Туркияда Муҳаммад Солиҳнинг янги китоби чоп этилди
Туркияда таниқли ўзбек шоири ва мухолифат лидери Муҳаммад Солиҳнинг «Водийда ўлим тақиқланган» (Vadide Ölmek Yasak) номи остида янги китоби турк тилида чоп этилди. Бу китобни муаллифнинг ўзи ўзбек тилида «Тираниш» номи остида чиқарган ва 2023 йили адибнинг танланган асарлари «Куллиёт»га еттинчи китоб ўлароқ киритилган эди.
«Сизга тақдим этилаётган бу матн яшаганим сўнгги 35 йиллик сиёсий ва ижтимоий ҳаётимнинг мухтасар ҳисобидир.
Aслида адабиётчиман, тарихий шароитлар мени сиёсатга олиб кирди. Шу боис, сунгги 30 йилнинг бу мухтасар таҳлилида сиёсий воқеаларга кўпроқ жой ажратилди.
Бу ерда уйдирма, бадиий безак йўқ. Бу ерда тарихий ҳақиқатлар яширилмаяжaк. Бу матн – умримнинг ярмини қамраган бир даврнинг эҳтироссиз хроникасидир.
Уни иймоним ва виждоним тарозисига қўйиб, ҳужжатлар асосида тақдим этаяпман.
Зеро, бу ҳисобот бир сиёсатчининг ўз сиёсий ғояси олдидагина эмас, бир ўзбек ойдинининг ўз виждони олдидаги ҳисоботигина эмас, бу – бизни яратган Зот ҳузурида ҳам бир ҳисоботдир…» дея ёзади муаллиф ўзининг навбатдаги асари ҳақида.
Муҳаммад Солиҳ — ўзбек адабиётида ва сиёсатида ўзига хос, чуқур из қолдирган шоир, жамоат арбоби ва мухолифат лидеридир. Унинг ижоди даврнинг мураккаб сиёсий ва ижтимоий воқеаларини ўзида акс эттирганлиги, поэтик шакл ва мазмун жиҳатидан янгича қарашларга бойлиги билан бошқалардан фарқлидир.
Шоир ижодида эркинлик, мустақиллик ғоялари марказий ўрин тутади. Унинг асарларида Миллатнинг озодликка интилиши ва келажакка бўлган умид бадиий ифодасини топган. Узоқ йиллар Ватандан йироқда яшашга мажбур бўлган шоирнинг ижодида ватан тақдири учун қайғуриш ҳисси унинг фалсафий қарашларига уйғун тарзда намоён бўлади.
Муҳаммад Солиҳ ижоди нафақат ўзбек адабиётида, балки бутун Туркий дунёси адабиётида ҳам муносиб ўринга эга. У ўз ҳаёти ва ижоди билан миллий ғурур, жасорат ва сўз эркинлигининг ёрқин намунасини кўрсата олган. Муаллифнинг навбатдаги китоби Истанбулдаги «Boğaziçi Yayınları» нашриёти томонидан турк тилида чоп этилган. Китобни ушбу илова орқали ҳарид қилишингиз мумкин.
