Яккасаройда мактаб, Қиличмозор ва Зангиотада чиқинди муаммолари
Элтуз порталига ёғилаётган шикоятлар оқимини ёритишда давом этамиз. Навбатдаги бешта мактуб Ўзбекистоннинг Тошкент, Наманган, Жиззах ва Андижон вилоятларидан келган келган. Дастлабки шикоят пойтахтнинг Яккасарой туманидаги 144 мактабдаги аҳвол юзасидан. Ўтган йил мактабнинг янги биноси қуриб битказилганига қарамай синфлар у ерга кўчирилмаган. Ўқувчилар эски мактаб биносида икки сменада ўқишга мажбур бўлишмоқда.
«Тошкент шаҳар Яккасарой тумани 144-мактабнинг орқа томонига синфлар етишмаслиги баҳонаси билан янги, 4 қаватли, 40 та синфга мўлжалланган бино 2024 йилда қурилди. Бироқ, ҳозирги кунгача ушбу янги бинога ўқувчилар кўчирилмаган.
Янги бинодан синфлар ажратилиб, ота-оналардан пул йиғилиб синфлар жиҳозланди, стендлар ўрнатилди. Ҳозирда эса ўқувчилар эски бинода синфлар етишмовчилиги сабаб икки сменада ўқишга мажбур бўлмоқда. Янги бинога эса атиги 3 та синф кўчирилган, улар оддий синфлар эмас, балки пуллик (коммерсия) синфлар. Яъни, 40 та синфга мўлжалланган янги бинода фақат пуллик синфлар таҳсил олмоқда.
Мактаб директоридан нима учун барча ўқувчилар янги бинога кўчирилмаганлиги сўралганида, ҳокимият рухсат бермаганлиги важ қилиб кўрсатилмоқда. Оддий синфларга рухсат йўқ, пуллик синфларга рухсат бор – бу нимани англатади?
Энди ўрта мактаблар ҳам сотилиб, пуллик бўладими? Нега вазирлик буни назорат қилмайди? Ҳокимиятнинг бунга қандай алоқаси бор? Нега ёш авлод онгида «пуллик» ва «пулсиз» тушунчалари шакллантирилмоқда? Шу бизнинг таълим тизимимизми?» дея шикоят қилмоқда яккасаро йликлар.
Кейинги мактуб Наманган вилоятининг Поп туманидан. Пилол маҳалласи йўллари асфальт қилинмаган.
«Ассалому алайкум, ҳурматли админ.
Биз, Наманган вилояти, Поп тумани «Пилол» МФЙ аҳолиси номидан жуда қаттиқ илтимос билан мурожаат қилмоқдамиз. Бизнинг МФЙ ҳудудида 300 та хонадон бор. Очиқ бюджет орқали йўлни таъмирлашга ҳеч қачон ғолиб бўлолмаяпмиз, чунки маҳалла аҳолиси жуда оз.
Сиздан илтимос, ҳокимият томонидан бизнинг йўлларимизни асфалтлаб беришда ёрдам беринг. Тумандаги баъзи марказий кўчалар туман ҳокимининг ташаббуси билан бюджет ҳисобидан асфалтланмоқда. Бизнинг қишлоқ маҳалла кўчалари эса жуда ёмон аҳволда.
Қишда лой, ёзда тупроқ чанг бўлиб кетади. Кўчаларда юриш кексалар ва болалар учун жуда қийин бўлиб қолди. Шунинг учун сизларга мурожаат қилмоқдамиз – илтимос, Пилол МФЙ кўчасини асфалтлаб беришсин!»
3
Учинчи мурожаат Жиззах вилоятининг Ғаллаорол тумани мактаб педагогларидан келган. Мактаб директори ва туман Адлия бўлимининг ўқитувчиларга моддий ёрдам ажратиш ҳақидаги қарори бажарилмаяпти.
«Ассалому алайкум, ҳурматли Элтуз жамоаси.
Биз, Жиззах вилояти Ғаллаорол тумани умумий ўрта таълим мактаби педагоглари, ўзимизни қийнаётган муаммо юзасидан мурожаат қилмоқчимиз.
Бундан тўрт ой олдин бизга моддий ёрдам бериш тўғрисида мактаб директори буйруғи ва Ғаллаорол туман Адлия бўлимининг тегишли буйруғи чиқарилган эди. Бироқ, бугалтерия томонидан ҳисоб-китоб ишлари ҳали-ҳануз амалга оширилмаган. Улар турли баҳоналар билан маблағ ажратишни рад этиб келишмоқда.
Ойлик маошимиз рўзғоримиздан ортмаяпти, ўз соғлиғимизни тиклаш учун эса кўпчилигимиз қарз олиб даволанмоқдамиз.
Шу сабабли, биз ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ушбу шикоятимизни тезроқ кўриб чиқиб, амалий ёрдам кўрсатишини сўраб қоламиз.» дея шикоят йўлламоқда Ғаллаороллик мактаб ўқитувчилари.
Тўртинчи мурожаатни Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қиличмозор маҳалласи аҳолиси Элтузга йўллаган. Улар Андижон Тезкор Тозалик МЧЖ хизматининг сифатсизлигидан нолишмоқда.
«Ассалому алайкум, Элтуз портали.
Биз, Андижон вилояти Жалақудуқ тумани Қиличмозор маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси, муҳим масалада мурожаат қилмоқчимиз. Сизлар орқали тегишли ташкилотларга етиб боришига умид қиламиз.
