Божхона бошлиғи $5000 пора билан қўлга олинди
Фарғона вилоят чегара божхона пости раҳбари тадбиркордан 5000 доллар пора олаётганида қўлга олинди
Расмий хабарларда Андижон вилоятининг Балиқчи туманида туғилган, Фарғона вилоятидаги чегара божхона постларидан бирига раҳбар этиб тайинланган шахс ўз мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиб, жиноятга қўл ургани билдирилмоқда.
Муқаддам чегарани ноқонуний кесиб ўтгани учун судланган шахс собиқ пост раҳбарига Қирғизистондан уяли алоқа телефонларини олиб ўтиш ва катта фойда кўриш таклифини берган.
Мансабдор шахс 80 дона телефонни ҳеч қандай текширув ва божхона тўловларисиз ичкарига ўтказиб бериш эвазига 5000 АҚШ доллари ҳамда битта телефон аппаратини совға сифатида талаб қилган.
Давлат хавфсизлик хизмати Фарғона вилояти бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида, у Фарғона туманининг «Миндонобод» маҳалласи ҳудудида сўралган пул ва телефонни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан қўлга олинди.
Мазкур иш жиноят ишлари бўйича Қува тумани судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, айбланувчи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 210-моддаси 1-қисми (Пора олиш) билан айбдор деб топилди.
Унга 3 йил муддатга божхона тизими ва давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда, 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини манзил-колонияларда ўташ белгиланди.
Расмий манбалар томонидан ушбу ҳолат соғлом тадбиркорлик муҳитига путур етказиши ва давлат иқтисодиётига зарар келтириши таъкидланмоқда.
