«Водийда ўлиш тақиқланган» 14-қисм
Муҳаммад Солиҳ
ТАЪҚИҚ
Шундай қилиб, диктаторнинг нияти амалга ошмади.
«ЭРК» Қурултойида мағлубиятга учраган Каримов Адлия вазирига ”ЭРК «партиясининг фаолиятини дарҳол тўхтатишни буюрди. Адлия вазири «жаноб Президент, қонун бўйича сиёсий партиялар маҳкама қарорига кўра тўхтатилади, битта буйруқ билан “ЭРК” партиясининг фаолиятини тўхтата олмаймиз», демади ва битта буйруқ билан қуйидаги қоғозни ёздириб, «ЭРК» котибига юборди.

Бу ҳужжатдаги «ЭРК» партияси қайддан ўтмагани учун унинг фаолияти тўхтатилди» деган бир жумла билан юз мингдан ошиқ аъзога эга бўлган, президентлик сайловларида ғалаба қозонган бир сиёсий ташкилот фаолиятини тақиқлаб кўйди.
Бу ҳужжатдан кейин «ЭРК»ка қарши репрессиялар машруъ, қонуний тус олди. Бу Советлар қулагандан кейин Марказий Осиёда янги шакллана бошлаган тоталитар давлатнинг илк одимлари эди.
Шундан кейин Ўзбекистон матбуоти ташкилотимиз ва шахсимга қарши қораловчи мақолаларни чоп қила бошлади. Баъзи «эрк»чиларни бизга қарши гапиртиришди. Куч ишлатар тизимлар яқинларимга қаттиқроқ тазйиқ ўтказа бошлади. Менинг ва укам Муҳаммад Бегжоннинг шахсий уйлари Каримов амри билан қонунга зид равишда мусодара этилди.
Биз Истанбулда баҳоли қудрат ҳаракатимизда давом этдик.
БУЛАНД ЭЖЕВИТ
1993 йил охирида Анқарада Туркиядаги Демократик Сўл Партияси Раиси Буланд Эжевит билан танишдим.

Уйида меҳмон қилди. Бу машҳур сиёсатчи, Туркиянинг икки марта Бош Вазири бўлган киши айни пайтда шоир ҳам эди.
Унга ўз шеърларимдан ўқиб бердим. Жуда севинди, бу шеърларни мутлақо Туркияда босиш керак, бу шеърда янги бир қараш, дея ҳаяжонланди.
Кейин Ўтукан (“Ötuken”) нашриётида босилган «Оғочлар шоир бўлса» номли шеър тўпламимга шу сўзбошини ёзиб берди(қисқартириб берилаяпти):
КЎККА САКРАЙ ОЛГАН ШОИР
Муҳаммад Солиҳ шеърларининг Туркия туркчасида нашр этилишини олқишлайман.
Ғарбда сиёсатчилар ичида шоирлар унчалик кўп эмас, лекин Шарқда, айниқса Турк даватларида сиёсатчилар, давлат арбоблари ва ҳукмдорлар орасидан кўплаб буюк шоирлар етишиб чиққан. Масалан, Усмонли султонлари орасида жуда қийматли шоирлар бор. «Хатоий» тахаллуси билан ижод қилган Шоҳ Исмоил ҳукмдорлигидан ташқари буюк шоир ҳам бўлган.
Ўзбек шоири Муҳаммад Солиҳ бизнинг асримиздаги турк сиёсатчи шоирларининг устун намунасидир.
Муҳаммад Солиҳ ҳам ўзбек туркларининг муҳим шоири, ҳам Ўзбекистоннинг мухолифат партияси бўлмиш “Эрк” партиясининг етакчиси.
Муҳаммад Солиҳ шеърларини босим, тазйиқ даврларида ёзган.
Совет Иттифоқи тарқалгач, Ўзбекистонда босим ҳали ҳам маълум даражада давом этмоқда. Лекин уста шоирларнинг шеър тили энг оғир тазйиқ остида ҳам эрк машъаласини юксак кўтара олади.
Муҳаммад Солиҳ ҳам турли золим тузумларда ҳуррият машъаласини ёндира олган шоирдир.
Сиёсатчи сифатида Муҳаммад Солиҳ ва унинг дўстлари бугун ҳам қайсидир маънода ердан ерга урилаяпти.
Аммо Муҳаммад Солиҳ бу босимларга қарши ўзининг шеърий тилида:

«Агар ҳеч ким мени ерга урмаса,
Кўкка қандай сакрай олардим?», дея майдон ўқий олган сиёсатчи шоирдир.
Шоир сифатида у аллақачон кўкка сакради. У раҳбарлик қилаётган озодлик ҳаракатининг ҳам кўкка сапчийдиган кунлар яқиндир.
Буланд Эжевит 1994 йил, октябрь.
Булaнд Эжевит сўл қарашли социал демократ бўлса ҳам миллий масалаларда менинг каби муҳофазакор биттаси билан ҳам бемалол тил топишарди. Ташкилий ишларда у бизга қўлидан келганча ёрдам берди. Аллоҳ руҳига раҳмат айласин.
Алпарслон Туркаш ва Буланд Эжевит каби Турк сиёсатининг олдинги сафдаги лидерлари ички сиёсатда фарқли қарашларга эга бўлсалар ҳам, Турк Дунёси сиёсатида доим бирлашардилар. Уларнинг ёрдами билан 1994 йил бошида “ЭРК” газетасининг хориждаги илк нашрини босмадан чиқардик.

