормасликни маслаҳатлашишди. Уларнинг орасида Тариқ Тўра йўқ эди. Ваҳоланки, Tошкентга келган кундан бери профессор Тариқ Тўра турк делегацияси билан алоқани тамоман узганди. У кўпроқ Москвадан келган делегация одамлари билан бўларди.

Ўрхон Нодийнинг таклифи маъқулланди: Муҳаммад Солиҳнинг уйига бориш учун мезбонлардан рухсат сўрашга қарор қилишди.

Турк делегациясини уйига таклиф қилганлар Ўзбекистонда танилган шоир-ёзувчилар эди. Улардан изн сўралса, ҳар ҳолда, ўзбек масъуллари бунга қарши чиқмайдилар, деган фикрга келишди.

Аммо бундай бўлмади. Ўзбекистон номидан конференцияни бошқарган киши Адабиёт Институти директори, профессор Отаниёз Каримов бу зиёфатга изн бермади. Гарчи, очиқчасига тақиқламаган бўлса-да, “коктейл программасини бузмасликни” тавсия этди. Бунга “меҳмонларнинг бошига бир бало келмаслиги учун шахсан маъсул” эканлигини ҳам писанда қилди.

Конференция раҳбарининг бу сўзларини Ўрхон Нодий турк делегациясига меҳмонхонада айтди. Меҳмонлар коктейлга бориб, ярим соатдан сўнг у ердан “қочиш” режасини туздилар: коктейлдан битта-битта чиқадилар, кейин такси ушлаб, Солиҳникига кетишади, маълум жойда уларни Муҳаммад Солиҳнинг дўстларидан бири қаршилайди. Қолаверса, Сўнар Ойдамирда Муҳаммад Солиҳнинг телефони ва адреси бор эди.

1986 йилда бундай ҳаракат таҳликали ҳисобланарди. Профессор Ошқин бу саргузаштга кириш тўғри бўлмаслигини айтиб, узр сўради ва Солиҳникига бормайдиган бўлди. У профессор Аҳмад Бейжон, Ойша Қилич хонимдан ҳам бормасликни илтимос қилди. Ойдамир турк ҳайъатининг бошлиғи сифатида коктейлда қолиши керак эди. Ойша хоним бу маслаҳатни қабул қилди. Профессор Тўра бу ишлардан умуман хабарсиз эди. Демак, коктейлда турк xайъатидан 3 та киши қолади ва қолганларнинг йўқлиги сезилмайди. Лекин норвегиялик олим профессор Брендемоен “таклиф”ни эшитиб, у ҳам турклар билан меҳмонга боришни хоҳлаб қолди. У профессор Аҳмад Бейжонга “сизлар бу ерда жуда эътиборлисизлар, мен ҳам турк ҳайъати билан бирга бўламан”, деди. Аслида, ораларида бир европаликнинг бўлиши турклар учун ҳам яхши эди.

Автобусда улар ҳашаматли либосларда ўтиришарди.

Ўғуз коктейлда мутлақо Гулнорнинг ёнига келиши ва қандай қилиб унинг кўзини шамғалат қилиб, қочиш режаси ҳақида ўйларди.

Коктейл залига киришганида 100-150 кишилик бир оломонни кўриб, турклар севинишди. Бу вазиятда диққатни жалб килмай бу ерни тарк этиш осон эди.

Гулнор Ўғузни дарров топди. Туркларга Муҳаммад Солиҳни зиёрат қилишга рухсат берилмаганини Гулнор биларди. Коктейлда Ўғуз билан узун-узун суҳбат қураман деб ўйларди. Лекин 5 дақиқа ўтар-ўтмас Ўғузни кўздан қочирди. Тезгина бутун зални айланиб чиқди. Ўғуз йўқ эди. Ундан ташқари Ойдамир, Аҳмад Бейжон, Ўрхон Нодий, Комил Арслонлар ҳам оломон ичида кўринмасди.

Гулнор залда юрган Қорлиғашевни топди, унга вазиятни тушунтирди.

