close
close
Асосий мавзулар
20 сентябр 2025

Риштонда фермерларга босим: ИИБ ходимлари зўравонлиги ва жавобсизлик занжири

close

Риштонлик фермерлар Азизжон Тожибоев ва Ғайратжон Хайруллаев пахта ва ғалла етиштиради, солиқ тўлайди ва ҳеч қандай жиноий ўтмишга эга эмас. Бу фермерларни бирлаштирадиган жиҳат шуки, ҳар иккиси Риштон тумани Ички ишлар ходимлари томонидан асоссиз, ноқонуний ва шафқатсиз равишда зўравонлик қурбонига айланганидир. Худди ўша ички ишлар ходимларини ҳам кун-у тун далада ишлаб, давлат бюджетига солиқ тўлайдиган меҳнаткаш фермерлар боқади.

Жорий йилнинг 7 июль куни Риштон туманининг Булоқбоши маҳалласида яшовчи фермер Ғайратжон Хайруллаев хонадонига уч нафар формали ва бир нафар формасиз кишилар бостириб кириб, фермерни ИИБ бошлиғи чақираётганлиги, унинг олдига дарҳол бориши кераклигини айтади. 

Риштон тумани ИИБ ходимлари ўша куни фермерга на чақирув қоғози берган, на нега фермер ИИБ бошлиғи ҳузурига бориши кераклигини тушунтирган. Даладан чарчаб қайтган фермер ИИБ ходимларидан кутиб туришларини сўраганига қарамасдан улар фермерни уйига бостириб киради. Ходимлардан бири, хизмат тўппончасини чиқариб “ўлдираман!” деб бақиради.

Ўша куни оила аъзоларим билан пахтага дори солиб, кечки соат 8 ларда эндигина даладан келиб тургандим, тўрт киши уйимизга бостириб кирди. Улардан бирининг қўлида тўппонча ҳам бор эди. “Ҳа нима гап” дейишимни биламан, ҳеч қандай изоҳсиз, ҳовлининг ўртасигача келиб, менга тўппонча тиради. Буни онам кўриб турган экан, дод-вой қилиб юборди. Қўрққанидан ҳушидан кетди. Шунда ҳам мелисалар мени бўлимга олиб кетмоқчи бўлиб, қўлимдан судради. Мен онамнинг ҳушсиз ётганини кўриб, дарров “тез ёрдам” чақирдим. Ўша куни уч марта чақирилган “тез ёрдам” ҳам “беморнинг қон босими ошган, укол қилдик яхши бўлиб қолади” деб онамни касалхонага олиб кетмади. Уч-тўрт соат ўтса ҳам онам ўзига келмади ва мен ярим кечаси онамни касалхонага олиб бордим, онам касалхонада ўзига келди,  – дейди фермер суҳбатда.

Фермернинг 70 ёшдан ошган онаси Умринса Хайруллаева ўша пайтда уйда бўлган. У ўғли томонга  формали кишилар тўппонча кўтариб келаётганини кўриб, қўрққанидан қон босими кўтарилиб, ҳушидан кетади.

10 кун касалхонада даволаниб чиқдим. Лекин мени шу кўйга солган мелисалар бир марта бориб, ҳолимдан хабар олмади. Ҳозир ҳам уйимизга кимдир кириб келса қўрқувдан қўл-оёғим қалтираб кетяпти, – деди Умринса хола.

Ғайратжон Хайруллаев бу воқеа ҳақида 8 июль тонгида 1102 рақами орқали Ички ишлар вазирлигига, 1107 рақамини териб Прокуратура органларига шикоят йўллаган. Аммо унинг шикоятлари етарлича ўрганилмасдан ва ундан ҳеч қандай тушунтириш олинмасдан, туман прокуратураси ва Ички ишлар бўлими томонидан “ИИБ ходимлари хатти-ҳаракатларида жиноят аломатлари бўлмаганлиги сабабли жиноят иши қўзғатишни рад қилиш тўғрисида қарор қабул қилинганлиги” ҳақида жавоб хати берилган.

Фермер нима сабабдан уйига ИИБ ходимлари бостириб кирганлигини ҳалигача тушунмаётганини айтади: – Уларга Риштон туман мелисаларининг бошлиғи Шавкат Мавлонов топшириқ берган экан, – дейди у.

Яна бир риштонлик фермер Азиз Тожибоев август ойида яна ўша Риштон тумани ИИБ бошлиғи Шавкат Мавлонов  “шарофати” билан 4 сутка қамоқда ўтириб чиқди.

Воқеа қандай содир бўлган эди?

Шу йилнинг 15 август куни фермер Азиз Тожибоев  даласидаги пахталарни кўздан кечириб, агротехник тадбирлар ўтказиш учун бораётган пайтда темирйўл кесишмасидан ўтаётган машинасини уч нафар ИИБ ходимлари тўхтатган. 

Улар фермерга тегишли пахтани дефолиация қилиш учун ишлатиладиган “ОВХ аппаратини таъмирлатишга олиб бормаётгани” учун Шавкат Мавлонов олдига чақираётганлигини айтишади.