Газетанинг редакторлигини Жаҳонгир Маматовга топширдик. Бу одам нақадар бизнинг зеҳниятимиздаги одам бўлмаса ҳам уни газетага редактор қилиб қўйишга мажбур бўлдик. Чунки тез хабар қилишни биларди, совет газеталарида ишлаб тажриба орттирганди. Бошқа алтернативимиз йўқ эди, зотан.
Ҳафтада бир марта чиқадиган бу газетанинг мингларча нусхаси хар ойда Ўзбекистонга Чеченистон-Астрахан хатти орқали Қозоғистонга, у ердан Тошкентга етказилиб турди. Ва 1994 йил Ўзбек жамоатчилиги «ўзбек мухолифатининг тирилгани» ҳақида гапира бошлади. Бу – диктатор Каримовни жиддий қўрқитди.
Режим газета олиб борган бир гуруҳ ёшларни ҳибсга олиб, уларни “ЭРК” партияси ва камина шахсига қарши уйдирма кўрсатмалар беришга мажбурлади ва уларнинг чиқишларини Ўзбек ТВ каналларида ёйинлай бошлади.
Натижада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Туркияга мухолифатнинг Истанбулдаги фаолиятидан шикоят қилиб нота йўллади.
Туркия президенти ўзининг маслаҳатчиси орқали мени бу ҳақда огоҳлантирди. Мен Ўзбекистон-Туркия муносабатларига путур етказмасликка ваъда бердим.

“Эрк” газетининг чет элда чоп этилган биринчи сони. (1994 йил Январ. Истанбул).
Ўзбекистонда эса 1994 йил март ойида Тошкент Давлат Университетининг журналистика факултетининг бир нечта талабаси ҳукуматнинг “ЭРК” партияси ва унинг лидери Муҳаммад Солиҳга ўтказилаётган террор сабабини сўрагани учун университетдан ҳайдалади. Ҳатто журналистика факултети тугатилиб, филология факултетига қўшиб юборилади. Аммо жамоатчиликнинг катта норозилигига дуч келган ҳукумат бир неча ойдан кейин факултетни қайта тиклашга ва ўқишдан ҳайдалган талабаларни ўқишга қайтаришга мажбур бўлади.
СУРГУННИНГ ИЛК ЙИЛИ
Сургуннинг бу илк ярим йилида биз учун минбар «Озодлик» радиоси бўлди. Ташкилотимизнинг қарашларини, баёнотларини шу радио воситасида халққа етказиб турдик.
“Озодлик”да берилган бир хабардан кейин кутилмаганда муфтий М. С. Муҳаммад Юсуф телефон қилди. Туркияда эканлигини айтди ва иложи бўлса уйимизга ташриф буюришни истаётганини билдирди.