Маҳалламиз Андижон Тезкор Тозалик МЧЖ билан қаттиқ чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш бўйича шартнома тузган экан. Бироқ ҳеч бир хонадонда ушбу шартноманинг нусхаси мавжуд эмас. Шунга қарамай, бизга қарздорлик ёзиб келинади ва уни тўлашга мажбур бўламиз.
Шунингдек, кўрсатилаётган хизмат сифати жуда ёмон. Чиқиндиларни олиб кетиш муддати ноаниқ — баъзан ойлар давомида умуман келишмайди, баъзан эса фақат бизнинг мурожаатларимиздан сўнг ҳаракат қилишади. Шунга қарамай, қарздорлик тўлиқ ой учун ҳисобланади. Масалан, март ойида айрим кўчаларга умуман чиқиндиларни олиб кетиш учун келишмади.
Янги қонунга кўра, чиқиндидан қарздорлик мавжуд бўлса, электр энергияси учун тўлов қабул қилинмайди. Бу эса аҳолининг катта қисмини электрсиз қолдириши ёки мажбуран ноҳақ қарзни тўлашга мажбур қилиши мумкин.
Шу сабабли, биз Бош прокуратурадан ва Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотидан ушбу муаммони назоратга олишларини, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилишларини сўраб қоламиз.» дея сим ёзишмоқда қиличмозорлик элтуз обуначилари.
Сўнгги мактуб ҳам чиқинди ва инфратизилма муаммолари юзасидан. Мурожаатни Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Ниҳол маҳалласи турғуни йўллаган.
«Ассалому алайкум, Элтуз!
Мен Тошкент вилояти, Зангиота тумани, Ниҳол маҳалласидан ёзмоқдаман. Бизнинг маҳалламизда чиқинди масаласи жуда оғир аҳволда, одамлар қаерга мурожаат қилишни ҳам билмайди.
Икки йил олдин чиқинди хизмати бир йил давомида кўрсатилмаган бўлса-да, ҳисоб ёпилмагани сабабли қарздорлик ёзилиб, аҳолига тўлатилган. Бу муаммо бўйича ҳаракат қилдик, лекин судга йўналтиришди ва охир-оқибат оддий халқнинг ўзига бу қарз тўлатилди.
2024-йилнинг октябр, ноябр, декабр ва январ ойларида хизмат кўрсатилмаган. Шу боис, маҳалла аҳолиси ўз ҳисобидан махсус машина чақиртириб, чиқиндини пул эвазига олиб кетишга мажбур бўлди. Феврал ойидан эса чиқинди хизмати қайта пайдо бўлди, аммо тўрт ой давомида кўрсатилмаган хизмат учун ҳам қарздорлик ҳисобга қўшилган. Бунга эътироз билдирсак, «қайтарилади» дейишди, бироқ кеча МИБ орқали мажбурий ундириш бошлангани ҳақида хабар келди.
Бу хизмат бизга керак эмас эди, агар йўлга қўйилган бўлса, унинг назорати ҳам ташкил этилиши керак эмасми? Маҳалла раисига мурожаат қилсак, бизни эшитмайди, муаммоларни ҳал қилиш ўрнига эътибор бермайди.
Ҳозирги кунда чиқинди учун Тошкент вилоятида ҳар бир кишидан 6 700 ёки 7 700 сўм олинмоқда. Лекин биз қаерга мурожаат қилишни ҳам билмаймиз. Вилоят раҳбари, бош вазир, тегишли вазирликлар қаерда? Нега халқ устидан кулиб, чиқинди масаласини ҳал қилмасдан туриб, биздан пул ундирмоқдасизлар? МИБга топширилган ушбу қарзлар қайтарилсин, хизмат кўрсатилмаган ойлар учун тўловни талаб қилиш адолатсизликдир.
Бундан ташқари, маҳалламиздаги тротуарлар икки йил олдин сув қувури ётқизиш мақсадида бузиб ташланган. Аммо на сув келди, на тротуарлар тикланди. Ҳеч кимнинг бу масала билан иши йўқ. Наҳотки биз шунчалик бепарво бўлиб қолдик? Ёки юқоридаги амалдорлар бунга кўз юмишяптими? Кимдир давлат маблағини олиб, «сув қувури ўтказамиз» деб йўлларни бузди-ю, ҳеч нарса қилмасдан кетди. Натижада эса яна оддий халқ лой кечиб юришга мажбур бўлди. Олдинги ҳолати бундан яхшироқ эди!
Тегишли идоралар бу масалага жиддий эътибор қаратиб, чиқинди ва инфратузилма муаммоларини ҳал қилиши шарт!» дея ёзмоқда Зангиоталик Элтуз обуначиси.
Ва бу сизга бугун ўқиб эшиттирганимиз бешта мактубнинг сўнггиси эди.
Кўрсатувимизга келаётган изохларда кўпинча биз билан қандай боғланиш мумкинлиги тўғрисида сўрашади. Билмаганлар учун яна бир бор эслатамиз. элтуз портали интерактив тарзда телеграм каналида алоҳида саҳифа шаклида очилган. Мурожаатлар учун у ерга махсус бот ҳам ўрнатилган. Элтуз келаётган шикоятлар, видеомурожаатлар, таклифлар ва уларга ёзилган жавобларни ҳам эътиборингизга тақдим этишга интилади. Кун давомида биз билан қолинг. Каналимизга обуна бўлинг.