– Мен буни биламан, — деди Қорлиғашов, Уларни ҳозир меҳмонхонада ахтаришаяпти. Лекин меҳмонга кетишгани аниқ. Ташвишга ҳожат йўқ. Улар орасида бизнинг одамимиз бор.

Турк меҳмонларини келишилган ерда бир-нечта одам кутиб турарди. Бирга бино қурилишлари оралаб, қоронғу ва лой йўлдан бир оз юришди. Ўзбеклардан бирининг профессор Сўнар Oйдамирга берган саволи ҳаммани чўчитди:

– Бизнинг академик Муҳаммад Қораевни нега ўлдирдингизлар? — деди ўзбек.

Бундай савол айбловчи оҳангда берилгани ҳаммани гангитиб қўйди.

Икки йил аввал Измирнинг Чиғли ҳаво майдонида кутиб олиниб, расмий машинада йўлга чиққан бошқирд ва қорақалпоқ олими автомобил қазосида фожеали ҳалок бўлган эди. Муҳаммад Қораев, қорақалпоқ академиги улардан бири бўлиб, Измирдаги фолклор конференциясига келганди. Қазода туркиялик шофёр ҳам ўлган эди.

Демак, бунинг автомобил ҳалокати эканига бу ердагилар ишонмасди.

Сўнар Ойдамир ўзининг доимий юмшоқ услуби билан бунинг бир бахтсиз ҳодиса бўлганлигини тушунтиришга ҳаракат қилди.

Турклар “ўлган академикнинг қасдини биздан олмоқчи эканлар-да”, деган гумонга ҳам боришди.

Бу орада ғишт деворлар билан ўралган бир боғчали уйнинг эшигига келиб, ичкари кирдилар.

Боғчада дарахтлар остига қўйилган столда дастурхон ёзиғлик эди. Дарахтларга осиғлиқ лампочкалар атрофни ойдинлатиб турарди.

Муҳаммад Солиҳ, Рауф Парфи ва Шариф Жамол билан Аҳмад Бейжон конференцияда танишганди. Дастурхон атрофида яна икки киши бор эди: қисиқ кўзли сариқ одамни Айдар Усмон деб таништирдилар. Қрим-татар ёзувчиси экан. Яна биттаси соқолли эди. Америкалик экан. Олти ойдан бери Tошкентда ўзбек адабиёти бўйича илмий иш ёзаётган экан.

Турк олимлари ва норвегиялик олим Брендемоен битта-битта мезбонларга таништирилди. Ва қуюқ суҳбат бошланди.

Ўғуз Туркистон оқшомларининг бу қадар илиқ, суҳбатларнинг бу қадар самимий бўлишини кутмаганди. Дақиқалар ўтган сайин суҳбат қуюқлашарди, гуё минг йилнинг ҳасратини бир соат ичида кетказишга ҳаракат қилишарди.

– Минг йилни сўзда айтиш осон, — деди Шариф Жамол, — биз бу минг йилнинг энг омадли туркларимиз. Минг йил сўнгра бир-бири билан топишган турклар…

Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитоби бешинчи қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон ўқиди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.  

Тағин ўқинг
6 июл 2025
Ургутлик 29 яшар фуқаро Икрамов Зафар Ҳаким ўғли радикал мазмундаги диний материалларни тарқатгани учун иккинчи бор жавобгарликка тортилди. Икрамов ...
10 феврал 2017
Депутатлар ҳам кутиб турган экан шекилли, президентнинг фаол бўлинг, деган топшириғидан кейин бел боғлаб халқ билан ҳам тиллашишга тушиб ...
11 декабр 2018
Ўзбекистонда дори-дармон савдоси энг даромадли соҳалар қаторида қолаётган бир пайтда давлатга қарашли “Дори-дармон” акциядорлик компанияси қарз ботқоғига ботиб бормоқда. ...
21 октябр 2022
Азиз оға ини, опа сингил қадрдонларим. Мана хафта айланиб, сиз билан биргаман. Куз келиб, тўй-тўйчиқ кўпайган пайт… МС: Туз ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...