Учкўприк ҳокими мактаб биносини ўзлаштирди – Прокурор сукут сақламоқда
Учкўприк Йилғинзор қишлоқ аҳли туман ҳокими Қодиржон Эркабоев ва прокурор Ўктамали Йўлчиев фаолиятидан норози. Ҳоким қишлоқдаги мактаб биносини бўш турган бино дея қарор чиқарган бўлса, прокурор бу қарордан шикоятчи аҳолининг мурожаатларини мутлақо эътиборга олмаяпти.
Йилғинзор қишлоғидаги 39-мактаб иккита бинода жойлашган. Мактабнинг янги биноси қурилганидан кейин бир муддат мактабнинг эски биноси бўш турди. Ўқувчилар сони ортгач эски бинога яна бошланғич синфлар кўчирилди. Бу жараён аввалги ҳоким назоратида қонуний амалга оширилди. Аммо янги ҳоким Қодиржон Эркабоев ўқитувчилар пулига таъмирланган бу ўқув биносини бўш турган бино мақомига ўтказиб, таълим олаётган ўқувчиларни синфхоналарсиз қолдиргани иддао қилинмоқда.
Қишлоқ аҳли аслида бу бўш бино бўлмаганлиги, бу ерда бошланғич синфлар ўқиётгани, таъмир қониқарли эканини таъкидлаб судга даъво аризаси киритди.
25 сентябрь куни суд бўлиб ўтади.