«Гулнор» 7 қисм (Сариқ мўйловли турк профессори)
Аxмад Бейжон Эржиласун
Турк ҳайъати Муҳаммад Солиҳ ва унинг дўстларини бошқа кўрмади. Иштван Мандоки қўнғирни ҳам кўришмади.
Сўнгги муҳим воқеа туркларга озарийларнинг меҳмондорчилик таклди. Ўрхон Нодийнинг ўзбек маъмурларидан олган хабарига кўра, озарий олимлари КГБ агентлари бўлиши мумкинлиги ҳақида бўлди. Шунга қарамай, уларнинг таклифини рад қилишмади. Аммо эҳтиёткор ҳаракат қилиб, озарийлар билан муҳим нарсаларни гаплашмасликка аҳд қилишди.
Озарийларнинг таклиф қилган ери бар-ресторан эди, суҳбатлашишга мос жой эмасди.
Ингичка мўйловли, узун бўйли Ойдин Мамедовнинг кўзлари чақнарди. У суҳбатни фалсафий йўналишга солмоқчи бўлиб кўрди, аммо бунинг уддасидан чиқа олмади. Турклар шовқиндан қулоқлари битганини бахона қилишди, бироқ сир бой беришмади.
Гулнор бу ерга келмаганди, лекин бу учрашув ҳақида рапорт ёзди.
Иккинчи муҳим воқеа, Гулнорнинг профессор Ойша Қилич билан Ўғузни Tошкент бозорига олиб боргани бўлди. Ўғуз бунга икки сабабдан севинди: ҳам Ойша хоним билан суҳбатлашиш имкони туғилган, ҳам унга ўзбек халқи билан бевосита кўришиш имкони пайдо бўлган эди.
Бозор ранг-баранг эди. Сабзавот ва меванинг кўплиги Ўғузни севинтирди. Москва кўчаларида чириган узум учун навбатда турган одамларни эслаб, ўзбекларнинг омадли эканидан ғурурланди. Буни Гулнорга сўйлади. Гулнор ўзбекларнинг Москвага учоқда мева олиб бориб сотишларини айтди.
Ойша Қилич бир неча метр атлас сотиб олди. Порлаган ранглар юқоридан пастга чизги-чизги бўлиб тўкиларди. Ўзбек аёлларининг бош оёқ кийган атлас кўйлаклари уларга алоҳида ўзлик бағишларди.
Меҳмонлар кассета сотаётган сайёр сотувчи олдида тўхташганда уларни одамлар ўраб олишди. Гулнор бундан безовталанди. Ўғуз эса севинди. Ўғуз саволларга бир ҳасрат билан жавоб берарди.
Ойша хоним ва Ўғуз бир неча кассета сотиб олишди. Гулнор “бу ерда узоқ турмасак яхши бўларди”, деганидан сўнг, меҳмонлар йўлида давом этишди. Катта кўча канорларида кабоб ва палов сотаётган кўчма дўконлар бор эди. У ердан олган шашлик Ўғузга тадбир зиёфатида ейилганидан лаззатлироқ туюлди.
Гулнорнинг рапорти эса ҳар кунгидан анча батафсил бўлди.
Самарқанд саёҳати бир ярим кун давом этди. Ўғуз ўзини тарихнинг ичида яшаётгандек ҳис қилди. Бибихоним мадрасаси ҳовлисидаги чинни парчаларидан бирини Гулнорнинг рухсати билан ўзига олди.
Ўғузнинг фируза ва яшил рангларга бурканган регистон ўртасида юриб боқишлари Гулнорнинг диққатини тортмаганди. Бироқ Амир Темурнинг қабри устида туркларнинг қўл кўтариб фотиҳа ўқиши ўзбекларни ҳам, xорижий сайёҳларни ҳам ҳайрон қолдирди.
Гулнор Ўғузга қўшилиб, қўлини фотиҳага кўтармоқчи бўлди, аммо кўтармади. Бундай ҳаракатни бошлиқларига изоҳлашда қийналиши ҳақида ўйлади. Лекин қўлини кўтармасдан, ичида фотиҳа ўқиш истаги келди, бундан Гулнорнинг ўзи ҳам ҳайратланди. Илк даъфа Ўғузнинг жозибасига асир бўлдиммикин, деган фикр ҳам келди кўнглига. Буни кечириш мумкин эмасди. У ўз мамлакати ва давлатини севади. Бундай фитна хаёллардан узоқ бўлиши керак. У ўз рапортида турк ҳайъатининг фотиҳа ўқигани ва Ўғузнинг олган чинни парчасини ҳам ипидан-игнасигача тасвирлади. Лекин хаёлига келган хиёнатчи фикрлар ҳақида ёзмади.
***
Конференция тугади. Меҳмонлар уй-уйларига жўнаб кетишди. Ўзбеклар Москва, Олма ота ва Бокудан келган меҳмонлар билан ҳам аҳил бўлиб қолишганди. Оврўподан келган меҳмонлар ҳам уларга энди у қадар бегона эмас эди. Бироқ Tуркиядан келган олимлар ҳайъати Ўзбекистон учун бир воқеалик эди.
Ўзбек зиёлилари бу ҳақда кейин ҳам кўп гапиришди. Гулнорнинг ҳолати эса бошқачароқ эди. Москвадан ва Бокудан келганларнинг фикрлари, юриш туришлари унинг учун янгилик эди. Tуркиядан келганлар эса ўзларини тутишлари, кийинишлари билан эксплуататор капиталистик тузум мансублари эканликларини дарров намойиш қилишганди.