1994 йилнинг баҳорида Муфтий бизникига келди. У Ўзбекистонни тарк этгани ва бир неча ойдир Туркияда яшаётганини айтди. «Каримов билан келиша олмадик», деди у қисқача. Тафсилотини сўрамадим.
Суҳбат давомида “ЭРК”га ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Мен буни кутмагандим. Чунки Президентлик сайловида очиқчасига Каримовни ташвиқ қилиб, унинг сайловда ютиши учун Сайлов комиссияси аъзолари ичида актив курашган киши энди келиб “ЭРК” номзодига ёрдам бераман дейиши ғалати кўринди.
Шунга қарамай, 1994 йил баҳорида Муфтий М. С. Муҳаммад Юсуф таклифи билан Маккага бирга саёҳат қилдик.
Баҳонада илк даъфа умра ибодатини қилиш насиб қилди.
Саудияда жуда кўп ўзбеклар яшаётганини билардим. Муфтий уларнинг «катта»ларини танирди. Жуда кўп ўзбек хонадонларида меҳмон бўлдик.
Муфтий яхши ният билан ўзбеклардан “ЭРК” ҳаракати учун дастак истади. Мен бунга қарши чиқдим, аммо Муфтий исрор қилди. Лекин, тахмин қилганимдек, ўзбеклар ширин сўздан нарига ўтмадилар.
Улар «Биз Аллоҳ йўлидаги ҳаракатларга ёрдам берамиз, Солиҳ бекнинг ҳаракати демократик ҳаракат экан, биз Жумабойнинг ҳаракатига ёрдам тўпладик, якинда юборамиз», дея Муфтийнинг рижосини ўзбекона назокат билан рад этдилар.
Бу мен учун янгилик бўлмади, чунки улар саудиялик ўзбеклар билан Истанбулда ҳам кўп учрашгандим. Улар ҳар учрашувда менга «ҳаракатингиз Аллоҳ йўлидами, нафс йўлидами?» деган савол беришарди. Уларга жавоб берганман. Бу хусусда ҳали батафсилроқ айтаман иншаАллоҳ.
Лекин Муфтий анча иродали чиқди: ўзбеклардан иш чиқмагандан кейин Маккадаги диний ташкилот бўлган «Робита»дан биз учун янги модел компьютер, сканер, факс машинаси каби газета нашри учун зарур ускуналар олишга муваффақ бўлди.
Муфтийнинг бу ёрдами кейинчалик Жахонгир Маматовнинг туркиялик коммунист Доғу Перинчак (Doğu Perinçek)нинг «Aydınlık” газетасига берган «М.Солиҳ радикал динчи бўлиб, “Робита”дан моддий ёрдам олди» деган интервьюсига сабаб бўлди.
Бу хусусда ҳали алоҳида изоҳ бераман. Муфтийнинг ўша пайтда берган бу ёрдами фаолиятимизга жуда қўл келганини айтишим керак. Аллоҳ ундан рози бўлсин. Истанбулга келганимиздан кейин Муфтий укаси Мадамин Муҳаммад Юсуфга офисимизда бошпана бериб туришни илтимос қилди, албатта, биз рози бўлдик.
Сўнгра Муфтий бир ора Ливиями ёки Саудиягами кетди. У ердан факс орқали менга бир хат йўллади. Мактубнинг расми пастда (факс қоғозидаги ёзувлар вакт ўтган сари ўча бошлабди):

Мактуб «тезислари» Шукрулло Мирсаидов диктовкаси остида ёзилгани кўриниб турарди. Буни исботловчи жумла «Менга айтилгани ҳам шу» жумласидир.
Мени бу таажжублантирмади. Мирсаидовнинг «Москва билан келишгани» ҳақдаги гапни нега менга очиқча айтаётгани таажжублантирди. Шахсимни яхши танийдиган Ш. Мирсаидов бу «ташаббус» орқасида Москванинг турганини айтмаслиги керак эди.
Хунта аъзоси Русиянинг собиқ Премьер Министри Валентин Павлов билан ҳар куни гаплашиб, келажак режаларини муҳокама қилиб юрганини кўриб, мен у билан алоқани узгандим. Кейин Мирсаидов алоқани тиклаш учун анча ҳаракат килди. Ниҳоят, мен Парламентдан истеъфо қилгандан кейин алоқамиз бир нави ўрнатилганди. Энди яна Москва ўйинга кираяпти. Муфтий ўз хатида шуларни ёзганди: «Адолат» партиясининг раиси Ш. Мирсаидов, (партияни) руслар қилибди, деб ёзибди. Менга хабарни Мирсаидовдан салом билан олиб келишди. Хабарчи ҳукумат одамлари Ш.М.(Шукрулло Мирсаидов)ни табриклаб келганларини кўрибди. Раисдош И. Бўриевнинг президентликка номзод тайёрлаяпмиз, деб айтганини ўзим эшитдим», дея очиқча эътироф қилаяпти. Муфтийнинг хатида яна бир «характерли» нуқта бор эди. У шундай деб давом этади: «Ҳукумат нима қилиб бўлса ҳам муҳожирларни қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Менга яна одам юборишди. Ш.Мирсаидов ҳам одам юбориб, сизни нима қилиб бўлса ҳам қайтаришмоқчи, илтимос, келмай туринг, дебди”.
Мен Муфтийнинг бу хатига жавоб бермадим. Чунки бу хатда “рус севгиси” фақат Ш. Мирсаидовдагина эмас, Муфтийда ҳам ҳамон ўлмагани кўриниб турарди… Муфтий бу хатни ёзганидан бир неча йил кейин Ўзбекистонга қайтиб, Каримовнинг навбатдаги рақибсиз президентлик «сайлови» компаниясида халқни Каримовга овоз беришга чақирди. Муфтийнинг Ўзбекистонга қайтгани ҳақда «ЭРК» газетасининг хабари:

Биз баҳолиқудрат ҳаракатимизда давом этдик…
Сиз Муҳаммад Солиҳнинг, Водийда ўлиш тақиқланган аудиокитоби 14 қисмини тингладингиз. Давомини Элтуз каналининг кейинги ёйинларидан изланг.