Мен бир неча кун аввал начальник мелисага ишим кўплигини, у аппарат таъмирталаб эмаслигини, агар ремонт қилиш керак бўлса ўзим ҳам тузатиб қўйишим мумкинлигини айтганман. Туман ҳокимини ҳам бу ҳақда хабардор қилганман. Ҳоким  “сенинг пахтанг кўп, ишингни қилавер, пахтага қарайвер, начальник мелиса билан ўзим гаплашаман” дегани учун мен у аппаратни таъмирлатишга олиб бормаётганлигимни мелисаларга ҳам тушунтирдим. Шунда мелисалардан бири бошлиғи (Шавкат Мавлонов)га телефон қилиб, айни менинг гапларимни такрорлади. Гўшакдан “қўлига кишан солиб тезда олиб кел” деган буйруқ келди. Қўлимга наручник тақиб, учта мелиса ўзларининг оқ ласетти машиналарига солиб олиб кетишди. У ерда менга турли қоғозларга қўл қўйдирмоқчи бўлишган эди, мен имзо чекмайман деб туриб олдим. Шунда мени олиб борган мелисалардан бири “ака, сиз қўл қўяверинг, нари борса 400 минг сўм жарима қўллашади, уни ўзим ҳам тўлаб қўявераман, бизни ҳам тўғри тушунинг, бошлиғимиз тезда 15 сутка қилинглар деяпти”, деб мени қўл қўйишга кўндирди. 

Шу куниёқ Риштон тумани маъмурий судига олиб боришди. Судда мен “адвокат оламан, бўлмаса ҳеч нарсани гапирмайман” десам, судья ҳам “адвокат дейдиган бўлсанг, жазони оғирлаштираман” деб адвокат олишимга қаршилик қилди, – дейди фермер.

Шу тариқа Риштон туман жиноят ишлари бўйича суди 20 август куни фермерга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси ва 2 000 060 минг сўм жарима тайинлаш ҳақида қарор чиқарди. Фермер Маъмурий кодекснинг учта моддасини бузганликда, яъни ички ишлар ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, майда безорилик ва “шаҳвоний шилқимлик қилиш” билан айбланди.

Ажабланарлиси, “ шилқимлик қилиш” моддаси гўёки осмондан пайдо бўлди. Воқеа жойида мутлақо бўлмаган, аммо судда кўрсатма берган “жабрланувчи” фермер унга қачондир “бир-икки марта шилқимликка оид СМС хабар” жўнатгани, лекин уларни ўчириб юборганини айтди. Шунингдек, “жабрланувчи” ўзи ариза ёзмагани, балки ИИБ ходими ёзиб берган қоғозга имзо қўйганини билдирди. У шунингдек, фермерга берилган жазони енгиллаштиришни сўраб, “иш шунчалик жиддийлашиб кетишини ўйламаганини” айтди. 

Азиз Тожибоев суд ҳукмидан норози бўлиб, аппелация шикояти ёзади ва 4 суткадан сўнг, шикоят қисман қаноатлантирилади ва у 4 суткадан кейин қамоқдан озод қилинади. 

Кейинроқ, Фарғона вилояти жиноят ишлари бўйича апелляция суди қарори билан етарлича далиллар йўқлиги сабабли фермердан майда безорилик ва ИИБ ходимининг қонуний талабларига бўйсунмаслик айбловлари олиб ташланди. Суд агротехника фермернинг шахсий мулки эканлиги боис ИИБ ходимларининг дефолиация ўтказиш учун техника олиб келиш талабини қонуний эмаслигини таъкидлади.

Азизжон Тожибоев ҳам ўзига нисбатан ИИБ бошлиғи томонидан қилинган босимлар ҳақида 1102 рақами орқали Ички ишлар вазирлигига шикоят қилганлигини айтади. Аммо шу кунгача унинг мурожаатлари тегишли тартибда ўрганилмасдан қолмоқда. 

Бу икки ҳолат Риштон тумани ИИБ ходимлари томонидан ваколат суистеъмол қилингани ва бир қатор қонун нормалари бузилганини кўрсатади. Қонун устуворлигини таъминлаши лозим бўлган прокуратура органларининг бефарқлиги эса қонунийликка путур етказмоқда.

Икки фермерга нисбатан қўлланган зўравонлик жуда кўп саволларни туғдиради: Риштон тумани ИИБ бошлиғи Шавкат Мавлонов каби раҳбарлар лавозимда қолаётган бир пайтда қонун устуворлигини ҳақиқатан таъминлаш мумкинми? Жабрланувчи фермерлар ИИБ ходимлари зўравонлиги натижасида етказилган зарар учун ҳақиқатда товон олиш имкониятига эгамикан?

Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда.

Обуна бўлинг: https://t.me/UzFoHR

Тағин ўқинг
21 июл 2024
Американинг Нью-Йорк штати, Бруклин шахри, Бенсонхёрст (Bensonhurst) худудида 24 ёшли ўзбек эркак ўзининг онаси, акасининг турмуш ўртоғи ва 5 ...
29 апрел 2022
Азизлар яна сизлар билан ҳамсуҳбатман. Попук қизлар яшайдиган Попдан тортиб, бой бизнесменлар пулини трактор прицепида ташийдиган Мухомонгача, Энамяхши қишлоғидан ...
14 сентябр 2020
Ўзбекистонда 14 сентябрдан бошлаб айрим мактаблар анъанавий тарзда навбатдаги ўқув йилини бошлади. Тошкент шаҳри халқ таълими бошқармасининг хабар беришича, ...
20 декабр 2016
Маҳрум президент Ислом Каримовнинг ҳар бир чиқиши, ваъдалари ортидан халқнинг турли қатлами вакилларининг бу чиқишларга муносабат билдириши совет давридан ...
Блоглар
14 сентябр 2025
1990 йилнинг 20 июн кунини яхши эслайман. Ўша куни Ўзбекистон мустақиллиги ҳақида баëнот қабул қилинган ...
10 сентябр 2025
Сўнгги вақтларда деярли ҳар куни ҳоким ёки ҳоким ўринбосарлари пора олгани сабаб қўлга олингани ҳақида ...
3 сентябр 2025
Рахматлик  отамдан  «неча ëшдасиз» деб сўрасам » ҳаққийсизми ëки документда ëзилганими» деб жавоб берарди. Отам ...