Лекин Гулнор яна шуни ҳам сезганди-ки, уларда ташвиқотчилик руҳи йўқ эди. Уларнинг фикрлари ҳар хил ва буни эркин ифода эта олишарди. “Ўзбек турки” ёки “озарий турки” каби иборалар пантуркистик терминологияга оид булишига қарамай, турклар уларни кундалик сўзлари каби ишлатишаверарди. Гоҳ-гоҳ “ўзбек турки” демасдан, “ўзбек” ёки “ўзбек туркчаси” демасдан, “ўзбекча” деб ҳам бемалол айтаверишарди. Шундай экан, наҳотки, турк ҳайъати аъзоларининг ҳаммаси жосус бўлса?
Гулнор лоақал бир нечтасининг мутлақо жосус эмаслигини англаганди. Лекин Ўғузни у “агент эмас” дея олмасди. Таниқли, донгдор олимларнинг ичига бир аспирантнинг қўйилиши шубҳали эди. Ўғузнинг кам гапириб, атрофдагиларга қулоқ солиши бу шубҳани янада кучайтирарди. Фақат мавзу достонларга келганида ёки Гулнор билан ёлғиз қолганидагина Ўғуз тилга кирарди.
Гулнорни энг кўп безовта қилган нуқталардан бири “турк” сўзи эди. “Ўзбек” ва ”турк” сўзларини ёнма-ён қўйиш мумкинми? Гулнорнинг билгани шу месxети турклари эди. 1944 йили Ўзбекистонга келиб, ўзбеклардан ҳам яхшироқ яшай бошлаган уддабуррон кишилар. Улар илмий социализмга мутлақо тўғри келмайдиган бир капиталист учарлар эди. Шулар билан ўзбекларни қиёслаш Гулнорнинг ғашини келтирарди.
Қорлиғашов Гулнорга янги вазифа берди. Гулнор Муҳаммад Солиҳ ва унинг дўстлари билан яқин бўлиб, улар ҳақида маълумот бериб турадиган бўлди. Уларга яқинлашиш учун заминни Қорлиғашов тайёрлади. Ёзувчилар Уюшмасидаги одамлари орқали Муҳаммад Солиҳнинг шеърият кечасини уюштирди. Гулнор учрашувда тингловчи сифатида қатнашди.
Гулнор суҳбатдан кейин сирли саволлари билан Муҳаммад Солиҳнинг диққатини тортди. Шеърда метафоранинг роли ҳақида айёрларча саволлар берган Гулнор Муҳаммад Солиҳда сатр остидан маъно излайдиган одам таассуротини қолдирди. Учрашув сўнгида Муҳаммад Солиҳ “сиз билан учрашиб турайлик”, деди. Ўша кундан бери Гулнор Муҳаммад Солиҳнинг уйида бўладиган суҳбатларнинг доимий муштарийси бўлди.
Гулнор Муҳаммад Солиҳнинг уйида бўлган суҳбатлардан турклар билан бўлган алоқанинг бутун тафсилотларини ўрганиб, Қорлиғашевга рапорт ёзди. Контора энди Муҳаммад Солиҳнинг турклардан “Туркчилик асослари” китобини сўраганини ҳам билар эди.
***
Сариқ, муйловли одам асли қипчоқ эди. У халқаро маданий алоқалар шартномаси доирасидаги дастур бўйича Совет Иттифоқига келганди. Tошкентда ҳам икки кун бўлиши керак эди.
Қорлиғашов Гулнорга янги вазифа сифатида бу сариқ одам, профессор Дурсин Йилдиримга “йўл кўрсатувчи” бўлишни топширди. Сариқ мўйловли бу одам ўша Можор профессорига жуда ўхшарди. Гулнор Иштван Мандокининг сўзларини тинглаган кунини эслади.
Профессор Йилдиримни ҳаво майдонида кутиб олишди. Унинг йўғон овози Гулнорнинг диққатини тортди.
Меҳмонхонада номерига кириб чамадонини қўяркан, профессор Йилдиримнинг мўйлови Иштван Мандокини эслатишини ўйлади Гулнор.
Гулнор икки кунлик программани профессорга икки дақиқада тушунтирди.
– Сизнинг программа доирасидан ташқарида бирор истагингиз борми? — деди Гулнор.
– Ташаккур, — деди профессор, — яхши программа тайёрлабсиз, зотан мен ҳам фолклор олимлари билан кўришишни орзу қилгандим. Академияда кўришарканмиз…
– Албатта, эртанги зиёратингизда улар билан сизни кўриштирамиз, — деди Гулнор.
– Алпомиш достонининг пластинкаларини ҳам топсак яхши бўлар эди, — деди профессор Йилдирим.
– Уни ҳам топамиз. Мен истагингизни керакли одамларга айтиб қўяман, вақтимиз оз, пластинкаларни топишда қийналиб қолмайлик…
Профессор Йилдирим бу қизнинг дуркун қомати ва шахдам қадамларига назар ташлади. Қизнинг яшил кўзлари эса унинг янада кўпроқ эътиборини тортди.
Профессор Йилдиримнинг Совет Иттифоқига биринчи келиши эмас эди. Ва бу “йўл кўрсатувчи”ларнинг аксарияти айғоқчи бўлишини яхши биларди. Шунинг учун ҳам Муҳаммад Солиҳни кўрмоқчи эканини Гулнорга айтмади.
Сиз турк ёзувчиси Аxмад Бейжон Эржиласуннинг Гулнор романи аудиокитоби еттинчи қисмини тингладингиз. Уни Қудрат Бобожон овозлантирди. Давомини Ютубдаги Элтуз каналининг келгуси ёйинларида кузатинг.